Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:18

Сўхда яйлов ва сув устида жанжал юзага чиқди; қирғиз чегарачилари ўқ узди¸ талафотлар йўқ


Ўзбекистон, Фарғона вилояти, Сўх тумани.
Ўзбекистон, Фарғона вилояти, Сўх тумани.

Фарғона вилояти Сўх тумани Ленбург ва Девайрон қишлоқларида мол боқаëтган Ўзбекистон ватандошларига қарата 2 май куни қирғиз чегарачилари автоматдан ўт очган.

Бу хабарни тасдиқлаган Қирғизистон Чегара хизматининг Боткен тумани мулозими¸ "чегара бузилишини олдини олиш учун низомда белгиланган қоидадан чиқмай ҳаракат қилинганини" айтиш билан чекланди.​

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши Сўх туман бўлими мулозими ва Озодлик суҳбатлашган Сўх туман ҳокимлиги ходимига кўра¸ «низо тинчиган ва ярадорлар йўқ».

Яйлов муаммоси

Сўхлик врач Фарҳод Сафаровнинг Озодликка билдиришича¸ «маҳаллий аҳоли ўз қўй¸ молини чегара яқинида ўтлатаëтган пайтда қирғиз чегарачилари "чегарани буздинг" дея автоматдан ўт очган¸ аммо ҳеч ким яраланмаган ва низо катталашмаган».

«Маҳаллий аҳоли бу ерда азалдан мол боқиб келади. Мустақилликдан сўнг улар қўй эчки боқадиган жой чегара олди нейтрал зонасига айланди. Унақа катта отишма бўлмади Қирғиз аскари осмонга қараб отди. Кейин халқ тарқалди. Бор гап шу»¸ деди Фарҳод Сафаров.

Сўх туманида чорвачилик қиладиган Ҳалимжоннинг айтишича¸ қўй-эчкилар Қирғизистон чегарасига яқин, аммо Ўзбекистон ҳудудида ўтлашган ва қирғиз чегарачилари ўқ отганидан кейин бир-икки қўй чегаранинг қирғиз тарафига қараб югурган.

Сув талашилдими?

Ўзини Комилжон деб танштирган сўхлик фермер эса 2 май кунги отишмага Ленбургдан Қирғизистонга ўтадиган каналдаги сув талашидан жанжал келиб чиққан

«Сув олдин Ўзбекистоннинг Ленбург қишлоғига келади¸ кейин Қирғизистонга ўтади. Шу сувни сўхлик шоликорлар биринчи бўлиб олмоқчи эди. Қирғизлар жанжал қилди. Сув талашиб жанжал бошланди. Ленбургнинг бир турғуни яраланди. Одамлар қўзғалди. Отишмадан сўнг ўзбек солдатлари келиб халқни тўхтатиб қолди».

Комилжон ўз гапига илова сифатида Озодликка видеотасвир ҳам жўнатди. Видеотасвирда тоғли ҳудудда 8 нафар қирғиз чегарачиси камуфляжини кийган аскар билан 200 га яқин аҳолининг низога киришгани акс этган. Тасвирда низонинг айнан нима устида чиққанига оид гап-сўз йўқ.

Озодлик бу воқеага аниқлик киритиш учун Сўх туманида дислокацияда бўлган ДХХ Чегара қўшинлари бўлинмаси билан боғланди. Ўзини Сарвар деб таништирган бўлинма вакили бу ҳақда ҳеч нарса изоҳламаслигини билдирди.

Сўх туман ҳокимлиги эса «отишмада ҳеч ким ярадор бўлган йўқ»лигини таъкидлаш билан чекланди¸ бошқа тафсилотлар¸ хусусан¸ жанжалнинг нимадан келиб чиққанини очиқламади.

2 май куни Сўхнинг «Ҳушëр» деган қишлоғида Қирғизистон тарафи қураëтган йўл билан боғлиқ кичикроқ низо ҳам чиққан.

Қирғизистон Чегара хизмати Боткент туман бошқармаси навбатчисининг Озодликка айтишича¸ "қирғиз чегарачилари 2 май куни чегара бузилишини олдини олиш учун низомда белгиланган қоидадан чиқмай ҳаракат қилишган."

Қирғизистон жанубидаги Боткен вилоятида Ўзбекистоннинг Сўх анклави билан чегарадош ҳудудда 2013 йили маҳаллий йўл қурилиши бошланганидан бери йўл қурувчилар ҳамда маҳаллий аҳоли орасидаги низо давом этиб келмоқда.

Эксклав

Бундан 7 йил аввал Сўх анклавидаги «Ҳушёр» қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегарачилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ортидан қирғиз расмийлари Ўзбекистондан Сўх анклавига борувчи Риштон-Сўх автомобиль йўлини бутунлай беркитиб ташлаган эди.

2019 йил сентябрида қирғиз томони Сўх-Риштон йўлининг очилиши учун қатор шартлар мавжудлигини билдирган эди.

4 май куни Озодлик гаплашган сўхликларга кўра¸ Сўх-Риштон йўли айни кунларда "оддий халқ учун ëпиқ"¸ лекин ўт ўчирувчилар¸ Тез тиббий ëрдам¸ давлат амалдорлари ва ҳарбийлар бундан мустасно.

Фарғона вилоятининг икки туманини боғловчи тахминан 70 кмлик бу йўл деярли тўлиғича Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Сўх тумани Ўзбекистонга қарашли¸ аммо тўрт тарафи бошқа давлат билан ўралган ҳудуд. Бу ҳудуд Ўзбекистон учун эксклав¸ Қирғизистон учун анклав ҳисобланади.

1999-2000 йиллари Боткен вилоятидан Ўзбекистон ҳудудига жангарилари сизиб кирганида Ўзбекистон томони Сўх анклавига ўз ҳарбийларини жойлаштиришдан бошлаб ҳудудда таранглик юзага чиққан эди.

Ўзбекистон томони Сўх анклавидан ҳарбийларнинг бир қисмини олиб чиқиб кетган. Ҳозир у ерда чегарачилар хизмат ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG