Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:14

15 сўхлик иш ҳақи камлиги ва шароит ёмонлиги учун Olmazor City қурилишини ташлаб кетди (ВИДЕО)


Фарғонага қайтиб кетган сўхлик ишчилар, 29 июнь, 2020
Фарғонага қайтиб кетган сўхлик ишчилар, 29 июнь, 2020

Бош вазир Абдулла Арипов таклифи билан Тошкентдаги Olmazor City қурилишига ёлланган сўхликлар маошнинг озлиги ва шароитнинг ёмонлигидан норози бўлиб ишни ташлаб, Фарғонага қайтди.

Ишчиларга кўра, Discover Invest ширкатига қарашли қурилишда уларга бош вазир ваъда қилган 4 миллион сўм ўрнига 1 миллион 800 минг сўмдан ойлик белгилашган, бунинг устига ўта оғир шароитда сақлашган.

15 нафар сўхлик 29 июнь куни Фарғонага етиб келгани ва энди Сўхга йўл ёпиқлиги боис, Фарғонада қолаётганини Озодликка айтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Olmazor City ва Yunusobod Business City лойиҳалари доирасидаги қурилишларни олиб бораётгани айтилган Discover Invest ширкати сўхликларнинг шикояти юзасидан Озодликка жавоб беришни ваъда қилган.

29 июнь куни Озодлик билан гаплашган сўхликларга кўра, улар бош вазир ваъда қилганидан паст берилган меҳнат ҳақи ва санитария талабларига зид шароитдан қониқмай, ишни ташлаган:

- Сўхда оддий ишчилар 2 миллион сўм, усталар 4 миллион сўмдан ойлик оласизлар, дейишди. Бизга 1 миллион 800 минг сўмдан ойлик берамиз, дейишди. Хўп, деб иш бошладик. Лекин, шароити ҳам жуда оғир эди - 15 кишига битта душ, унда ҳам иссиқ сув баъзан йўқ. Тушликка ош-пош бериб туришди, лекин ҳар оқшом бир хил овқат - макарон шўрва, 2 бўлак нон. Ишлаб бўладиган шароит эмасди бу, - деди ўзини Азиз Умаров деб таништирган 18 яшар сўхлик.

Азиз билан бирга ишлаганини айтган яна бир сўхлик - 25 яшар Шохруҳ Мусаевга кўра, қурилишга ёлланган сўхликларга қурилиш майдонини тарк этиш тақиқланган:

- Бизга чиқиш мумкин эмас, дейишди. Лекин, бошқа вилоятлардан борганлар ҳар оқшом 1-2 соатга чиқиб айланиб келади. Лекин, бу ётоқхонада карантин чораларига умуман амал қилинмади. Дезинфекция воситалари йўқ. Биз ўз соғлигимиздан ҳам қўрқиб қолдик, ойлиги ҳам кам. У ерда ишлай олмаймиз, деб ташлаб келдик. Мен аслида Россияда университетнинг 3-босқичида ўқийман. Уйга таътилга келиб, карантин сабаб қолиб кетдим. Ўқишимни давом эттириш учун Россияга қайтишим керак.

Бу сўхликлар Olmazor City қурилиш майдончасида олингани айтилган видеоларни Озодликка тақдим қилди. Видеоларда уларга берилаётган егуликнинг ғариблиги, ижтимоий масофа талаб қилинаётган бир пайтда ошхонадаги тирбандлик, ажратилган ётоқхоналардаги шароитнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслигидан шикоят қилинган:

15 сўхлик: иш ҳақи камлиги ва шароит ёмонлиги учун Olmazor City қурилишини ташлаб кетдик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:51 0:00

Olmazor City қурилиш майдончасида буёқчилик қилганини айтган 31 яшар Шохид Тешаевнинг аҳволи эса юқоридаги икки ҳамюртиникидан янада оғир.

Айтишича, у Тошкентда ишлаб турганида рафиқаси оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига тушиб қолган:

- Мана неча кундан бери хотиним шифохонада. Мен Тошкентдан келиб, ҳокимиятга бордим. Ҳоким Шуҳрат Ғаниев қабулига киролмадим. Лекин, менга чегара масалалари бўйича масъул, деб бир кишининг телефонини беришди, ҳанузгача у киши билан ҳам гаплаша олмадим. 6 яшар қизим, 1 яшарлик эмизикли ўғлим 3 кундан бери қариндошларим қўлида қолиб кетган. Сўхга ўтишим керак. Лекин, мана ҳозир Фарғонадаги шифохоналардан бирига қарантинга киритиб қўйишди. Нима қилишни билмай турибман.

Сўхликларнинг айтишича, 28 июнь куни Olmazor City қурилиш майдончасини 15 сўхлик тарк этган ва ундан олдин ҳам, у ерни тарк этган 10дан ортиқ сўхлик Фарғонада карантинда сақланмоқда. Айтишларича, улар вилоят ҳокимлиги биносидан карантин ҳудудига йўлланган.

- У ерда сизлардан коронавирус учун таҳлил олишади. 6 соат ичида сизда вирус бор-йўқлиги маълум бўлади. Агар йўқ бўса, тиббиёт маълумотномасини оласизлар, чиқасизлар, дейишди. Лекин, Сўхга ўтказиш масаласида аниқ жавоб беришмади. Кутаяпмиз, - деди Азиз Умаров.

Озодлик, бу сўхликлар масаласида Сўх тумани ҳокимлигидан ҳозирча бирор расмий муносабат ололмади.

Фарғона вилоятининг тўлиғича Қирғизистон ҳудуди билан ўралган эксклав тумани - Сўхга йўл ёпиқ. Сўхлик ишчилар шу йилнинг 8 июнида Бош вазир таклифи асосида махсус автобуслар билан Сўх туманидан олиб чиқилган эди.

Шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг баҳсли ҳудудидаги Чашма булоғи устида икки давлат ватандошлари ўртасида тўқнашув чиққан ва бунинг ортидан Сўхга борган Бош вазир Абдулла Арипов, 500 сўхликка Тошкентдан яхши маошли иш ваъда қилган эди.

Тошкентдан борган расмийлар билан шахсан учрашганини айтган бир неча сўхлик устага кўра, ўшанда уларга 4 миллион сўмгача ойлик маош ваъда қилинган. Аммо Тошкентдаги Olmazor City қурилиш лойиҳаси раҳбарилари уларга кўпи билан 2 миллион ойлик белгилагани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган эди.

Озодлик Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Olmazor City ва Yunusobod Business City лойиҳалари доирасидаги қурилишларни олиб бораётгани айтилган Discover Invest ширкатига мурожаат қилган.

Ширкат вакили сўхлик ишчилар мурожаати ортидан пайдо бўлган саволларга фақат электрон почта орқали йўлланган расмий мактубдан сўнг жавоб берилишини билдирганди.

22 июнь куни ушбу ширкатдан: "Ассалому алейкум! Сизнинг хатингиз қабул қилинди. Тез орада жавоб берамиз. Хурмат билан, Discover Invest" деган жавоб келди. Аммо, Озодлик йўллаган саволларга ҳозирча жавоб берилгани йўқ.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати шу йилнинг 8 июнь куни 230 ёш сўхлик ишчи автобусларда тумандан Фарғонага йўл олганини хабар қилган эди:

“Фаоллар йиғилишида Бош вазир томонидан 500 нафар сўхлик ёшларни Ватанимиз пойтахти – Тошкент шаҳридаги қурилишларга сафарбар этиш таъкидланганди. Бугун туман марказидан рӯйхатга олинган 230 нафар ёшларимизнинг биринчи гуруҳи автобуслар орқали Фарғона шаҳрига жӯнаб кетишди. Ёшларимиз Фарғонадан Тошкент шаҳрига – Tashkent City томон йӯл олишади”.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати тарқатган сурат, 8 июнь, 2020
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати тарқатган сурат, 8 июнь, 2020

Сўх туман ҳокимлиги 8 июнь куни эълон қилган расмий маълумотга кўра, жами 500 сўхлик Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари учун ишга ёлланган.

Тошкентдаги қурилишларнинг асосий қисмини эса айнан Discover Invest ширкати амалга оширмоқда. Ширкатнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида маълум қилинишича, пойтахтда кўпқаватли тураржой ва бизнес комплекслари, савдо мажмуаларидан иборат 20 га яқин янги лойиҳаларни амалга оширган.

Бу лойиҳаларга ишчи сифатида ёлланган ўзбекистонликлардан, қурилиш майдончаларидаги шароитнинг оғирлиги, егуликнинг сифатсизлиги, маошнинг эса паст экани ва вақтида берилмаслиги ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келган.

Discover Invest, Озодлик гаплашган компания расмийсининг айтишича¸ Akfa Group ҳолдингига қарашли. Бу ҳолдинг акцияларининг 70 фоизи эса¸ Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) ​томонидан Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашлидир.

XS
SM
MD
LG