Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:27

OzodDayjest: Қандай қилиб 11 нафар шифокор коронавирусга чалинди?


Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 221 кишига етди.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 221 кишига етди.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг 4 сценарийси башорат қилинди. Депутат Кушербаев карантинда ходимларини даромадсиз қолдираётган ташкилотларни номардликда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ўзбекистонлик шифокорлар қандай қилиб коронавирус юқтиргани масаласига ойдинлик киритилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирган беморларнинг асосий қисми даволанаётган Вирусология институти бош шифокори ўринбосари Махмаражаб Раҳмонов даволаш жараёни қанчалик мушкул кечаётгани ҳақида сўзлаб берди (www.gazeta.uz, 31 март).

М.Раҳмоновга кўра, мамлакатда коронавирус бўйича илк бемор рўйхатга олинган 15 мартдан бошлаб институтнинг 71 ходими икки ҳафта давомида клиникадан чиқмай фаолият юритган.

“Биз 14 кун клиникадан чиқмадик. Оилам билан фақат телефон орқали гаплашдим... Кунига 4 соат ухлашга тўғри келди, иш кўп эди, чунки бу биринчи тўлқин эди” ,- дейди М.Раҳмонов.

Коронавирус билан оғриган ўзбекистонлик беморлар орасида 11 нафар тиббиёт ходими ҳам бор. Хўш, қандай қилиб шунча шифокор вирусга чалинди?

“Агар тиббиёт ходими ўзига зарбани қабул қилмаса, унда ким бу ишни қилади? Улар бор кучларини сарфлашмоқда ва инфекциядан қўрқаётганлари йўқ. Агар улар бу тарзда ишламасалар, унда беморлар ва ўлим ҳолатлари кўпаяр эди” , - деган ушбу саволга жавобан Вирусология институти бош шифокори ўринбосари.

29 март куни институтнинг 71 нафар тиббий ходими ўз ҳамкасблари билан ўрин алмашишди. 14 кун давомида ишлаган фидойи ходимлар Бўстонлиқ туманидаги пансионатга жўнатилди.

Оксфорд университети Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши юзасидан тахминларини эълон қилди

Оксфорд университетининг Инсоният келажаги институти тадқиқотчилари коронавирус пандемиясининг 150 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон учун мўлжалланган башоратини эълон қилди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Ўзбекистон учун воқеалар ривожининг 4 асосий сценарийси келтирилган. Биринчи тахминга кўра, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилмаса, 18-23 миллион киши (аҳолининг 58-73 фоизи) инфекцияга чалинади.

Иккинча башоратга кўра, 35-50 фоиз аҳолини изоляция қилиш орқали коронавирус тарқалиши тезлиги 20 фоизга пасайтирилади. Бу ҳолатда вирус аҳолининг 45-67 фоизига юқади.

Учинчи тахминга кўра, кучли карантин ўрнатилиб, 65-80 фоиз одам изоляцияга олинади, оммавий тестлар ўтказилади, чегаралар ёпилиб, транспорт ҳаракати чекланади.

Бу вазиятда касалланганларнинг умумий сони 520 мингни (1,6 фоиз) ташкил қилади. Тўртинчи сценарийга кўра, ўта қаттиқ карантин орқали 90-95 фоиз аҳоли иҳоталанади, кўчага чиқиш тақиқланади, оммавий тест ўтказилиб, транспорт ҳаракати бутунлай чекланади. Мазкур моделда касалланганларнинг умумий сони 6,6-9,8 мингни (0,02-0,03 фоиз) ташкил қилади.

Расул Кушербаев: “Вақти келиб бу масалада ҳукуматдан изоҳ сўраймиз”

Карантин шароитида ходимларини ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб юбораётган корхона ва ташкилотларни ходимларига нисбатан номардлик қилмоқда, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. Қайд этилишича, буни “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси мисолида кўриш мумкин. Бу ҳолат қонунчиликка, хусусан, президентнинг коронавирус пандемияси салбий таъсирини юмшатишга доир фармонига зиддир.

Р. Кушербаевга кўра, парламент ушбу масалада мурожаат қилган фуқаролар ишини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда ҳал этишга интилмоқда. Вазият яхшиланиши билан эса меҳнат қонунчилигини қўпол тарзда бузган идоралар бўйича парламент эшитуви ўтказилиши шарт.

“Жойларда ҳалиям мантиқсиз йиғилишлар бўлаётгани ҳақида ҳам билиб юрибмиз. Айниқса, маҳалла раислари ва ходимларининг уйма-уй юришга мажбурланаётгани бугунги кун шароитида ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳол. Бунга йўл қўяётган ҳокимлар айни вақтда бунинг нақадар мантиқсиз эканини англашлари керак. Тўғриси, бу ҳукуматнинг қуйи даражадаги бўғинларида яшаётган муаммо. Аммо биз вақти келиб ҳукуматдан бунга изоҳ сўрашимиз керак”, - деган депутат Р.Кушербаев.

XS
SM
MD
LG