Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:07

Андижонликлар маҳаллий футбол клубининг бир йиллик чиптасини сотиб олишга мажбурланмоқда


“Андижон” футбол клуби 2019 йилги Ўзбекистон суперлигаси ўйинларини 14 жамоа орасида 10- ўрин билан якунлади.
“Андижон” футбол клуби 2019 йилги Ўзбекистон суперлигаси ўйинларини 14 жамоа орасида 10- ўрин билан якунлади.

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг юзлаб ишчи-ходими маҳаллий “Андижон” футбол клуби ўйинларига йиллик чипта сотиб олишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ишчилар ўзларининг 500 минг сўмлик чипта пулини маошдан ушлаб қолишни сўраб ариза ëзишга мажбурланаëтганини билдирди.

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” мулозими ҳудудий бўлимларга шундай чипталар сотилаётганини тан олди, лекин бу тадбирнинг мажбурийлигини инкор қилди.

Жараëнга алоқадор мулозимларнинг Озодликка бир-биридан мустақил тарзда айтишича¸ маҳаллий футбол клуби учун пул ундириш жараëни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг оғзаки буйруғи асосида амалга оширилмоқда.

Мажбурий футболсеварлик

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” корхонасининг туман бўлимида ишлайдиган усталардан бири ўз ишхонасига 15 та бир йиллик чипта сотиб олиш мажбурияти қўйилганини айтади.

Кимнинг ойлиги 2 миллион сўмдан кўп бўлса, ўшалар биттадан чиптага ариза ёзиши мажбурий экан.


Бу мажбурий тадбир ўтган ой бошланди. Битта билетни тўрт киши бўлишиб олишасан деган эди. Кейин тўрт киши келишиб, биттамизнинг номимиздан ариза ёзилган эди. Лекин 26 февраль куни бўлим бошлиғимиз ҳар биттанг биттадан билет оласан деб¸ айтди. Унга бу буйруқни директор берган. Кимнинг ойлиги 2 миллион сўмдан кўп бўлса, ўшалар биттадан чиптага ариза ёзиши мажбурий экан. Ўзим умримда қизиқмайдиган футболга нима учун мен маошимнинг тўртдан бир қисмини беришим керак?

Асака туман Электр тармоқлари корхонасида ишлайдиган ходим “Андижон” футбол клуби ўйинлари учун бир йиллик чиптани сотиб олишга мажбурлаш ўтган йилларда ҳам бўлгани¸ аммо бундай ўлпоннинг ишчи бошига солинмаганини айтади.

“Андижон” футбол клуби кошкийди бир тузукроқ ўйин кўрсатса экан, алам қилмасди.


“Ўтган йили ҳам 3-4 кишидан бўлиб сотиб олган эдик. Бу йил ҳамманг ўзинг учун оласан¸ деяпти. Шунча пул берганимизга яраша “Андижон” футбол клуби кошкийди бир тузукроқ ўйин кўрсатса экан, алам қилмасди. Доим жадвалнинг охирида судралиб юради. Қайси мамлакатда футболчини электрик ёки бошқаси боқади. Яхши ўйнаса футбол ўзи пул топади, бўлмаса боридан йўғи яхши”.

Озодлик боғланган Андижон ва Марҳамат тумани электр тармоқлари идораси ходимлари ҳам ўзларига айни босим бўлаëтганини билдирди.

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг ўзини таништирмаган мулозими йиллик футбол чипталарининг ҳудудий бўлимларга сотилаётганини тан олди.

Мажбурий эмас. Ишчилар ўзлари сотиб олишяпти.


“Вилоят шаҳар ва туманларида 22 та ҳудудий бўлим бор. Ишчи ва хизматчилар сонига қараб 5 тадан 30 тагача бир йиллик чипта сотиб олиш таклиф қилинди. Мажбурий эмас. Ишчилар ўзлари сотиб олишаяпти. Менинг ўзим ҳам биттасини сотиб олдим. Чунки вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўзимизнинг командани қўллаб-қувватлаш керак, дедилар. Бу йил яхши жойлардан зўр ўйинчилар жамоага олиб келинди. Масалан, Африкадан битта ўйинчи сотиб олдик. Бугун Тошкентда “Локомотив” билан ўйнаймиз”.

Озодликка келган хабарларга кўра¸ "Андижон" клубининг бир йиллик чипталари вилоятдаги бошқа корхона ва ташкилотларга ҳам мажбуран сотилмоқда.

Ўзбекистондаги аксар футбол клублари каби¸ "Андижон" клуби ҳам асосан давлат томонидан белгиланган ҳомийлар маблағига қарам.

“Андижон” клуби бошқарувига алоқадор мулозимлардан бири ўтган йили Озодликка футбол клубининг бош спонсори GM Uzbekistan сметага киритилган маблағнинг учдан бирини ҳам бермагани оқибатида суперлигага чиққан клубнинг молиявий жиҳатдан оғир аҳволда қолганини билдирган эди.

2019 йил июль ойида “Андижон” футбол клубининг бир неча футболчиси Озодликка мурожаат қилиб, тўрт ойдан бери иш ҳақи берилмаётганидан шикоят қилган эди.

Молиявий таъминоти абгор аҳволда бўлган маҳаллий клубга ëрдам бериш иддаоси билан андижонликларга мажбурий ўлпон солиниши ўтмишда ҳам кузатилган.

Хусусан¸ 2019 йил бошида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят ҳудудидаги барча тадбиркорлик субъектларига “Андижон” футбол клуби учун жами 8 миллиард 55 миллион сўмлик “ҳомийлик ëрдами” йиғиш талабини қўйган эди.​

“Андижон” футбол клуби 2019 йилги Ўзбекистон суперлигаси ўйинларини 14 жамоа орасида 10 ўрин билан якунлади.

28 февраль куни "Андижон" клуби 2020 йил суперлигасидаги биринчи ўйинини, Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига 1-2 ҳисобида ютқазиб, бошлаб берди.

XS
SM
MD
LG