Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:07

Коронавирус. Кичик ва ўрта бизнес синиш таҳдиди остида. Банклар бепарво. Президент йиғилиш ўтказди


Ўзбекистон банкларидан бирида банк ходими билан гаплашиш учун навбат кутаëтганлар.
Ўзбекистон банкларидан бирида банк ходими билан гаплашиш учун навбат кутаëтганлар.

Дунë бўйлаб коронавирус пандемиясини тўхтатиш учун ҳукуматлар ўрнатаëтган кескин чекловлар ва карантин оқибатида банкротлик таҳдиди остида қолган тадбиркор ва ширкатлар рўйхати узайиб бормоқда.

Бундай шароитда ҳукуматлар¸ хусусан¸ Тошкент ҳукумати қутқарув чамбарагини биринчи бўлиб қайси соҳа ва кимга ташлаши керак?

Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан¸ Марказий банкида бу саволга жавоб борми?

Иқтисодий ривожланишнинг мотори саналадиган кичик ва ўрта бизнес Тошкент ҳукумати ҳимоясига олинадими¸ хусусан¸ жорий вазиятда уларга кредит тўловларини кечиктириш имкони бериладими?

Озодлик якка ва кичик тадбиркорларни ўйлантираëтган бу саволларга жавоб топиш учун банклар¸ банк тизими мулозимлари ва мустақил иқтисодчилар фикрларини ўрганди.

Якка тадбиркор ҳимоя сўрамоқда

Хоразмлик Улуғбек банкдан кредит олиб¸ унга ноозиқ-овқат товарлари сотиб олиб¸ бозорда савдо қилади. Бутун дунëда коронавирус пандемияси ëйилиб¸ одамларга зарурат бўлмаса уйидан чиқмаслик тавсия этилаëтганига қарамай¸ ҳар кун бозорга қатнамоқда.

Банкдан 90 миллион сўм истеъмол кредити олиб¸ шунинг ҳисобидан бизнес бошлаганман. Ойлик тўловим 6¸5 миллион. Савдо бўлмаса¸ кредитни тўлолмайман. Шунга ҳар кун бозорга чиқяпман. Савдо деярли йўқ¸ одамлар озиқ-овқатдан бошқа нарсага қарамай қўйди. Чунки ҳозирги шароитда бозор вирус энг тез тарқайдиган жойга айланди. Бизга зиëн бўлса ҳам¸ ҳукумат ëппасига карантин қилиб¸ бозорларнинг ноозиқ-овқат қисмини ëпиши керак¸ деб ўйлайман. Ҳар кун бола-чақа олдига вирус олиб келмадимми¸ деб қўрқиб боришдан чарчадим. Лекин бозорларни ëпишдан олдин¸ кредитлар тўлов муддатини ҳеч бўлмаса бир ойга кечиктириш керак. Бўлмаса мен ва менга ўхшаган минглаб кичик ва якка тадбиркор банкрот бўлиши аниқ”.

Тошкентлик Сайëра ҳам Улуғбекка ўхшаб¸ банкдан олган кредитини тўлай олмаслик таҳдиди остида қолган якка тадбиркорлардан бири.

18 март куни у ўзи кредит олган "Халқ банки"га бориб¸ кредит тўлов муддатини кечиктиришни сўраган ва бунга рад жавоби олган.

19 март куни Андижондаги айни банкка ўз кредити тўлов муддати узайтирилишини сўраб мурожаат қилган кичик тадбиркорлардан яна бири¸ ўзига "кредит тўловларининг вақтида тўланиши шарт"лиги айтилганини билдирди.

Банклар нима дейди?

Озодлик коронавирус оқибатида иши тўхтаб¸ банкротлик даражасида қолган якка ва кичик тадбиркорларга кредит тўловларини жаримасиз кечиктириб тўлашга имкон берилиш-берилмаслигини сўраб Ўзбекистондаги қатор тижорат банклари мутахассислари билан боғланди.

Бу масала бўйича чоралар кўриляпти. Марказий банкнинг ягона тартиб ишлаб чиқиши кутиляпти. Биз ички имкониятдан келиб чиқиб, чоралар кўряпмиз”¸ деди Озодлик боғланган “Халқ банки” расмийси.

“Пойтахт банк” мутахассиси ҳам айни кунларда кредит тўловларини кечиктириш масаласи кўриб чиқилаëтганини билдирди.

Ҳозирча бизнинг "Пойтахт банк" туризм, транспорт хизматлари, меҳмонхона бизнеси, нодавлат таълим муассасаси, хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолиятларини юритаётган мижозларимизга шу март ойи учун улар олган кредитлари бўйича тўловларни кечиктиришга ва уларга пеня, жарима ва устамалар тўламаслик учун ҳозирча бир марталик акция бериш ҳақида қарор тайёрлаяпмиз. Бу масалада Марказий банкнинг алоҳида рухсати керак эмас бизга. Чунки банклар мустақил ҳисобланади”¸ деб жавоб берди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми сир қолишини сўраган “Пойтахт банк” мулозими.

Тижорат банкларидан яна бири мулозими эса¸ бу масалада ëппасига қарор чиқариш қийинлиги¸ ҳар бир мижоз вазияти алоҳида кўриб чиқилишини билдирди.

Биздан кредит олиб¸ уни мақсадли эмас¸ бошқа нарсага ишлатиб юборганлар кўп. Улар ҳозир коронавирусдан касод бўлдим¸ тўлов муддатини узайтиринг¸ деб келишяпти. Биз қайси тадбиркорнинг ҳақиқатан коронавирусдан зиëн кўраëтгани¸ қайси бирининг алдамчилик қилаëтганини биламиз. Шунинг учун ҳар бир ҳолатни имкон қадар алоҳида кўриб чиқиб¸ ҳақиқатда зарар кўрганларга ëрдам беришга ҳаракат қиляпмиз”.

Марказий банк ўзини қандай тутмоқда?

Коронавируснинг иқтисодга кўрсатаëтган ҳалокатли зарарини тўхтатиш мақсадида ривожланган давлатлар Марказий банклари фоиз ставкаларини кескин пасайтириш¸ молия бозоридаги ликвидликни оширишга қаратилган фавқулодда чораларга қўл урмоқда.

Айни пайтда¸ тижорат банклари мустақил равишда бу вазиятдаги ўз чора-тадбирларини белгиламоқда.

Масалан¸ Чехия ҳукумати кичик ва ўрта тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллиард крон маблағ ажратди; йирик тижорат банклари¸ хусусан¸ Ceska Sporitelna ўз мижозларига ëппасига уч ойлик кредит таътили эълон қилди.

Ўзбекистон Марказий банки 17 март куни “коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш мақсадида барча тижорат банкларига” кредитнинг асосий қарзини қайтариш бўйича 2020 йил 1 октябрига қадар имтиёзли давр беришни тавсия қилди.

Озодлик гаплашган банк соҳаси мутахассислари тавсия характеридаги бундай “чора”нинг Ўзбекистон шароитида етарли эмаслигини таъкидлади.

Ҳозир фақат Ўзбекистон эмас¸ балки глобал миқëсда янги иқтисодий кризис бошланди. Иқтисодий танглик пайтида Марказий банк барқарорлик кафиллиги сифатида майдонга чиқиши керак. Пул-кредит сиёсатининг фақатгина А сценарийсидан эмас, балки Б сценарийсини (агар ишлаб чиқилган булса!) фойдаланиши шарт. Бу сценарийлар пул-кредит сиёсатининг ноанъанавий инструментларидан фойдаланишни тақозо этади. Марказий банкнинг 17 март кунги тавсиялари имитациядан бошқа нарса эмас. У ҳисоб ставкасини, захира талабларини, депозит операцияларини қайта кўриб чиқмаяпти. МБнинг ўзини четга тортишга қаратилган бу ҳатти-ҳаракати кризиснинг миллий иқтисодиётга кўрсатадиган салбий оқибатларини кучайтиради¸ холос”¸ деди шахси сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган банк тизими мулозими.

Бу мутахассис¸ Марказий банк ўзини бундай тутаëтган бир пайтда¸ тижорат банкларидаги асосий улуш эгаси бўлган давлат коронавирус оқибатида синиши мумкин тадбиркорларга кредит таътили эълон қилиши лозим¸ деган фикрни қўшимча қилди.

18 март куни коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилган президент Шавкат Мирзиëев:

- Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда¸ деди жумладан.

“Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур”¸ деган президент кичик ва ўрта тадбиркорларни тилга олмади.

Иқтисодий бўҳрон вазиятида ҳукумат кимни қутқариши керак?

Коронавируснинг ўзидан ҳам унинг иқтисодга етказаëтган ҳалокатли таъсири кун сайин ўзини кўрсатаëтган бир кезда¸ нафақат Ўзбекистон¸ балки аксар дунë ҳукуматлари бу саволга ечим қидирмоқда.

Кейинги кунларда ўзбекистонлик мустақил иқтисодчилар ҳам ижтимоий тармоқлар ва матбуотда бу саволга оид ўз кузатишларини ëзмоқда.

Хусусан¸ иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўз Telegram каналида президентнинг 18 март кунги баëнотидан келиб чиқиб¸ ҳукумат яна солиқ тўловчи пули ва унинг манфаатига зид ишлаëтган монополистларни қутқаришга киришиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Коронавирус омили баҳонасида солиқ таътиллари ва кредитлар қайтарилиши бўйича имтиёзларни ким олади, деб ўйлайсиз?

Биринчи навбатда транспорт соҳаси. Ўзбекистон ҳаво йўллари, Ўзбекистон темир йўллари, Тошкентшаҳартрансхизмат ва умуман давлат қарамоғида қолаётган барча паразитлашган транспорт корхоналари янги таътиллар ва имтиёзларга асосий даъвогар бўлади.

Чунки коронавирус уларнинг нўноқлиги, самарасизлиги ва фақат ўзлаштириш методичкаси устига қурилганини оқлаш учун зўр баҳона бўлди. Коронавирус бўлмаганида бошқа важ ва корсонларни ўйлаб топишга тўғри келарди. Идеал шторм, идеал ёнғин қисқаси.

Коронавирус яқин истиқболимизда нўноқ бошқарув, самарасизлик ва барча ўзлаштиришларни исталганча "списать" қиладиган идеал баҳона бўлади”¸ деб ëзди таҳлилчи.

Газета.уз нашрига ëзган мақоласида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам коронавируснинг иқтисодий зарбасини юмшатиш ва истеъмол бозорини рағбатлантириш учун ҳукумат “паразитлашган давлат корхоналарини қўллаб-қувватламаслиги”, бунинг ўрнига иқтисоднинг ноформал хизматлар секторида ишловчи муҳтожларга тўғридан-тўғри бир марталик пулли ёрдам кўрсатишни тавсия қилди.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров коронавирус пандемияси оқибатида “қийин аҳволга тушиб қолган корхоналарга инфляция даражасидан кам фоизларда ссудалар ажратиш, кредитларни реструктуризация қилиш, Марказий банк томонидан тижорат банкларига тўғридан-тўғри маблағ ажратиш муҳим"лигини таъкидлади.

Умуман, хўжалик субъектларини, айниқса, кичик ва ўрта бизнеснинг тўлақонли фаолият юритиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ҳақларини ўз вақтида тўлаш инқирозга қарши курашиш бўйича пакетнинг приоритетида бўлиши керак”¸ деб ëзди маҳаллий матбуотга берган таҳлилида Абдуқодиров.

Telegramдаги davletov.uz канали муаллифини эса¸ президентнинг коронавирусдан зиëн кўрган ва ҳукуматдан ëрдамга муҳтожлар сафида “фармацевтика тармоғини тилга олгани” хавотирга солди.

Бутун дунёда коронавирус пайти фармацевтика компаниялари ўзларини жуда яхши ҳис қилишмоқда. Умид қиламизки, эрта-индин ҳукумат ўз чора-тадбирлар пакетини эълон қилади ва картина яққол кўзга ташланади”¸ деб ëзди бу мутахассис.

Бутун дунë¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ëйииб бораëтган коронавирус пандемияси сизнинг бизнес фаолиятингизга қандай таъсир қилмоқда? Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ҳукуматидан кичик ва ўрта бизнесни банкротликдан сақлаб қолиш учун қандай ëрдам кутяпсиз? Бу ҳақдаги фикрингизни Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига ëзиб юборинг.

***

Мақола эълон қилинганидан бироз ўтиб...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.​

Давлат раҳбари сайтининг хабар қилишича, йиғилишда пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди.

“Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарма тузилди.

XS
SM
MD
LG