Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Қирғиз собиқ Бош прокурори “Қонундаги ўғри”ни қамоқдан бўшатишда айбланиб қўлга олинди


Собиқ Бош прокурор Аида Салянова.
Собиқ Бош прокурор Аида Салянова.

Собиқ Бош прокурор Аида Салянова “Қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадор кўрилиб, 3 июнь куни ҳибс қилинди.

Маълум бўлишича, у 3 июнь куни Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилган. Сўроқдан сўнг терговчи уни гумонланувчи сифатида ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган.

Салянованинг ҳибс қилингани ортидан Ички ишлар вазирлиги биноси олдига парламентдаги “Ата Мекен” фракцияси раиси Алмамбет Шикмаматов, депутат Наталья Никитенко ва мустақил депутат Жанар Акаев етиб келдилар. Айтиб ўтиш жоизки, Аида Салянова “Ата Мекен” партияси аъзоси ҳисобланади.

-Собиқ ҳарбий прокурор Майрамбек Акматалиев икки кун Миллий хавфсизлик қамоқхонасида ўтирганидан сўнг тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлибди. У терговга: “Мени бўшатасизлар, мен кўрсатма бераман”, деб айтибди. Унга кўра, Батукаевни қамоқдан бўшатиш тўғрисида Салянова кўрсатма берган экан. Бугунги терговда Салянова Акматалиев билан юзлаштирилди, лекин ҳар бирининг кўрсатмаси бир-биридан фарқ қилмоқда. Ҳозир бир томонлама бўлиб, бу одамнинг гапи тўғри, буники нотўғри деб айта олмаймиз. Буни суд тергови аниқлаши лозим, - деди “Ата Мекен” фракцияси раиси Алмамбет Шикмаматов.

Аввал Аида Салянова “Қонундаги ўғри” Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатилишига мутлақо алоқаси йўқлигини Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдирган эди.

-Бу масалада мен, ноқонуний бир иш бўлиб қолмаганмикин деган нуқтаи назардан, прокуратуранинг ҳаракатларини жуда диққат билан ўрганганман. Прокуратура томонидан ҳеч қандай ноқонуний иш қилинмагани аниқланган, - деган эди Аида Салянова.

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов ҳам 21 май куни «Қонундаги ўғри» Азиз Батукаевга қамоқдан чиқишга кўмаклашганликда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Аввалроқ Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш доирасида Бишкекда беш нафар таниқли шифокор, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева ва Жазони ўташ бўйича давлат хизмати раисининг маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев қамоққа олинган.

Оғир жиноятни содир этганликда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган «Қонундаги ўғри» Азиз Батукаев 2013 йилда «саратон касалига чалинган ва яқин кунларда вафот этади» деган ташхис асосида суд ҳукми билан қамоқдан бўшатилган эди. У ўша куниёқ тарихий ватани Чеченистонга учиб кетган.

Бироқ орадан 6 йил ўтгач бу ташхис соҳта бўлгани ва Батукаев қамоқдан ноқонуний бўшатилгани юзасидан жиноят иши очилди.

Бундан аввал парламент депутатлари ва жамоатчилик Батукаевнинг қамоқдан бўшатилиши қанчалик қонуний бўлганини текширишни талаб қилиб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG