Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:14

Tashkent City қурилишида турк ширкатидан алданган ишчилар пулини талаб қилмоқда (ВИДЕО)


APEX İNŞAAT фирмасининг Тошкентдаги офиси.
APEX İNŞAAT фирмасининг Тошкентдаги офиси.

Tashkent City қурилишида иштирок этган Туркиянинг APEX İNŞAAT ширкатида ишлаган бир гуруҳ ишчилар ойлик маошлари берилмагани иддаоси билан Озодликка мурожаат қилди.

Ишчилар ҳисоб-китобига кўра, камида 45 ишчининг жами 140 миллион сўмлик иш ҳақи ҳозирга қадар тўланмаган.

Турк ширкати фаолиятидан яхши хабардор мулозимнинг айтишича, ҳозирда ушбу ширкат эгаси Ўзбекистондан қочиб кетган, ширкат устидан судга мурожаат қилинган.

Бу ширкатнинг Ўзбекистондаги бош офиси муҳрлангани боис¸ Озодлик мухбири улар билан боғлана олмади.

“700 долларлик ойлик ваъдасига ишондик”

Қорақалпоғистоннинг Элликқаъла тумани Боғёп қишлоғида яшовчи 46 яшар Илҳомбек Нуриллаев ҳам APEX İNŞAAT (APEX CONSTRUCTION) фирмасида ишлаб пулини ололмаган ишчилардан бири.

APEX İNŞAAT фирмаси собиқ ишчиси Илҳомбек Нуриллаев.
APEX İNŞAAT фирмаси собиқ ишчиси Илҳомбек Нуриллаев.

- Менинг ўзимнинг 5 миллион сўмдан ортиқ пулим берилмаган.

Илҳомбек Нуриллаев APEX İNŞAAT фирмасига жорий йилнинг 6 март куни 700 долларлик ойлик ваъдасига ишониб ишга кирган.

- APEX фирмаси Tashkent City дан объект олган. Субподрядчик. Сувоқ қилдик, мармар ишларини қилдик. Олдин 30 та турк келди. Жами ўзбеклар билан 70та ишчи бор эди. Договорда ҳаммаси ёзилган: Вақтида ойлик берилади, деб. Долларда гаплашилган. 700 доллар ойлик. Курс бўйича сўм беради лекин.

Нуриллаев шартнома нусхасини Озодликка тақдим қила олмади. Унинг айтишича, шартнома имзоланган, бироқ унинг нусхаси ишчиларга берилмаган.

APEX İNŞAAT фирмасида ишлаган ва Озодлик суҳбатлашган бошқа учта ишчи ҳам Нуриллаев айтганларини тасдиқлади.

“Биринчи ойликни иш ташлагач, беришди”

Илҳомбек Нуриллаевга кўра, март ойининг ойлиги ўз вақтида берилмагач, фирманинг 50 ишчиси иш ташлаган.

APEX İNŞAAT фирмасининг Тошкентдаги офиси
APEX İNŞAAT фирмасининг Тошкентдаги офиси

- Тўполон қилдик. Иш ташладик. Икки кун ишга чиқмадик.

Ишчиларнинг норозилик акциясидан сўнг, уларнинг март ойи ойлиги берилган. Бироқ май ойига келиб, яна апрель ойининг ойлиги берилмагач, Илҳомбек Нуриллаев ишдан кетганинини айтади.

- Турк ишчиларининг ўзи икки ой ойлигини олишмади. Улар кейин иш ташлаш қилишни бошлашди. Мен 10 май куни ишдан кетдим.

APEX İNŞAAT фирмаси фаолиятидан яхши таниш мулозимнинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, ушбу фирма ўзбекистонлик камида 45 ишчининг жами 140 миллион сўм маошини бермаган. Шунингдек, 30 нафар турк ишчиси ҳам икки ойлик пулини ололмаган.

“Фақат ёвғон шўрва ичдик”

Озодлик суҳбатлашган ишчиларга кўра, улар Tashkent City қурилишида иштирок этган пайтда ишчилар учун мутлақо шароитлар бўлмаган.

- Овқатланиш яхши эмасди. Эрталаб чой беради. Гурунчли ош беради ёки макарон шўрва беради. Ҳафтасига бир марта икки ноннинг ўртасига кичкина бўлак ёғ суртиб беради. Нечта одам шикоят қилган, фойдаси йўқ. “Ёқса шу, ёқмаса чиқиб кетавер”, деб қўйишган,- дейди Нуриллаев.

Озодликка APEX İNŞAAT фирмаси ишчиларидан жўнатилган видеода овқатланиш пайти акс этган ва унда ишчилар овқатда умуман гўшт йўқлигидан шикоят қилишган.

"Битта вагонда 18 киши ётдик. Кунига 10 соатлаб ишладик. Шароит ёмонлигидан кўп марта шикоят қилдик. Бироқ фойдаси бўлмади", дейди исмини очиқламасликни сўраган APEX İNŞAAT фирмасининг собиқ ишчиларидан бири.

Ишчилар мурожаати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:32 0:00

“Турк фирмаси хўжайини қочиб кетди”

Турк фирмаси фаолиятидан хабардор мулозимга кўра, APEX İNŞAAT фирмаси Тошкентдаги фаолиятини жорий йилнинг март ойидан бошлаган ва май ойига келиб, фирма ёпилган.

“Бу фирмани иккита турк очган. Фирма эгаси туркиялик Мехмет Чалишкан исмли шахс, унинг ватандоши Эрдам Гўзалгун ҳаммуассис эди”, деди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Озодлик APEX İNŞAAT фирмасининг расмий вебсайти- www.apex-insaat.com да Тошкентдаги офисининг телефон рақамларини топди. Бу рақамларга 24 июнь куни бир неча бора қўнғироқ қилинди, бироқ телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Шундан сўнг Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири APEX İNŞAAT сайтида берилган фирма манзили – Тошкентнинг Яккасарой тумани Бобур кўчаси, 40В уйга борди.

Мухбир жўнатган суратда фирма эшиги қулфлангани ва эшикка “Муҳрланган” деган ёзув ёпиштирилганини кўриш мумкин.

Ушбу фирма фаолиятидан яхши таниш мулозимнинг таъкидлашича, ҳозирда APEX İNŞAAT фирмасининг туркиялик эгаси Ўзбекистонни тарк этган.

“Мехмет Чалишкан қочиб кетди. У Туркиядан олиб келган 30 ишчига Тошкентдаги бошқа бир турк фирмаси кўмагида йўл кираси тўлаб берилди. Улар Туркияга учиб кетишди. Лекин Чалишкан ҳақида бирор маълумот йўқ”, деди мулозим.

Озодлик мухбири APEX CONSTRUCTION фирмасининг Туркиядаги бош офисини излаб, айни номда фаолият юритаётган ширкатни топди. Ушбу ширкат сайти - www.apex-const.comда берилган 2та телефон рақамига қўнғироқ қилди. Бироқ рақамлар факсга улангани сабаб, бирор мулозим билан боғланиш имкони бўлмади.

Истанбулнинг Бейликдузи туманида жойлашгани қайд қилинган ушбу ширкатнинг хорижий давлатларда амалга оширган қурилиш лойиҳаларини Тошкентдаги турк фирмаси сайтида берилган лойиҳалар билан солиштирсангиз уларнинг бир хил эканига гувоҳ бўласиз.

Google орқали излаганимизда linkedin.com тармоғида Мehmet Сalişkan профили эгаси 1998 йилдан буён APEX İNŞAAT ширкати раҳбарлигида ишлаётганини қайд этган. Саҳифада APEX İNŞAAT сайтидаги лойиҳалар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Хабар жўнатиш тугмаси ёпилгани сабаб, профил эгасига бирор маълумот қолдириш имкони бўлмади.

Иш судда

Озодлик мухбири 24 июнь куни Tashkent City дирексияси директори Шерзод Ҳидоятовга Telegram орқали мурожаат қилиб, APEX İNŞAAT фирмаси борасида маълумот сўради.

Бироқ 25 июнь туш пайтига қадар Ҳидоятовдан бирор маълумот келгани йўқ.

Озодлик турк фирмаси борасида Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизматига ҳам мурожаат қилди.

Орадан ўтган 24 соат давомида матбуот хизмати Озодлик сўровига ҳеч қандай кўринишда жавоб бергани йўқ.

Турк фирмаси фаолиятидан яхши таниш мулозимнинг таъкидлашича, Шайхонтоҳур туман прокуратураси APEX İNŞAAT фирмаси ишчилари шикоятини ўрганиб, яқинда ишни судга оширган.

Фирманинг собиқ ишчиларига кўра, 24 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида уларнинг шикоятини кўраётган ҳакам навбатдаги маҳкама йиғилишини ўтказган.

XS
SM
MD
LG