Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:33

Масжидлардаги ваъзлар мавзуси яна давлат назоратига қайтарилди


Тошкентдаги "Ҳазрати имом" масжидида ҳайит намози ўқилмоқда.
Тошкентдаги "Ҳазрати имом" масжидида ҳайит намози ўқилмоқда.

Ўзбекистонликлар 21-23 август кунлари расман Қурбон ҳайитини нишонлаëтган кезда Озодликка "Тошкентнинг "Чўпонота" масжидида Қурбон ҳайити куни ноиб юқоридан тушган тезисни ўқиб бериб қўя қолгани мазмунли маъруза эшитиш орзусида келган масжид қавмини ранжитди¸ деган мазмунда шикоят келди.

Ҳайит куни маъруза қилган масжид ноиби Озодлик билан суҳбатда “диний идорадан келган тезисни нуқта-вергулигача ўзгартирмай ўқиб беришга мажбур эканлигини” тан олди.

Суҳбатдош масжиддаги ваъзлар диний идора назоратига қайтганини тасдиқлади. Жорий йил февралида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов ишдан олинганидан кейин бир муддат имомларнинг жума ваъзлари назорат қилинмай қўйган эди.

Назорат қайтди

Маҳаллий масжид ноибининг эътирофига кўра¸ шу кунларда жума ваъзлари ва умуман масжид фаолияти устидан давлат назорати олдинги ҳолатига қайтган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларидан бири 23 август кунги суҳбатида мамлакатдаги 2039 та масжид имомларига бир хилдаги жума ваъзлари тезиси жўнатилганини тасдиқлади.

Идора мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда бундай марказлашган назоратни имомларнинг мустақил равишда ваъз қилишга етарли билими йўқлиги билан изоҳлади.

Дин ишлари идорасининг Озодликка исми ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган бошқа мулозимининг айтишича¸ "етарли билими бўлмасдан қавмни чалғитадиган имомлар ишдан олинган".

Мулозимга кўра¸ хусусан¸ Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов “тасдиқланмаган хабарларни тарқатганликда” айбланиб¸ ишдан олинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг Озодликка билдиришича¸ кейинги икки ой ичида ўнлаб имом¸ жумладан Фарғона тумани бош имом-хатиби Ҳасанбой Ашуров¸ Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳим Пўлатов каби имом-хатиблар хам ўз чиқишларидаги “хато-камчиликлар боис” ишдан бўшатилган.

Эркинликнинг беш ойи

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг исми айтилишини истамаган мулозимига кўра¸ “жорий йил февралидан бошлаб июлгача 5 ой мобайнида масжидлар назоратсиз фаолият кўрсатган”.

- Июль ойида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига ДХХ зобити Дилшод Ҳошимов ўринбосар қилиб тайинланди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига эса олдин ИИВ тизимизда ишлаган (подполковник - таҳр.) Нуриймон Абулҳасан муовин бўлиб келганидан кейин олдингидек назорат қайтарилди. Буни мен ижобий деб биламан. Чунки беш ой мобайнида масжид имомлари оғзига эрк бериб¸ ҳар хил гапларни ҳам айтишди. Идора раҳбарларини менсишмади. “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов масжид тартиб-интизомига риоя этмади¸ Россиядаги меҳнаткаш ўзбекларни дангаса деб атаб қовун туширди. Кейинги икки ой ичида ўнлаб имомларни ишдан олдик. Интизом яхшиланди¸ дейди суҳбатдош.

Назоратда ушланган мусулмонлар

Мусулмонлар идораси вакили Озодлик билан билан суҳбатда "Ўзбекистон шароитида масжид фаолияти назоратда ушлансагина¸ улар ижобий фаолият кўрсатади”¸ деган гапни алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига оид нашрларда узоқ вақт ишлаган¸ идорани ичидан билган ëзувчи Нурилла Отахоновнинг 23 август куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб¸ “диний фаолиятни мувофиқлаштирадиган қандайдир давлат тизими бўлиши зарурлигини айтади”:

- Агар шундай бўлмаса, 90-йилларда кўрганимиз каби бир масжид қавми иккинчи масжидга қарши қилич кўтариб чиқади. Агар диний идора раҳбарият ўрнида бўлганимда, мен ҳам имомларга тезис берган бўлар эдим. Чунки улар амал-тақал қилиб ўқишни тугатишган. Ваъз қилишга на диний ва на дунëвий саводи етмайди¸ дейди ëзувчи.

Ëзувчи Нурилла Отахонов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:10 0:00

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги ойларда “диний эркинлик берилди дея¸Толибон руҳидаги чақириқлар қилинишидан давлат ҳақли равишда хавотирга тушган”.

Мусулмонларга танлов беринг!

Тошкентнинг Учтепа туманидаги "Чўпонота" масжида жума ва ҳайит номозларини адо этиб келаëтган 56 яшар Қамариддин Қурбонов Озодлик билан 23 август кунги суҳбатда "мусулмонларнинг назорат остида ибодат қилиши ва тепадан туширилган зерикарли нутқларни эшитишга маҳкум бўлишини" ëқламаслигини билдирди:

- Бизда ҳам танлов бўлсин. Масалан¸ ТВда турли каналларни бураб¸ истаган нарсангни кўрсанг бўлади. Биз эса фақат диний идорадан тушган тезисни эшитишга мажбурмиз. "Чўпонота" масжидида номоз қилмай "Новза" мажидига борсак ҳам айни матнни эшитсак¸ танлов бўлмайдику. Кечагида "Чўпонота " масжидида қилинган маърузанинг ëзиб олинган аудиоси ҳам бор - эшитиб кўрсангиз биласиз савия нақадар ғариблигини. Қачонгача бундай чаласаводлар ибодатни бузади. Буларни назорат қиладиган борми? Вақф фонди тузилиб махсус эҳсон қутилари ва электрон назорат қурилмалар борлигига қарамай, ҳали ҳам эскичасига маъруза вақтида қоплар кўтариб эҳсон йиғишди¸ дейди Ўзбекистон ҳукуматининг динни назорат қилиш сиëсатини маъқулламаган Қамариддин Қурбонов.

Ўзбекистон - ҳамон эътиқод эркинлиги чекланган давлатлар рўйхатида

АҚШ Давлат департаментининг 2018 йил 28 май кунги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинлик ҳамон чекланган давлатлар рўйхатида қолдирилди.

"Янги раҳбарият ўтган бир ярим йил ичида вазиятни тузатишни бошлади, лекин жараён секин", дейилади сўнгги ҳисоботда.

Муаллифларга кўра¸ ўзбекистонликлар ўзлари истаган динга сиғиниши, амал қилиши мумкин¸ лекин диний тарғибот, диний адабиётлар, диний уст-бош, диний фаолият, диний тадбирлар ва уюшиш чекланган.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери диний сиëсатда бошланган ўзгаришлар эътироф қилинган ҳисоботда нодавлат ташкилотлари ва ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотларга асосланиб қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган йили ўсмирларга ҳам масжидга боришга рухсат берилган¸ масжидларга нисбатан босим пасайган. Оқибатда 763 диний маҳбус президент томонидан авф этилган.

Айни пайтда¸ ҳуқуқ ташкилотлари таъкидлаëтган яна тахминан 7000 диний маҳбуснинг қамоқда қолаëтгани сабаб¸ Ўзбекистон АҚШ ҳукумати назарида ҳамон «алоҳида хавотирга молик давлат» сифатида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG