Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:41

Элчихона Хитойдаги ўзбек талабалари вазияти назоратга олинганини билдирди


Элчихона Хитойдаги ўзбек талабаларига махсус ниқоблардан фойдаланишни тавсия қилади.
Элчихона Хитойдаги ўзбек талабаларига махсус ниқоблардан фойдаланишни тавсия қилади.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси коронавирус сабаб карантин қилинган шаҳарлардаги ўзбек талабалари вазияти тўла назоратга олинганини билдирди.

24 январь куни Озодликка мурожаат қилган Хитойдаги ўзбек талабалари мушкул вазиятда қолгани, озиқ-овқатдан қийналаётганидан шикоят қилганди.

Консул Бобур Яҳёев Хитойдаги ўзбекистонлик талабаларни ваҳимага тушмасликка чақириб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам бериш учун 24 соат алоқада эканини таъкидлади.

Озодлик Хитойдаги ўзбекистонлик талабалар билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасига боғланди.

Консул Бобур Яҳёев ўзбек талабалари вазияти тўлиқ назоратга олинганини билдирди:

"Вазият тўлиқ назоратга олинган! Ватандошларни тезкор расмий маълумотлар билан хабардор қилган ҳолда, ўз вақтида консуллик ҳуқуқий маслаҳатлари бериб турибмиз!

Фуқароларимиз консуллик хизматидан самарали фойдаланишлари, зарур консуллик-ҳуқуқий маслаҳатларни олиши учун элчихонада барча шароит яратилган.

Ватандошлар консулликнинг +86 135 1102 4242 мобил рақамига суткасига 24 соат давомида қўнғироқ қилишлари мумкин".

Хитойда коронавируснинг янги тури тарқалишда давом этмоқда. Вирус тарқалиши бошланган Ухан шаҳрида ҳозиргача камида 6 одам коронавирус оқибатида ўлди.

Расмий маълумотга кўра, Хубей провинциясининг Ухан шаҳрида махсус шошилинч штаб жойлаштирилган ва 23 январь соат 10:00 дан бошлаб жамоат транспорти (автобуслар, метро, паромлар ва бошқалар) вақтинча тўхтатилган, аэропорт ва темир йўл станцияларидан чиқадиган рейслар бекор қилинган. Шаҳардан чиқиш йўллари ёпилган. Шаҳарнинг барча транспорт воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган.

Консуллик маълумотига кўра, Ухан шаҳрида 250 нафар атрофида Ўзбекистон фуқаролари, асосан, талабалар яшайди. Уларнинг кўпчилиги семестр якунланганлиги сабабли ватанга қайтган.

Элчихона маълумоти бўйича ҳозирда шаҳарда 30дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин.

Консул Яҳёевга кўра, Ухан шаҳридаги ўзбекистонликлар учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Wеchat” ижтимоий тармоғида "Uxan 2020 O‘zbekiston” гуруҳи тузилган.

Яҳёев талабаларни хотиржамликни сақлашга чақиради:

"Биз уларга зарурий эҳтиёт ва профилактика чораларига амал қилиш лозимлигини тушунтирдик. Улардан ҳис-ҳаяжонга берилмасликни сўраймиз!".

24 январга келиб Пекин 41 миллиондан кўпроқ одам яшовчи 13 та шаҳарда карантин эълон қилди ва бу ҳудудларга кириш-чиқишни тақиқлади. Оқибатда ваҳимага тушган аҳоли орасида озиқ-овқат ва дори воситаларини керагидан ортиқ сотиб олиш жазаваси бошланди.

Куни кеча Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги вирус одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин.

Шу боис бир неча давлат вирус тарқалишини олди олиш учун чора кўрмоқда. Хусусан, Осиё давлатлари аэропортларида йўловчилар текширилмоқда.

Шунингдек Австралия, Бангладеш, Непал, Сингапур ва АҚШ аэропортларида ҳам назорат кучайтирилди. Вирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда ҳам чегара назорати кучайтирилгани хабар қилинди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси коронавирус тарқалган шаҳарлардаги ўзбекистонликларга қуйидагиларни тавсия этади:

  • инфекция юқтириш хавфининг олдини олиш мақсадида ўз турар жойларингизда сақланишни;
  • жамоат жойларига чиқмасликни;
  • нафас олиш органлари касаллик белгилари мавжуд бўлган одамлар билан мулоқот қилмасликни;
  • махсус ниқоблардан фойдаланишни;
  • ҳайвонлар олдига яқинлашишдан сақланишни;
  • фақат иссиқ ва яхши пиширилган таомлар истеъмол қилишни;
  • овқатланишдан олдин қўлларингизни яхшилаб ювишни;
  • антисептик маҳсулотлардан фойдаланишни;
  • агар иситмангиз кўтарилиб, респиратор касаллик аломатларини сезангиз, дарҳол тиббий муассасага мурожаат қилишни.
XS
SM
MD
LG