Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:42

OzodDayjest: ИИБ қотилликни яширгани оқибатида “чирчиқлик маньяк” яна уч кишини ўлдирди


Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати 300 дан ошди. Россия ТИВ вакилининг ўзбек тили мақоми борасидаги баёноти маънавий агрессия деб баҳоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Вазир ўринбосари коронавирус аҳоли орасидан асосан кимларда аниқланаётганига ойдинлик киритди

Ўзбекистонда COVID-19 ташхиси қўйилган тиббиёт ходимлари сони 300 нафардан ошди, деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев (www.kun.uz, 25 май).

“Энг кўп аниқланган ҳолат – инфекция биринчи кириб келган даврга тўғри келмоқда. Сабаби биринчидан, тиббиёт ходимлари ҳам, аҳоли ҳам бу инфекцияга тайёр эмас эдик. Нимага тайёр эмас эдик? Ниқобларимиз ҳам, комбинезонларимиз ҳам бор эди. Лекин уларни тўғри ишлатиб, тўғри фойдаланиб фаолият кўрсатмаслигимиз натижасида мана шундай ҳолатлар юзага келган”, - деди вазир ўринбосари.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда нафақат карантинга олинганлар, балки аҳоли орасида ҳам вирус юқтириш ҳолатлари кузатилмоқда. Соғлиқни сақлаш расмийси аҳоли орасида коронавирус асосан қайси тоифада учраётганига ҳам ойдинлик киритган.

“Тўғрисини айтиш керак, кўпроқ ишлаётган аҳоли ўртасида вирус аниқланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўз навбатида ишлаб келган аҳоли уйига келиб, оила аъзоларига ҳам вирусни юқтириш ҳолатлари бор”, - деган Б.Юсупалиев.

Санитария-эпидемиология талабларига риоя этмаслик ҳолати кўпаяётганидан ташвиш билдирган мансабдор бу аҳволда касаллик янада кўпайиши ва аввалги қатъий карантин чоралари қайта тикланиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Суҳбатда кузга бориб коронавирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини кузатилиши эҳтимоли ҳам тилга олинган.

Қозоқбой Йўлдошев: Захарова хоним ўзбек расмийларининг миллий ғурури йўқ деб ўйлайдими?..

Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилининг мақоми масаласида билдирган иддаоли баёнотига жавобан мақола ёзди (“Ишонч”, 26 май).

“Захарова ойим шунчаки гапириб қўймади, балки ўз давлатининг сиёсий доктринасини илгари сурди. Бу хоним жуда яхши билади суверен давлатнинг ишига аралашиш мумкин эмаслигини, аммо Ўзбекистонга эгаман мамлакат деб қарагиси келмайди. Бу хилдаги даъвони Болтиқбўйи республикалари, Гуржистон ёки ­Арманистонга эса асло қилолмайди... Балки, ўзбек расмийлари жуда суст, уларнинг миллий ғурури, сиёсий ори анов-мановдан жунбушга келавермайди, деб ўйлар, балки ҳамон Масковни иқтидорда, деб ҳисоблар”,- деб ёзди олим.

Қайд этилишича, Кремль рус тилидан стратегик ниятлари йўлида тактик қурол сифатида фойдаланмоқда.

“Россия жуда кўп йиллардан буён ўзининг геосиёсий ниятларига асосан тил муаммоларини баҳона қилиб эришиб келмоқда. Чечендан тортиб, Молдова, Луганск, Донбасс, Қрим сингари ўлкаларда рус тилида сўзловчи “мазлумлар” ҳуқуқини ҳимоя қилиш ниқоби остида Россия ўз босқинчилик мўлжалларини амалга оширди... Соғлом мантиқ келгиндининг борган ­жойига мослашишини тақозо қилади. Фақат босқинчининг мантиғигина борган жойини ўзига бўйсундиришни кўзда тутади”, - деди профессор Қ.Йўлдошев.

Таниқли олим ўзбекларнинг ўз фарзандларини ҳамон рус мактабларида ўқитаётгани сабабини ҳам очиқлаган.

“Ўзбекларнинг болаларини рус тилидаги мактаб­ларда ўқитишга уриниши сабаби бу тилга бўлган муҳаббат туфайли эмас, балки юртимизда кутилган ўзгариш­лар бўлишига ишончсизлик сабаблидир. Кўпчилик туб ўзгариш­лар бўлиб, қашшоқлик бартараф этилишига, иш ўринлари кўпайишига ишонмайди. Чунки бир йигит умрига тенг вақт мобайнида бундай ишончга асос берадиган ҳеч нарса қилинмади. Одамлар нафақат ўзларининг, балки болаларининг-да мардикорлик, гастарбайтерлик қисматини бўйнига олдилар”, - дея куюниб ёзади профессор Қ.Йўлдошев.

Бош прокурор: Чирчиқ ИИБ қотилликни яширгани оқибатида учта фуқаро ўлдирилган, бир қизнинг номуси топталган

Тошкент вилояти Чирчиқ тумани ИИБ вакиллари одам ўлдириш жиноятини яширгани оқибатида қотил яна бир неча оғир жиноятларни содир этган (www.xabar.uz, 22 май). Бу ҳақда бош прокурор Ниғматтилла Йўлдошев ўз ҳисоботида маълум қилган.

Қайд этилишича, 2006 йилда чирчиқлик фуқаро Қамчиқбоева таниши Ҳусаиновга қарзга берган 300 АҚШ долларни сўраб борганида, қарздор томонидан ўлдирилади. Шундан кейин аёлни қидириб унинг укаси, сўнг онаси Ҳусаиновнинг олдига келади ва улар ҳам қотиллик қурбонига айланади.

Ҳамма бало шундаки, бир оиланинг уч аъзоси йўқолгани ҳақида уларнинг яқинлари берган ариза Чирчиқ шаҳар ИИБда қайд этилмай, йўқ қилиб юборилган! Қотилликлар юзасидан 13 йил давомида текширув ва қидирув ишлари сансалорликка солиб келингани оқибатида Ҳусаинов ўтган вақт давомида яна учта фуқаронинг умрига зомин бўлиш, шунингдек, вояга етмаган бир қизнинг номусини топташга улгурган.

“Агарда Хусаиновнинг биринчи жинояти ўз вақтида фош этилганида эди, уч нафар фуқаро қотиллик қурбонига, ёш қизча эса жабрланувчига айланмаган бўларди”, - деган бош прокурор.

Қотил содир этган жиноятлари учун умрбод озодликдан маҳрум этилган. Жиноятни яширган ИИБ вакиллари номи ва уларга тайинланган жазо тури очиқланмаган.

Бош прокурорга кўра, 2019 йилда содир этилган жиноятларни қасддан яширганлик ҳолати бўйича 25 нафар ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 21 нафари суд тартибида жавобгарликка тортилган.

XS
SM
MD
LG