Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Украина разведка хизмати: Президент сайлови давомида Россия киберҳужумлар уюштирмоқчи


Украина президенти сайлови 31 мартда ўтказилади.
Украина президенти сайлови 31 мартда ўтказилади.

Украина 31 мартга белгиланган президент сайлови давомида мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли киберҳужумларга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Украина Хорижий разведка хизмати (СЗРУ) билдирди

СЗРУ 27 мартда эълон қилган билдирувда “Россия президент сайлови куни жараён легитимлигига путур етказиш мақсадида Украина Марказий сайлов комиссияси ҳамда туман сайлов комиссиялари серверларига мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли киберҳужумларни амалга оширишга бел боғлаган”, дейилади.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлаганидан кейин Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар совиб кетди.

Киев Россияни бундан аввал ҳам ўз компьютер тармоқлари ҳамда энергия инфратузилмаларига ҳужум қилишда айблаган. Масалан, 2015 йилги киберҳужум ортидан ғарбий Украинада электр энергияси таъминоти қисқа муддатга узилиб қолган эди. Ўшанда Украина ҳужум ортида Россия турганини иддао қилган эди.

Европа Иттифоқининг дезинформацияга қарши курашувчи гуруҳи ҳам сайлов арафасида Украинани Россиянинг “одатий агрессияси” ҳақида огоҳлантирди.

Украина президенти сайловида 29 номзод беллашади. Сайловолди сўровлари амалдаги президент Петро Порошенко, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ҳамда актёр ва қизиқчи Владимир Зеленский олдинда эканлигини кўрсатмоқда.

Агар сайловда бирорта ҳам номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, 21 апрелда сайловнинг иккинчи тури ўтказилади.

Россия Украина сайловларига аралашганини рад этиб келади.

31 март куни Россия дастаклаб келаётган айирмачилар бошқарувидаги ҳудудларда президент сайлови ўтказилмайди.

Юқорида тилга олинган етакчи номзодларнинг барчаси Россияга қарши курашишни ҳамда Ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатишни ваъда қилмоқда.

Россия ҳакерлари Украина сайловларига аралашган ҳолатлар бундан олдин ҳам кузатилган. 2014 йилда ҳакерлар сайлов инфратузилмасига ҳужум қилиб, аҳоли фикрини ўзгартириш мақсадида сохта хабарларни тарқатган эди.

26 март куни Facebook Россияга алоқадор 1907 дан ошиқ сохта гуруҳлар ва ҳисоблар ўчирилганини маълум қилди. Ширкат билдирувига кўра, Россияга алоқадор бу ҳисоблар Украина сиёсатига алоқадор спам материалларни тарқатган.

XS
SM
MD
LG