Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:04

Москва ва Новосибирскдан қайтарилган меҳнат муҳожирлари Шовотда карантинга олинди


Карантинга олинганлар сақланаëтган Чирчиқдаги "Сокол" лагеридан юборилган сурат.
Карантинга олинганлар сақланаëтган Чирчиқдаги "Сокол" лагеридан юборилган сурат.

Жорий йилнинг 22 март куни Ўзбекистон ҳукумати ташкил қилган учта чартер рейсда юзлаб меҳнат муҳожири Москва ва Новосибирскдан Ўзбекистонга қайтарилди.

Йўловчилар қўлидаги учоқ чиптасида сўнг қўналға Тошкент деб кўрсатилганига қарамай¸ учала учоқ ҳам Урганч аэропортига қўндирилди.

Россиядан қайтган меҳнат муҳожирлари Озодликка боғланиб¸ ўзларининг шароити оғир ҳарбий казармага жойлаштирилгани ва бу ердаги озиқ-овқат сифатидан шикоят қилган бўлса¸ маҳаллий расмийлар учоқдан туша солиб 14 кунлик карантинга олинганларнинг ҳаммаси Шовот туманидаги энг яхши санаторийда меҳмон қилинаëтганини таъкидлади.

Тошкентга учганлар Урганчда карантинга олинди

Россиядан чартер рейсларда қайтган учта учоқ йўловчиларининг Тошкент эмас¸ Урганч олиб келингани ҳақида Озодлик мухбирига Урганч халқаро аэропорти ходими маълум қилди.

«22 март куни маҳаллий вақт билан соат эрталабки 9:00 да¸ пешинги 13:30 да ва кечқурун 19:35 да учта борт Урганч аэропортига қўнди. Махсус изоляция либоси кийган персонал уларни жиддий текшириб махсус автобусларда карантин жойига олиб кетди. Уларнинг бошқалар билан контакт қилишига йўл қўйилмади. Бортлар ва йўловчилар тушган зина машинаси дезинфекция қилинди. Уларнинг карантин ўтиш жойи ҳақида бизда маълумот йўқ»¸ деди Урганч аэропорти ходими.

Бундан олдин Uzbekistan Airways авиаширкати 22 март куни Толмачёво аэропортидан Новосибирск-Тошкент йўналиши бўйича чартер қатновини амалга оширгани¸ учоқда 253 нафар ўзбекистонлик бўлгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Озодлик Новосибирск аэропортида уч кундан зиëд кутиб¸ ниҳоят Урганч аэропортига қўнган фарғоналик аëлнинг Россияда қолган синглиси Сумайя билан гаплашди. Сумайя опаси билан телефонда бир марта гаплашгани ва шундан кейин алоқа узилганини айтди.

«Опам шароит ëмон¸ бизни немис фашистлардек кутиб олди. Зах жойга обориб бир хонага 6 кишидан тиқиб қўйди. Сувлари шўр¸ олдин касал бўлмасак¸ энди касал бўламиз"¸ деб айтди. Кейин алоқа узилди".

Озодлик суриштируви давомида¸ фарғоналик аëлнинг 22 март куни эрталаб соат 9.00 да Урганчга қўнган учоқ бортидаги йўловчилардан бири экани ва бу рейсда келганларнинг ҳозирда Хоразм вилояти Шовот туманидаги санаторийга жойлаштирилгани аниқланди.

Шовот туманидаги санаторийнинг Озодлик боғланган врачи «карантин талабларига кўра¸ карантинга солинганларнинг бошқалар билан мулоқот қилиш мумкин эмаслигини» билдириш билан кифояланди - карантиндагилар шароитига ойдинлик киритишни истамади.

"Зах казармада сасиган перловка беришди..."

Айни пайтда Озодликка мактуб ëзган ва ўз исми сир қолишини сўраган мигрант Хоразмга келтирилганлар зах ҳарбий казарма ичида карантинга олинганини билдирди:

"Биз олдин Урганчга қўндик. Кейин махсус автобусда Шовот туманига олиб келишди. Телефонларимизни олиб қўйишди. Ëнимдаги киши телефонини бермаган экан. Шуни телефонидан ëзяпман. Бизни совуқ ва зах казармага жойлаштиришди. Ҳеч ким бизнинг саломатлигимизни текширган жойи йўқ. Бизга халқ душманлари каби қараб¸ автоматлар билан қуролланган аскарлар ўраб турибди. Бизга айниб¸ ачиб қолган перловка шавла беришди. Сасиб ëтибди. Овқатга қўл урмадим. Фақат бир бурда нон едим».

Мактуб муаллифи ўз хатида «ҳокимият вакилларидан ҳеч ким хабар олмагани ва концлагерга ўхшаган жойда зиндонбанд бўлганидан» шикоят қилди.

Айни пайтда¸ карантин шароитидан Озодликка шикоят қилганлар¸ мобиль телефонлари олиб қўйилгани боис ўз шароитлари акс этган сурат ëки видеоларни юбориш имкони йўқлигини иддао қилди.

Озодлик бундай шикоятларда ортидан Шовот туман ҳокимлиги билан боғланди. Мухбир саволини диққат билан эшитган ҳокимлик мулозими туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланишимизни сўради.

Расман: Карантинга олинганлар ҳарбий казармада эмас!

Шовот туман ҳокимлиги матбуот хизматининг Озодлик гаплашган вакили «карантинга солинганлар шароити яхши» эканлигини таъкидлади.

«Ҳеч қанақа ҳарбий казарма эмас¸ балки санаторияга жойлаштирилди. Кўл бўйидаги хушҳаво санатория. Меҳмонлар келишидан бир кун олдин санатория тозаланди. Кўрпа-тўшаклар янгидан қўйилди. Лампочкалар алмаштирилди. Санузеллар таъмирланди. Махсус дезинфекция қиладиган ускуналар қўйилди. Ҳатто санаторияга борадиган кўча ҳам асфальт қилинди. Келинг¸ кўринг. Туман ҳокими ва маҳалла аҳли бел¸ кетмон ушлаб ҳозир ҳам санатория ҳовлисини ободонлаштириш ишлари билан банд. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа идоралар карантинга олинган юртдошларимиз саломатлигини мавжуд бўлган шароитлар доирасида жиддий назоратга олган. 14 кун меҳмон бўлишади. Кейин бизлар соғ¸ улар саломат».

Озодлик Шовот туманида жойлашган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон ДХХ чегара қўшинлари зобит ва аскарлари истиқомат қиладиган ҳарбий казарма коменданти билан боғланди.

Зобитнинг айтишича¸ Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасида жойлашган муҳим ҳарбий объект бўлган казармада аскар ва зобитлардан бошқа ҳеч ким яшамаяпти.

Айни пайтда¸ Мудофаа вазирлиги эълон қилиган хабарларга кўра¸ мамлакат бўйлаб ўрнатилаëтган карантин режими ижросини назорат қилишга мамлакат ҳарбийлари ҳам жалб қилинган.

"Россиядан қайтган мигрантларга ола қаралмаяпти"

Хоразм вилоятида карантинга солинган ва шароитлардан шикоят қилган мигрантнинг Озодликка ëзган мактубида «Дубай¸ Рига ва Истанбулдан келган мигрантлар зўр шароитли оромгоҳларда карантинга солингани ва Россиядан келган меҳнаткашлар эса мол яшашга ижирғанадиган оғилхона каби жойларда сақланаëтганлигидан» ташвиш билдирилган.

Хоразм вилоятидаги коронавирус оқибатларини бартараф қилиш штаби аъзоси¸ олий тоифали врач Озодлик мухбири билан суҳбатда «карантинга олинганлар қайси мамлакатдан келганига эмас¸ саломатлик даражасига кўра» ажратилаëтганлигини билдирди.

Озодлик гаплашган Шовот ҳокимият тизимига яқин мулозим¸ айни кунларда район раҳбарларининг карантинга олинганлар учун ишлаëтганини билдирди.

"Бутун туман шуларни кутишга мобилизация қилинди. Пул тўлаб санаторийга келганлар чиқариб юборилиб¸ ўрнига Россияда муҳожиратда юрганлар жойлаштирилди. Санаторий ўпка¸ нафас олиш йўлларини даволашга ихтисослашган. Ëнида кўл бор. Унинг суви ҳам шифоли. Фақат ичимлик суви сифати Тошкент¸ водийдагидан ëмонроқ бўлиши мумкин¸ лекин қолган шароитлари яхши".

Аввалроқ Озодлик 21−26 март кунлари президент кўрсатмасига биноан хориждаги ўзбекистонликларни мамлакатга қайтариш учун чартер рейслар амалга оширилиши ҳақида хабар қилган эди.

Учоқдан тушиши билан мажбурий карантинга олинганлар Озодликка мурожаат қилиб¸ ўз шароитлари ëмонлигидан шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG