Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:09

Коронавирусга қарши... трактор, исириқ ёки ароқ? Айрим президентларнинг бефойда маслаҳатлари


Иконаларни ўпиш православ анъанасида кенг тарқалган, аммо айни пайтда ҳукм сураётган пандемияга қарамай, айрим черков пешволарининг ушбу анъанани тўхтатиш нияти йўққа ўхшайди (архив сурати).
Иконаларни ўпиш православ анъанасида кенг тарқалган, аммо айни пайтда ҳукм сураётган пандемияга қарамай, айрим черков пешволарининг ушбу анъанани тўхтатиш нияти йўққа ўхшайди (архив сурати).

Ҳар бир киши ва ҳамма нарса қаттиқ назорат остида бўлган Туркманистонда президент коронавирусни даф қилиш учун кўҳна восита – исириқ тутатиш кераклигини айтди.

Беларуснинг авторитар президенти ҳам ҳукумат ва ватандошларига шунга ўхшаш халқона маслаҳат беради: далага чиқиб ишланглар ва трактор ҳайданглар.

Айни пайтда дунё мамлакатлари раҳбарлари ва тиббиёт экспертлари карантин жорий қилиш, чегараларни ёпиш, ниқоб тақишни буюрмоқда. Юқумли касалликларга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш орқали COVID-19 нинг жаҳон бўйлаб тарқалиши олдини олишга интилмоқда. Олимлар ушбу касалликка қарши вакцина топишга ва уни даволашга шошилмоқда. Шу кунгача коронавирус бутун дунёда 19 мартгача қарийб 9000 кишининг умрига зомин бўлди.

Шундай вазиятда айрим амалдорлар ҳам нотўғри ахборот ва фойдаси илмий исботланмаган дори-дармон ҳақидаги хабарлар тарқалиши олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва оний ахборот алмашув имконияти бор даврда бунга эришиш жуда қийин.

Коронавирус “тарқалиши ва унга қарши чоралар оммавий тарздаги “инфодемия” – баъзилари аниқ, бошқалари эса ноаниқ бўлган ахборотнинг керагидан ортиқчалиги билан бирга кечмоқда, бу одамларнинг ишонарли манбаларни ва керак бўлганда, ишончли йўл-йўриқларни топишини қийинлаштиради”, дейилган эди ЖССТ февраль бошида тарқатган баёнотда.

Саримсоқми, С витаминими, стероидларми ёки эфир мойларими? Фейсбук ёки Россиянинг ВК ижтимоий тармоғида бу ҳақда ўқиётганингиз ҳисобга олинмаса, ушбу нарсаларнинг коронавирусга қарши курашда фойдали экани илмий исботланмаган.

Нотўғри ахборот тарқатиш муаммоси мавжудлигини қайд этиб ҳамда одамларни ишончли ва обрўли манбалардан фойдаланишга ундаб, қуйида айрим раҳбарлар коронавирусга қарши курашда янглиш таклиф этаётган ғалати воситалар ҳақида фикр юритилади.

Туркман исириғи

Дунёдаги энг зулмкор жамиятлардан бири бўлган ва авторитар раҳбарлар бошқариб келаётган Туркманистонда унинг етакчилари ғалати қилиқлар қилиб, соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар бериши табиий ҳолатга айланган.

Ўзини “барча туркманларнинг отаси” деб атаган, 2006 йили вафот этган Сапармурат Ниёзов мамлакат аҳолисига соғлиқни сақлашга оид маслаҳатлари билан бирга доимий тарзда маънавият сабоқлари ҳам берар ҳамда улар давлат телевидениеси ва газеталар орқали ҳаммага тарқатилар эди. 2005 йили мамлакатдаги шифокорларга Гиппократ қасамидан воз кечишга, бунинг ўрнига маълумоти электрик бўлган Ниёзовга қасамёд қилишга буйруқ берилган эди.

Унинг вориси Гурбангули Бердимуҳамедов маълумотига кўра – стоматолог. Бироқ бу уни Ниёзовникига ўхшаш шахсга сиғиниш ёки ҳеч нарса билан асосланмаган тиббий маслаҳатлар беришдан тўхтата олмади. Сўнгги марта – 13 мартда у коронавируснинг яқинлашиб келаётган хавфига бағишланган ҳукумат йиғилишида шундай йўл тутди.

‒ Ота-боболаримиз минг йиллар давомида наркотикларга қарши кураш ва турли юқумли касалликларнинг олдини олишнинг синалган миллий усулларини ишлаб чиққан, ‒ деди у.

Сўнгра у исириқ тутатиш “оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган” вирусларни йўқ қилишини айтди.

Аслида, бу нотўғри.

Декабрда Туркманистон телевидениеси қорамоллар орасида касаллик тарқалишига қарши курашда фермерларга керак бўладиган дорилар ҳақидаги кўрсатувни эфирга узатди. Кўрсатувда тавсия этилганлари орасида Бердимуҳамедовнинг китобида рецепти келтирилган дорилар ҳам бор эди.

Бир йил олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёзда нафас йўллари касаллигига чалинган туркманларга тиббий маслаҳат берган эди. Улар орасида “Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон ўсимликлари” китобида илмий жиҳатдан асослаб берилган шифобахш чойлардан фойдаланиш” маслаҳати ҳам бор эди.

18 март ҳолатига кўра Туркманистонда инфекция юққанлик ҳолати қайд этилмагани хабар қилинди.

Экканингни ўрасан

Беларусни 20 йилдан ошиқ вақтдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ҳам ватандошларига доимий тарзда халқона маслаҳатлар бериб туради.

Президент бўлишидан олдин Лукашенко совет жамоа хўжалигини бошқарган ҳамда таклифлари ва тиббий фольклор намуналарини ўша даврдан олган.

У 16 мартда Минскда ҳукумат йиғилишига раислик қилди. Ўша йиғилишда мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ тарзда ортиб бораётган хавотирларни босишга уринди. 17 март ҳолатига кўра, мамлакатда 17 киши ўша вирусни юқтиргани қайд этилган.

Давлат телевидениеси орқали намойиш этилган йиғилишда у амалдорларга “биз бошқа вирусларни бошдан кечирганмиз. Буни ҳам енгамиз”, деди.

− Ана, трактор ҳар бир кишини тузатади. Дала ҳар бир кишини тузатади, − деди у.

Лукашенко вазирларига саломатлик тилаб, уларга соғлиги билан боғлиқ маслаҳат берди: Қуруқ саунага бориб, яхшилаб терланг. Иддао қилишича, коронавирус 60 даража иссиқда йўқ бўлиб кетади.

Аслида тракторлар, сауна ёки далага чиқиб ишлаш коронавирусга қарши курашда бирор фойда бергани ҳақида ҳеч қандай исбот йўқ.

Ароқ ҳаётбахш ичимликми?

18 март ҳолатига кўра, Сербияда 83 та вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди.

Дунё мамлакатлари раҳбарлари коронавирус тарқалиши ҳақида жиддий хавотирлар билдиришидан уч ҳафта олдин президент Александар Вучич ҳукумат кўраётган чораларни муҳокама қилиш учун тиббиёт мутахассислари билан учрашган эди.

У спиртли ичимлик энг яхши радди бало бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳазил қилган эди.

‒ Улар менга спиртли ичимлик теккан жойга коронавирус доримаслигини айтгандан сўнг кунига бир стакан ичиш учун қўшимча сабаб топдим, америкаликлар ҳам бунинг тўғри эканини айтмоқда, ‒ деди у. ‒ Лекин унинг ликёрга ҳеч қандай дахли йўқ, буни фақат билиб қўйишингиз учун айтяпман.

Лекин бу Вучич ҳукуматининг ташқи ишлар вазири Сербия телевидениеси орқали чиқиб, коронавирус Хитой иқтисодиётига қарши қаратилган чет эл фитнаси эканини тахмин қилишига тўсқинлик қилмади.

Лукашенко ҳам жорий ҳафтада Вучичнинг ароқ ҳақидаги гапини такрорлади.

Мен ароқ ичмайман, қўлингизни ароқ билан ювиб туринг, яна 40-50 грамм соф спирт ҳам вирусни ўлдириши мумкин, − деди у ҳазил аралаш.

Аслида спиртли ичимлик ичиш на коронавирус юқиши олдини олади ва на инсон танасидаги бошқа бирор вирус хасталигидан тузатади. Спирт ташқаридаги микроб ва вирусларни ўлдиради, холос.

Муқаддас сув, муқаддас вирус

Одамларни фойдасиз тиббий фольклор билан чалғитаётган сиёсатчи раҳбарлар бу масалада ёлғиз эмас.

Аҳолиси христианликнинг православ тармоғига эътиқод қилувчи мамлакатлар, жумладан, Россиядаги айрим руҳонийлар коронавирус яқин жисмоний контактдан, ҳаводаги майда томчилар ёки идиш юзасидаги сўлак сингари танадан ажралувчи суюқликлардан юқиши мумкинлиги сингари огоҳлантиришлар бор тиббий йўриқномаларни рад этмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG