Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Ноҳақ ҳибс этилганини айтаётган бухоролик тадбиркор очлик эълон қилди (ВИДЕО)


Раҳим Хўжаев Бухоро шифохонасида
Раҳим Хўжаев Бухоро шифохонасида

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди қарори билан тергов якунига қадар ҳибсга олинган 60 яшар тадбиркор Раҳим Хўжаев очлик эълон қилди.

Озодликка юборилган видеотасвирда суд залидан олиб чиқилаëтган Хўжаев ўзига қарши махсус буюртма асосида жиноят иши очилганини айтиб қичқиради.

Вилоят прокуратураси Раҳим Хўжаевни катта миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбламоқда.

Озодликка судланувчи яқинлари томонидан тақдим этилган видеотасвирда суд залидан ички ишлар ходимлари қуршовида олиб чиқилаётган Раҳим Хўжаев:

- Мен очлик эълон қиламан. Ўзимни ўлдираман. Айтинглар, мени Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев қаматаяпти! - деб қичқиради.

Бухоролик тадбиркор Раҳим Хўжаев очлик эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

Раҳим Хўжаевнинг синглиси Ҳалима Хўжаеванинг Озодликка айтишича¸ акаси 2003 йилда Бухородаги банкрот бўлган Исмоил Фозилов номидаги трикотаж фабрикаси акцияларини давлатдан 1,2 миллиард сўмга сотиб олган.

- Бу ширкат хусусий мулк бўлаяпти. Акам тарқаб кетган фабрика қарзларини, солиқларини тўлиқ тўлаб берган, у бу фабрикада зардўзлик ишларини кенгайтирмоқчи бўлган. У инвестор излаб, 2019 йилда Тошкентда 48 миллион долларли сармоя киритмоқчи бўлган одамни топганида, вилоят ҳокими иморатни бошқа кишига бериб юбораяпти, дейди Ҳалима Хўжаева.

Ҳалима келтираётган ҳужжатлардан 19 минг кв.м. майдонда жойлашган 4 қаватли бино ва унга туташ бўлган ер участкасига Хўжаевлар оиласига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилганини кўриш мумкин.


Бухоролик аёл ҳокимлик акасига “бинони ишлатмаганинг, инвестиция киритмаганинг учун” важи билан хусусий бўлган фабрика ерларини тортиб олганини иддао қилди.

Раҳим Хўжаев ҳозирда Бухоро Зардўзлик фабрикасига ҳам раҳбарлик қилиб келгани айтилди.

Раҳим Хўжаев Бухоро вилоят прокуратураси талаби билан 13 сентябр куни ҳибсга олинди. Хўжаевнинг яқинларининг иддао қилишича, ҳибсга олиниши пайтида 60 ёшли тадбиркор калтакланиб, вилоят прокуратурасига олиб кетилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Раҳим Хўжаевнинг интернет тармоқларида тарқалган видеомурожаати юзасидан расмий маълумот тарқатди.

Р.Ходжаев фуқаро М.Б.га уй жой қуриш учун “И.Фозилов” МЧЖ ҳудудидан ер участкаси ажратиб бериш эвазига ундан фирибгарлик йўли билан 17.500 АҚШ доллари олиб, участка ажратмасдан ҳамда пул маблағларини қайтариб бермасдан келаётганлиги ҳолати юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан жорий йилнинг июль ойида “И.Фозилов” МЧЖ таъсисчиси Р.Ходжаев ва жамият раҳбари М.Гулямоваларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади расмий хабарномада.

Прокуратура Раҳим Хўжаевни фақатгина саноат ишлаб чиқариш корхоналари қуриш мумкин бўлган давлат ерларида уй-жой қуриш учун ер участкаларига муҳтож бўлган бир неча фуқароларга “2015-2016 йиллар давомида ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда фирибгарлик йўли билан 88.000 АҚШ долларига сотганлик” айбловини эълон қилди.

Бироқ, Раҳим Хўжаев ҳибсга олинишидан олдинроқ Интернет тармоқларида президент Шавкат Мирзиеев номига қилган бир қанча видеоларида бу айбловларни қатъиян рад этганини кўриш мумкин.

У хусусий ерларга айлантирилган фабрика ҳудуди ҳокимият ва тегишли бошқа идоралар рухсати билан трикотаж фабрикаси акциядорларига участка сифатида берилганини айтиб, бу амаллар ҳаммаси ҳокимият назорати остида бўлганини тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини билдирган.

2 гуруҳ ногирони ва Афғон уруши қатнашчиси экани айтилган Раҳим Хўжаев прокуратуранинг “қочиб юргани” тўғрисидаги иддаоларини ҳам рад этиб, у 13 сентябр куни шифохонанинг кардиология бўлимидан олиб кетилганини очиқлади.

Бухоролик тадбиркорнинг ҳимоячиларидан бири Раҳим Хўжаев ҳақиқатан ўзига нисбатан бошланган босим ва ноҳақликларга қарши очлик эълон қилганини Озодликка тасдиқлади.

У суд ҳаками Раҳим Хўжаевдан 175 миллион зарарни қоплаб беришни сўраётганини маълум қилиб, прокуратура тадбиркорга нисбатан қатор моддалар асосида жиноят иши очганини гапирди:

- Раҳим Хўжаевга нисбатан 168 модда 3 қисми (Фирибгарлик), 209 модда 2 қисми (Мансаб сохтакорлиги), 228 модда 2 ва 3 қисмлари (Ҳужжатларни қалбакилаштириш) асосида прокуратура айблови қўйилган. Ундан ташқари, унга 139 (Туҳмат) ва 140 (Ҳақорат) моддалари асосида ижро ҳокимият вакилларига нисбатан ҳақорат ва бўҳтон билан чиқиш айблови ҳам қўйилди. Ҳамда у 219 чи “Ҳокимият вакилига нисбатан қаршилик кўрсатиш” моддаси бўйича ҳам айбланди. У киши “Очлик эълон қилганман, ноҳақлик ва адолатсизлик бўлгани учун” деди.

Адвокат 20 сентябр куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш санкцияси масаласи Бухоро вилоят судида қайта кўриб чиқилишини билдирди.

У жиноят иши терговчи аллақачон якунлангани ва материаллар судга ўтказилиши кутилмоқда, деди.

XS
SM
MD
LG