Депутат ислом молияси ҳақида қонун қабул қилишни таклиф этди. Таниқли иқтисодчи Ўзбекистонда камбағалликнинг асосий сабаби ва унга қарши курашиш йўлини айтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Олий Мажлис депутати: Ислом молияси бўйича қонунчилик асосларини яратиш вақти келди
Анъанавий молия тизимига муқобил равишда ислом молиясини жорий этишга қаратилган қонунчилик асосларини яратиш вақти келди деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев (“Миллий тикланиш” газетаси, 10 июнь).
“Агар биз фуқароларимизнинг маълум бир қисми диний эътиқодидан келиб чиққан ҳолда банк хизматларидан фойдаланишни истамаётганини инобатга олсак, исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган банк хизматлари ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади”, - деб ёзади депутат.
Қайд этилишича, айни пайтда ислом молияси кўплаб ривожланган мамлакатларда иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлмоқда. Ҳаттоки, дунёвий давлат бўлса-да, аксарият фуқаролари насроний бўлган Буюк Британиянинг 20 дан ортиқ банкларида мижозларга ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари таклиф қилинмокда.
Ф.Зайниевга кўра, ислом молияси маҳсулотларидан фойдаланиш учун амалдаги банк қонунчилиги, солиқ ва фуқаролик кодексларига ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш лозим.
Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Оқюлов ҳам янги таҳрири устида ишланилаётган Фуқаролик кодексига исломий молия механизмлари ҳамда олди-сотди қоидалари киритишни таклиф этган эди.
Ислом динига эътиқод қилувчилар учун судхўрлик оғир гуноҳдир. Бинобарин, улар эътиқодига тўғри келадиган шартнома конструкциялари Фуқаролик кодексида ўз ифодасини топиши лозим, дея фикр билдирган профессор О.Оқюлов.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов камбағалликка қарши курашишнинг энг самарали йўлини айтди
Ўзбекистондаги камбағаллик – охирги чорак асрда жуда секин иқтисодий ўсишнинг натижаси, деб ёзади АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўз Телеграм саҳифасида.
Таъкидланишича, Ўзбекистон камбағалликни қисқаритиш учун алоҳида дастурлар ўйлаб чиқиши шарт эмас, асосий урғу иқтисодий ўсишга қаратилса бас.
Б. Ҳошимовга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонда киши бошига ўртача даромад йилига атиги 47 долларга кўпайди. Бу эса дунёдаги ўртача ўсиш суръатидан 5 баравар кам кўрсаткич.
Таъкидланишича, мамлакатда камбағалликни қисқартиришнинг ягона йўли –жуда оғриқли ва кучли сиёсий иродани талаб этувчи ислоҳотларни амалга оширишдир.
Мутахассис бу борада эркин савдо, адолатли хусусийлаштириш, антимонопол қонунлар, мулк дахлсизлиги, адолатли ва профессионал суд, давлат молияси шаффофлиги, Марказий банк мустақиллиги, субсидия ва имтиёзлар ҳамда иқтисодиётни планлаштиришдан воз кечиш муҳим эканини таъкидлайди.
Адлия идораси хусусий нотариусларга ўгай муносабатда бўлмоқда
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамон адлия органларининг таъсири остида ишлаётганликлари ва молиявий мустақиллиги таъминланмаганидан шикоят қилмоқда (www.kun.uz, 9 июнь).
Жорий йил 1 майдан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтиб, ушбу тизимда айрим муаммолар юзага чиқа бошлади.
“Ҳисоб рақамларимизга пул туширишмаяпти, ходимларимизга ойлик беришимиз керак, ўзимиз ҳам маош олганимиз йўқ”,- деган таҳририятга мурожаат қилган нотариуслардан бири.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан республикадаги нотариуслар учун ташкил этилган Телеграм гуруҳида бир неча марта тушунтириш сўралган, ҳали тайинли жавоб берилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги 156-сон қарорига мувофиқ, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божининг тақсимоти белгиланди. Унга кўра, давлат божи тушумbнинг 80 фоизи туманлар (шаҳар) бюджетига, 10 фоизи Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига, қолган 10 фоизи эса хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг банкдаги ҳисобварағига йўналтирилиши керак.
Аммо ҳозирда айнан 10 фоизи ва бошқа тушумлар уларнинг ҳисоб рақамига эмас, аввалги давлат нотариал идоралари нотариуслари учун белгиланган ғазна ҳисобварақларида жамланмоқда. Мазкур муаммо республиканинг деярли барча ҳудудларидаги нотариуслар фаолиятида кузатилаётганлиги аниқланди.
“Ҳар жабҳада қонун устуворлиги таъминланиши тарафдори бўлган вазирликнинг бугунга келиб “ўгай”га айланган тизимига нисбатан бу йўсинда иш тутишини қандай баҳолаш мумкин?” деб ёзади Kun.uz нашри.