Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:16

Самарқанд ҳокими ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган уйни бузмоқчи. Маданият вазирлиги қарши.


Самарқанд Амир Темур кўчасидаги тарихий уй.
Самарқанд Амир Темур кўчасидаги тарихий уй.

29 октябрь куни Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган, 1904 йили қурилган ва халқ орасида “Николаевский” деб аталадиган ғиштдан қурилган тарихий бинони "бузилсин" деган ҳужжатни бино эгасига олиб келиб беришди. Озодликда нусхаси бўлган бу 437 рақамли ҳужжатга Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов жорий йилнинг 28 октябрь куни имзо чеккан.

29 октябрь куни Озодлик билан гаплашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозими “Бузилган бино учун катта товон ваъда берилгани ва бино бузилиши Тиббиëт институти қурилиши учун зарурлигини” айтди.

Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш давлат инспекцияси ходимининг айтишича¸ “Самарқанд тарихий марказидаги ЮНЕСКО рўйхатига кирититилган ҳудудда олиб борилаëтган бузиш ишлари Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг 30-¸ 32- ва 33- моддаларига зиддир.

Жорий йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова раислигида ўтган йиғилиш мулк эгаси, Исроил давлати ватандоши Михаэл Шор (Shoor Michael ) талабини кўриб чиқиб, бинони “Тарихий фон иншооти” деб топган ва “бино сақлаб қолиниши керак” деган хулоса берган эди. Михаэл Шор шу кунда Самарқандда.

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиевга кўра¸ бу бино ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган ва умумий манзарани таъминловчи бинони бузиш шаҳар ҳокимининг ваколатига кирмайди:

- Суд қарор чиқарса ҳам уйни буза олмайсиз. Чунки уй ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган. Иккинчидан, 1904 йилда қурилган бу.тарихий бино 2010 йилгача қўриқланадиган тарихий бинолар рўйхатида эди. 2010 йили маҳаллий мулозимлар бино таъмирдан сўнг тарихий аҳамиятини йўқотди деб комиссия йиғилиши қарори асосида рўйхатдан чиқаришди. Лекин Маданий меросни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими бу борада ҳеч қандай йиғилиш қилмаган. Маданият вазирлиги шу кунларда бинони “тарихий фон иншооти” деган тасниф билан рўйхатга қайтармоқчи.

Бино эгаси Михаэл Шор ўз мулкини ҳимоя қилиш учун Исроилдан Самарқандга шу ой бошида етиб келган эди. У Озодлик билан суҳбатда ҳоким қарори устидан шикоят қилишини билдирди.

Самарқанд шаҳрининг ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган Амир Темур кўчасидаги 14- уй 2010 йилда таъмирланган ва ғиштин деворлари 90 фоиз сақланган. Бино эгасининг Озодликка айтишича¸ бу уйда Самарқанд шахридаги илк рессорли кареталар тармоғи раҳбари яшаган.

Товон ваъда қилинди

Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқуловнинг ëрдамчиси Озодлик билан суҳбатда бино учун товон тариқасида нотурар жойнинг бугунги кундаги бозор нархида 1.121.000 258 сўм (Бир миллиард бир юз йигирма бир миллион икки юз эллик саккиз сўм) пул таклиф қилинганини билдирди.

- Бинода менинг бувим яшаган. Хусусий мулкимиз. Қолаверса Самарқанд манзарасининг бир қисми. Бу шаҳарда ЮНЕСКО ва Маданият вазирлиги кучлими ëки шаҳар ҳокимими? Нега бузилиши керак? - деди Шор.

Бино эгаси Михаел Шор “товон эвазига уйни бузишга изн бермаслигини” Озодликка билдирди.

Суҳбатдошга кўра, ўз уйига ëндош ЮНЕСКО ҳимоясидаги турар-жойлар бузилиб бўлинган

Унинг яна айтишича, қадимий почта биносининг бир қисми ва унга ëндош ҳудуддаги турар-жойлар ўтган йилнинг “25 июль куни қонунга зид тарзда экскаваторлар билан бузиб ташланган".

Маданий меросни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими вакили Озодликка “маданий мерос обидаси сифатида давлат ҳимоясига олинган почта биносининг бир қисми бузиб юборилган”ни айтди: Унинг Озодликка айтишича, “ Амир Темур ва Почта кўчаларидаги бутун бинолар ХХ аср маданий мерос обидаси сифатида давлат муҳофазасига олинган. Давлат мулозимлари буни билади”.

Президент қарорига биноан..

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозими бузиш ишлари Ўзбекистон президентининг ПК-3507 қарорига асосан амалга оширилганлигини билдирди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда Амир Темур ва Почта кўчасидагиги бузилишлар "ҳоким қарорига кўра¸ мутлақо қонунга биноан" амалга оширилаëтганини айтди:

- Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов жорий йил 11 майда имзо чеккан 823- қарорга кўра бузилмоқда. Бу қарорнинг иловасида бузилаëтган бинолар аниқ кўрсатилган. Қарор Ўзбекистон президентининг 2018 йил, 3 февралдаги 3507- қарори асосида қабул қилинди.

"Турар ва нотурар-жой биноларини бузиш тўғрисида", деб аталадиган шаҳар ҳокими қарорининг иловасида Амир Темур кўчасидаги 14- уй бузилиши аниқ кўрсатилган. Ҳокимлик мулозими тақдим қилган ҳужжатларга кўра¸ бузилган қадимий бино яқинида Самарқанд Тиббиëт институтининг беш қаватли иморати қурила бошланган.

Ҳоким қарори қонунга зидми?

Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш давлат инспекцияси ходимининг айтишича¸ “Самарқанд тарихий марказидаги ЮНЕСКО рўйхатига киртитилган ҳудудда олиб борилаëтган бузиш ишлари Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг 30-¸ 32- ва 33- моддаларига зиддир.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, ўтган йили Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борган ва бунга билатуриб рухсат берган ўндан ортиқ мулозим ҳам ҳибсга олиниб, уларга суд ҳукми билан турли жазолар берилган.

XS
SM
MD
LG