Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:12

Манбалар: Мусулмонлар идораси раиси муовини иқтисодий жиноят фигурантига айланди


Тошкентдаги Минор масжиди.
Тошкентдаги Минор масжиди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Дилшод Ҳошимов иқтисодий жиноят фигурантига айлангани ортидан 18 март куни вазифасидан озод қилингани айтилди.

Дилшод Қуддусович Ҳошимов МХХнинг (ҳозир ДХХ - давлат хавфсизлик хизмати) собиқ ходимидир.

Озодликда нусхаси бўлган қарорда МХХ зобити Ҳошимов 2015 йилда президент Ислом Каримов уни "Жасорат" медали билан мукофотлагани ëзилган.

МХХ зобити Дилшод Ҳошимов тақдирлангани ҳақидаги қарор
МХХ зобити Дилшод Ҳошимов тақдирлангани ҳақидаги қарор

​Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида ишлаб келган Дилшод Ҳошимов Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг вақф ишлари бўйича ўринбосари лавозимига 2018 йилнинг августида тайинланган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада ишлайдиган бир-биридан мустақил икки манбасига кўра¸ Дилшод Ҳошимов "Вақф" хайрия жамоат фонди маблағлари ва кўчмас мулклари билан боғлиқ жиноят иши фигуранти сифатида қўлга олинган.

Манбалар Дилшод Ҳошимовнинг талон-торож ва мансабни суиистеъмол қилганликда айбланиб судгача ҳибсга олинганини айтмоқда.

Айни пайтда бу маълумотнинг расмий тасдиғи ёки инкори Озодликда йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг ўзини "матбуот хизмати вакили", деб таништирган ходимига кўра¸ “бундай маълумот хозирча йўқ”.

Айни идоранинг исмини айтмаган мулозими эса, Озодлик мухбири билан мулоқот чоғида “бу ҳақда душанба куни расман эълон қилишга келишилгани ҳақида” билдирди.

“Вақф”га ўтган тарихий бинолар қаровсиз қолган

Ўзбекистон Маданият вазирлиги жорий ой бошида Хива шаҳрига уюштирган пресс-турда "Вақф" хайрия жамоат фондига ўтказилган обидалар талон-торож қилингани ва ҳароба ҳолда эканлигига” эътибор қаратилган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ “Мусулмонлар идораси, хусусан, "Вақф" хайрия жамоат фондига ўтказиб берилган кўчмас мулклар ва таъмир учун ажратилган катта маблағ билан боғлиқ коррупцион схемалар текширилмоқда”.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил, 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Ташкилотга масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш учун давлатдан катта маблағ ажратилган.

“Вақф” ташкилотининг раҳбари Искандар Ҳалиловдир. Айни пайтда ташкилот устидан назорат Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг вақф ишлари бўйича ўринбосари зиммасига юклатилган.

Назоратнинг қайтиши

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитадаги Озодлик манбасига кўра, “шу кунларда яна бўшаб қолган” раис ўринбосари лавозими 2018 йилнинг февралидан то 2018 йил августигача бўш турган.

Бу лавозимга 1999 йили тайинланган Айдарбек Тулепов 2018 йил февралда ишдан олинганида бу ҳолат “диний идора устидан МХХ назорати тугаганига исбот” сифатида талқин қилинган эди.

2018 йилнинг июлида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага эса, олдин ИИВ тизимизда ишлаган (подполковник - таҳр.) Нуриймон Абулҳасан муовин бўлиб келганидан кейин диндорлар устидан олдингидек назорат қайтарилгани кузатилди.

XS
SM
MD
LG