Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:00

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида Рамазон ҳайити куни яна отишма бўлди. Тожик аскари яраланди


Сўнгги бир йилда икки давлат ўртасидаги чегарада камида 13та низо содир этилди.
Сўнгги бир йилда икки давлат ўртасидаги чегарада камида 13та низо содир этилди.

Мусулмонлар рамазон ҳайитини нишонлаган 24 май куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна отишма содир этилди. Отишма пайтида бир нафар тожик аскари яраланган. Томонлар чегарада ўқ отилишида бир-бирларини айбламоқдалар.

Май ойида чегаранинг мазкур қисмида бу билан иккинчи марта отишма содир этилди. 8 май кунги отишма чоғида Тожикистон томонидан отилган ўқлардан уч нафар қирғиз аскари яралангани хабар қилинганди.

Бу каби жанжаллар сўнгги йилларда Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг аниқланмаган баҳсли ҳудудларида тез-тез содир этилмоқда.

Расмий хабарларда айтилишича, 24 май кунги отишма Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг Ворух қишлоғи жойлашган ҳудудида бўлиб ўтган. Тожикистонга қарашли Ворух қишлоғи Қирғизистон ичидаги анклав ҳисобланади.

Қирғизистон ва Тожикистон чегара расмийларининг билдиришича, ҳодиса соат 10:30лар чамасида бошланган. Ҳодисанинг қолган тафсилотлари эса бир-биридан фарқ қилади. Бўлиб ўтган ҳодисада Тожикистон Қирғизистонни, Қирғизистон Тожикистонни айблади.

Тожикистон версияси

Ҳодиса юзасидан биринчи бўлиб Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.

Тожик томонининг иддао қилишича, 24 май соат 10:30лар чамасида Исфара шаҳрига қарашли Ворух қишлоқ жамоати таркибидаги Пули Офтобрўя қишлоғи ҳудудида қирғиз чўпонлари чорва молларини боқмоқчи бўлган. Чўпонлар Қирғизистоннинг Чичилик қишлоғидан Тожикистон ҳудудига чегарани бузиб ўтган ва тожик фуқаролари билан жанжаллашган.

Расмий хабарда таъкидланишича, Пули Офтобрўя қишлоғи аҳолиси қирғиз фуқароларининг ноқонуний ҳаракатларига қаршилик кўрсатган ва улардан қишлоқни тарк этишни талаб қилган.

Тожикистон чегара қўшинлари расмий баёнотида айтилишича: “Қирғиз томони баҳсли ҳудудларнинг чегара чизиғини аниқловчи аввал эришилган келишувларга амал қилиш ўрнига, ҳодиса жойига қўшимча ҳарбий кучларни жўнатган ва улар Пули Офтобрўя қишлоғининг қуролсиз аҳолисига қарши ўқ ота бошлаган”.

Отишма пайтида Тожикистон чегарачиси бўлган 2001 йилда туғилган Давлатёр Зоиров оёғидан яраланган.

Қирғизистон версияси

Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистоннинг бу баёнотига кескин эътироз билдирди ва “қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни Тожикистон томонидан беқарорлаштириш учун қилинаётган ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди”, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Қирғизистон Чегара хизматининг иддао қилишича, 23 май куни Ворух анклави аҳолиси Боткен вилояти Боткен туманига қарашли Мўйноқ қишлоғи ҳудудида чорва молларини ўтлатишга ҳаракат қилган.

“Тожикистон чегара қўшинлари икки кун мобайнида Қирғизистон ҳудудида ноқонуний равишда чорва моллари ўтлатилаётганини кузатиб турган ва бунинг олдини олиш учун Ворух қишлоғининг айрим турғунларига нисбатан ҳеч қандай чораларни қўлламаган. Қирғизистон томонининг қонуний талабларига жавоб тариқасида Тожикистон ҳарбийлари қирғиз чегарачиларига қарата ўқ ота бошлаган”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати тарқатган расмий баёнотда.

Расмий хабарда айтилишича, отишма пайтида Қирғизистон томонидан ҳеч ким жабрланмаган.

Кейин нима бўлди?

Бу сафар ҳам отишмадан сўнг Қирғизистон ва Тожикистон чегара расмийлари ҳодиса жойида учрашиб, вазиятни мураккаблаштирмаслик ва бу каби жанжалларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилган.

Сўнгги хабарларда отишма содир этилган ҳудудда вазият нисбатан барқарор экани таъкидланмоқда. Томонлар ҳодиса юзасидан суруштирув ишларини олиб бормоқда.

Ўтган йилда ҳам қирғиз-тожик чегарасидаги катта жанжаллардан сўнг томонлар турли музокараларни ўтказган ва хатто чегараларни ҳамкорликда қўриқлашга ҳам келишиб олган эдилар. Аммо бу келишувга эришилганидан бир неча кун ўтиб, яна жанжал содир бўлганди.

Хукумат раҳбарлари даражасидаги музокаралар якунлари бўйича Қирғизистон ва Тожикистон чегара муаммоларини бартараф этиш бўйича ишларни кучайтиришга келишиб олган. Бироқ бу келишувни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар сезилмаяпти.

Аввалги воқеалар

Жорий йилнинг май ойида чегаранинг мазкур қисмида бу билан иккинчи марта отишма содир этилди. 8 май кунги отишма чоғида Тожикистон томонидан отилган ўқлардан уч нафар қирғиз аскари яралангани хабар қилинганди. Тожикистон эса икки нафар фуқаро яраланганини айтган. Ўша воқеада ов милтиқлари билан биргаликда миномётлардан ҳам ўқ отилган. 9 май куни Бишкек ва Душанбе ўзаро норозилик ноталари билан алмашган.

2010 йилнинг январь-май ойлари оралиғида Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг мазкур қисмида камида уч марта ўқ отилди.

2019 йилда эса Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 10 дан ортиқ можаро юз берди, шундан тўртта ҳодисада одамлар ҳалок бўлди. 16 сентябрь куни юз берган ҳодисада тўрт киши вафот этди.

Расмийларнинг маълумотларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги 970 километрли чегаранинг 405 километри ҳозиргача аниқланмаган. Отишмалар ва аҳоли ўртасидаги тўқнашувлар чегаранинг айнан мана шундай аниқланмаган ва баҳсли ҳудудларида содир бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG