Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:02

Сардоба тошқинидан зарар кўрган аҳоли норозилиги ортидан ҳокимлик мутасаддиси ишдан олинди


Тошқин оқибатида вайрон бўлган уйларни тозалашга ҳарбийлар ҳам жалб қилинди
Тошқин оқибатида вайрон бўлган уйларни тозалашга ҳарбийлар ҳам жалб қилинди

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги Саховат маҳалласи аҳли тошқиндан зарар кўрганларга ажратилган ёрдам пулини ололмагани учун норозилик акцияси ўтказди.

Ушбу норозилик ортидан “ёрдам пули”ни тарқатишга масъуллардан бири – Оқолтин туман ҳокимлиги мулозими Ҳайитбой Фармонов ишдан бўшатилди.

Норозиликдан сўнг махсус комиссия Саховат маҳалласида уйи тошқиндан зарар кўрганлардан 30 кишига пул ажратиш масаласини ўрганишни бошлади.

Саховат маҳалласида май ойининг охирида бўлиб ўтган норозилик акцияси ҳақида Озодликка 12 июнь куни маълум бўлди.

Бу ҳақда хабар йўллаган саховатлик йигитга кўра, маҳалла аҳли тошқин оқибатида уйи вайрон бўлганлар учун ҳукумат ваъда қилган пулни ололмаганига норозилик билдирган.

“Адашмасам, 27 май эди. Ўша куни маҳалла биноси олдига жуда кўпчилик йиғилди. Туман ҳокимлигидан ҳам вакиллар бор эди. Одамлар президент ваъда қилган 40 миллион сўм таниш-билишчилик қилиб тарқатилаётганига норозилик билдирди. Бу пулни олувчилар рўйхатига уйига сув кирганларнинг ҳаммаси ҳам киритилмаганидан шикоят қилишди. Бақир-чақир бўлиб кетди. Сал қолди ҳокимликдан келган Фармоновни аёллар уриб ташлашига. Югур-югур қилиб, чарчаган одамлар бутун ғазабини Фармоновдан олишди. Менимча Фармоновга тош ҳам отишди. Ушбу воқеадан кейин Фармонов касалхонада даволаниб ҳам чиқди”.

Саховат маҳалла йиғини масъуллари ушбу воқеани Озодликка тасдиқлади.

“Тўғри шунақа воқеа бўлди. Маҳалла йиғини раҳбарлари ҳаммамиз ўша ерда эдик. Биласиз, аёллар жаҳл қилса, бақир-чақир қилиб ташлашади. Ҳокимликдан келган Ҳайитбой Фармонов ҳам шу ерда эди. Лекин “Фармоновни уришди” дегани нотўғри. Унинг касалхонада даволаниб чиққани тўғри. Ўзим ҳам ўша кундан кейин касалхонага тушишимга сал қолди. Давление чиқиб кетди. Фармоновнинг ҳам давлениеси чиққан бўлса керак”, деди Саховат маҳалла йиғини масъули.

Суҳбатдошлар тилга олган Ҳайитбой Фармонов - Оқолтин туман ҳокимлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғидир. У Сардоба техноген фалокати сабаб уйлари вайрон бўлган аҳолига ҳукумат ажратган маблағнинг тарқатилиши учун масъул бўлган.

Оқолтин туман ҳокимлигининг исми очиқланмаëтган мулозимларидан бири 12 июнь куни Озодлик билан суҳбатда Ҳайитбой Фармонов Саховат маҳалласидаги норозилик воқеасидан сўнг ишдан олинганини билдирди:

“Саховат маҳалласидаги тўполондан сўнг ишни бости-бости қилиш мақсадида Фармонов ишдан олинди. Лекин унга “ўз хоҳишига кўра” ариза ёзиб, ишдан кетишга рухсат беришди. Чунки Фармоновни ҳайдашса, у ҳокимликдаги бошқаларни ҳам тортиб кетиши аниқ эди. Ҳукумат ажратган ёрдам пулини таниш-билишлар орқали ўзлаштириш масаласи аслида бор гап. Бу пулга ҳокимликдаги катта мулозимларимиздан бири катта участка қураётганини ҳам ҳамма билади. Лекин ҳеч ким сизга буни исботлаб бера олмайди. Шунинг учун Фармонов ҳам ишдан кетиб, қутулишни маъқул кўрди. Чунки у буйруқни бажарганлардан бири¸ холос”.

Оқолтин туман ҳокимлигининг кадрлар бўлими ходимлари Ҳайитбой Фармонов 1 июнь куни “ўз аризасига кўра” ишдан кетганини тасдиқлади. Ҳозирча Фармоновнинг ўрнига ҳеч ким тайинланмаган.

Ҳайитбой Фармоновнинг мобиль телефони 12 июнь куни ўчиқ бўлгани сабаб Озодлик унинг ўзи билан боғлана олмади. Фармоновнинг танишларига кўра, у ҳозирда дам олишда.

Саховат маҳалла йиғинидан олинган маълумотга кўра, май ойидаги норозилик воқеасидан сўнг яна 30 кишини “ёрдам пули” оладиганлар рўйхатига киритиш масаласи кўрилмоқда:

“Бу ўша куни жанжал чиқарганлардан ўттизтаси. Махсус комиссия ҳозир улар аризасини ўрганмоқда”.

Оқолтин туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, тошқин оқибатида Саховат маҳалласидаги 30 фоиз уй вайрон бўлган. Шунингдек, тумандаги яна иккита маҳалла жиддий зарар кўрган: Шодлик маҳалласида 90 фоиз уй, Аҳиллик маҳалласида 50 фоиз уй вайрон бўлган. Тошқиндан туман бўйича жами 8000 га яқин аҳоли уйсиз қолган.

2 июнь кунги расмий маълумотга кўра, Сардоба тошқинида жабрланган Сирдарё вилоятидаги жами 4 025 оилага президент кўрсатмасига асосан 40 миллион сўмдан моддий ёрдам берилган. Бундан ташқари яна 1 818 та фуқарога ҳам шу миқдорда моддий ёрдам берилиши айтилган.

Айни пайтда¸ тошқиндан зарар кўрган уйи учун ҳукумат ваъда қилган пулни ололмаётганлар томонидан Озодликка шикоятлар келишда давом этмоқда.

Сиз ҳам Сардоба техноген фалокати оқибатида уйсиз қолганлардан бўлсангиз¸ ҳозирда қаерда¸ қандай аҳволда яшаëтганингиз¸ ҳукумат ваъда қилган ëрдамнинг берилган-берилмагани ҳақида Озодликка хабар йўллашингиз мумкин. Бунинг энг қисқа ва осон йўли @ozodnews Telegram каналига маълумот йўллаш. Бу каналга +420 724 971 539 рақами орқали боғланишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG