Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:54

Оққўрғондаги кластер фермерларга қарз ўрнига қиммат кунжара ва пахта ёғи таклиф қилди


Икки йилдан буён фермерлар олдидаги қарзини узолмаган Тошкент вилоят, Оққўрғон туманидаги “АВС Oqqo’rg’on AgroCluster” пахта пули ўрнига бозор нархидан анча қиммат кунжара ва пахта ёғи таклиф қилмоқда

Фермерларнинг айтишларича, бозор нархидан анча қиммат бўлган кунжара ва пахта ёғини улар ўзлари машина ёллаб, Жиззахдаги корхонадан олиб келишлари керак.

Фермерлар ҳисоб-китобича, агар улар бу маҳсулотларни бозорда улгуржи сотганда ҳам, пахта пулининг камида 30-40 фоизи миқдорида зарар кўради.

“АВС Oqqo’rg’on AgroCluster”​нинг Оққўрғондаги вакили Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

“АВС Oqqo’rg’on AgroCluster” Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани фермерларига икки йилдан буён пахта пулини бермаётгани ҳақида Озодлик ўтган йилнинг 13 декабрида ёзган эди.

6 февраль куни Озодлик билан боғланган фермерлар, кластер корхонаси фермерлар олдидаги миллиардлаб сўм қарзини кунжара ва пахта ёғи билан узмоқчи бўлганини айтдилар.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, пахта пулини бермагани етмаганидаек, кластер уларга бозордан анча қиммат нархдаги кунжара ва пахта ёғи таклиф қилмоқда:

Ҳисоблаб кўрсам, менинг ўзим бундан 50-60 миллион сўм зарар кўраман.


“Таклифнинг “ажойиб”лигини қаранг. 4,2 литрлик пахта ёғини 40 минг сўмдан таклиф қиляпти. Бозорда эса 34-35 минг сўм. Кунжарани 2500 сўмдан олинглар деяпти. Бозорда эса жуда нари борса 2200 сўм. Шунинг ўзидан бизга қанча зарар! Лекин, биз буни бозордагидай ўтириб сотишга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам йўқ. Бозорчиларга улгуржи сотишимиз мумкин. Унда улар бозор нархидан ҳам анча паст олади. Пахта ёғини 30 мингдан, кунжарани эса 2000 дан сотишимиз мумкин. Машина кираси ҳам кам деганда 1,5 миллион сўм бўлади. Ҳисоблаб кўрсам, менинг ўзим бундан 50-60 миллион сўм зарар кўраман экан”.

Фермернинг айтишича, ноиложликдан бу таклифга рози бўлиб, Жиззахдан кунжара ва пахта ёғи олиб келаётган фермерлар ҳам бор:

“Фермерлар шунга ҳам рози бўляпти. Икки йилдан буён кластер пахта пулини бермай келяпти. Бу ёқдан солиқчилар қўшимча қиймат солиғини тўланглар деб қистаяпти. Янги ҳосилга тайёргарлик кўриш керак. Кечиб юборгандан кўра, бу ҳам ҳарна дейишяпти”

Фермерга кўра, кластер корхона чигитни негадир яқин масофада бўлган Гулистондаги ёғ-экстракция корхонасига эмас, балки 200 километр узоқликда бўлган Жиззах шаҳридаги корхонага олиб бориб топширади:

“2018 йили Гулистондан кунжара ва ёғ олган эдик. Бу йил эса Жиззахдан олиб келасизлар деяпти. Нега шунча узоққа олиб бориб топшришларига ҳайрон қоляпмиз. Менимча, кластер корхона раҳбарлари жиззахликлар бўлгани учун шундай қилишяпти”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, кластер пул бермагани сабаб пахтадан улар кўрган даромадга солинган қўшимча қиймат солиғини тўланишининг кечикиши ҳам зарар бўлмоқда:

Кластер ақалли шу қўшимча қиймат солиғини ҳам тўлаб бермади.


“Мана менинг даромаддан тўлашим шарт бўлган қўшимча қиймат солиғи 150 миллион сўм. 26 декабрдан бошлаб, кунига 0,45 фоиз пеня туғиб ётибди. Бугун 6 февраль бўлса 41 кун бўлди. Пулимнинг 0,45 фоизи кунига 675 минг сўм бўлади. 41 кунга эса қарийб 27 миллион сўм зарар бўлади. Энди бу ёғини ойма-ой ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. Бир йил бермаса пахтани пули кетди, қулоғини ушлаб. Кластер ақалли шу қўшимча қиймат солиғини ҳам тўлаб бермади. Бунга ким айбдор, менми ёки пахта пулини бермаган кластер?"

Сўнгги икки йил орасида“АВС Oqqo’rg’on AgroCluster”нинг уч марта раҳбари алмашди.

Фермерларга кўра, Оққўрғон туманида кластер корхонанинг на манзили бор, на директорини топишнинг имкони.

Фермерлар тақдим қилган телефон рақами орқали кластер корхонанинг Оққўрғондаги вакили Жалил (фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади – таҳр.)га қўнғироқ қилганимизда у аввал шахсини тасдиқлади, Озодликдан қўнғироқ қилганимизни айтганимиздан сўнг, “у мен эмас” деди-да алоқани узди.

Тошкент вилоят ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозими, кластерга ҳеч кимнинг тиши ўтмаслигини тан олди:

Туман, вилоят прокурорини ҳам, вилоят ҳокимини ҳам кластерга тиши ўтмайди.


“Икки йилдан буён фермерларнинг пахта пулини бермай келяпти, фермерлар кенгаши орқали қанча мурожаатлар бўлди. Фермерлар қийналиб кетди. Лекин туман прокурорини ҳам, вилоят прокурорини ҳам, вилоят ҳокимини ҳам кластерга тиши ўтмайди. Маҳсулотини олдинг, пулини тўлаб бер деб, айта олмайди. Агар шундай давом этадиган бўлса президент қишлоқ хўжалигига киритган кластер тизими туғилмасдан ўлади, президентга ишонч сусаяди”.

Озодлик пахтачиик кластерларининг фермерларнинг ҳосил пулини бермай келаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқда.

22 январь куни Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтгани ҳақида шикоят қилган эди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG