Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:30

OzodTa’sir: Сайловда қатнашишдан бош торттирилган номзодлар қайта тикланди


Косондаги сайлов участкаларидан бири(koson.uz)
Косондаги сайлов участкаларидан бири(koson.uz)

Қашқадарё вилоят, халқ депутатлари Косон туман Кенгашига сайловда номзоди қайтариб олиниши ҳақида мажбурий ариза ёзиб берган номзодларга 22 декабрь куни овоз берилди.

Озодлик депутатликка номзоди қўйилган мулозимлардан ўз номзодини қайтариб олиш ҳақида мажбурий ариза ёздириб олингани ҳақида 20 декабрь куни хабар берган эди.

22 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган номзодларнинг айтишларича, улар сайлов комиссиясига 21 декабрь куни чақиртирилиб, аризалар бекор қилингани, номзодликка қайта тиклангани ҳақида хабар беришган.

Айни пайтда, Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси Озодлик тилга олган Ғайрат Боймирзаев номзоди сайлов бюллетенидан олиб ташланмагани ва у қонуний равишда сайловларда депутатликка номзод сифатида иштирок этиши ҳақида баёнот берди.

Косон туманидаги Айрончи МФЙ раиси Ғайрат Боймирзаев 20 декабрь куни Озодликка берган интервьюсида туман ҳокими ўринбосари Убайдулло Очилов ундан сайловда қатнашишдан ихтиёрий воз кечиш ҳақида ариза ёздириб олгани ҳақида гапирган эди:

- Қарийб ўттиз йилдан буён ҳокимият тизимида ишлайман. Туман ҳокимининг муовинлари унинг номидан иш қиляпти. Мен ЎзЛиДепдан - президент партиясидан номзодимни қўйган эдим. Ҳамма нарса ҳокимиятнинг қўлида бўлганидан кейин шундай бўлади экан, партияда рол борми? Йўқ! Гапимни ёзиб олиб, президентга қўйиб беринглар. Президентим учун, халқим учун жонимни бераман. Биз сайловчилар билан учрашдик, дастурларимиз билан халқни таништирдик. Ҳаммага маъқул бўлди. Энди эса мажбуран олдиртиряпти, олмасанг эртага ишлагани қўймаса, нима қилиш керак? Менинг ўз номзодимни қўйишимга конституциявий ҳаққим бор. Энди, костюмимни елкамга ташлайманда, Ўзбекистондан чиқиб кетаман. Бундай ёлғон, муттаҳам, ўғри замоннинг кераги йўқ менга! Мен раисликдан уяламан, ор қиламан энди!”

Қашқадарё вилоят сайлов комиссияси бу ҳолатни ўрганиб, чиқиб 21 декабрь куни шундай баёнот берди:

“Ғ.Боймирзаев Халқ депутатлари Косон туман Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган бўлиб, ҳозирда ҳам унинг номзоди сайлов бюллетенидан олиб ташланмаган ва у қонуний равишда сайловларда депутатликка номзод сифатида иштирок этади.

Аудиоёзувдаги мансабдор шахсларнинг сайлов жараёнларига ноқонуний аралашуви ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, ОАВ ларга ёлғон ахборот берилган-берилмаганлиги ҳолатига баҳо берилиши учун ўрганишда тўпланган ҳужжатлар Косон тумани прокуратурасига тақдим этилди".

Озодлик 22 декабрь куни Айрончи МФЙ раиси Ғайрат Боймирзаев билан боғланганда, у номзоди сайловда иштирок этиш учун қайта тикланганини айтди:

“Кеча чақиришди, номзодимни қайта тиклаб, ҳозир қонуний сайлов бўляпти. Фақат меникини эмас, бошқаларникини ҳам тиклаворди. Ҳозир аҳоли битта-битта келиб, қайддан ўтиб овоз беряпти, ҳаммаси яхши”.

20 декабрь куни туман ҳокимлигида ишлайдиган мулозимлардан бири, Озодликка номзодлари сайловдан олиниши шарт бўлган 14 нафар номзоднинг исм-фамилияси ёзилган рўйхатни тақдим қилган эди.

Озодлик билан 22 декабрь куни суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган номзодлардан бири ҳам сайлов комиссиясига чақиртирилиб, сайловда бемалол қатнашиши мумкинлиги ҳақида унга хабар берилганини айтди.

Озодлик 19 декабрь куни номзоди Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз шаҳар халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган тадбиркор Муҳаббат Насруллаеванинг исм- фамилияси номзодлар рўйхатидан ўчирилгани ҳақида хабар берган эди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Муҳаббат Насруллаевага кўра, ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими мулозимлари бу ўзгартириш шаҳар ҳокимлиги томонидан бўлганини иддао қилишган.

Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси баёнотида, бу ҳақда шундай дейилган:

"Шунингдек, хабарда гўёки Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар Кенгашига депутатлигига номзоди қўйилган тадбиркор Муҳаббат Насруллаеванинг исм-фамилияси шаҳар ҳокимлиги томонидан ўчирилганлиги таъкидлаб ўтилган.

Сайлов кодексининг 91-моддасида маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш фақат сиёсий партиянинг мутлоқ ваколати, бошқа ҳеч қандай ташкилотга, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимият идораларига бундай ҳуқуқ берилмаган.

Халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар Кенгашига ҳеч қайси сиёсий партия томонидан Муҳаббат Насруллаеванинг депутатликка номзоди кўрсатилмаган, Шаҳрисабз шаҳар сайлов комиссияси томонидан уни номзоди рўйхатга олинмаган".

XS
SM
MD
LG