Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:29

“Ойбек-Фаберже" иши: Ғафур Раҳимов асосий гувоҳ сифатида ўтаётган ишда суд тергови якунланмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.

29 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели тумани суди судьяси Баҳодир Юсупов раислигида тадбиркор ака-укалар Ойбек ва Элдор Миралиевлар устидан ўтаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси, адвокатларнинг суд таркибига отвод беришига қарамай, давом эттирилди.

Адвокатларга кўра, "дастлаб адолатли бошланган суд мутлақо тескари томонга ўзгарган, судланувчиларнинг ҳимоя тарафи томонидан келтирилган илтимосномалар асоссиз равишда рад қилинмоқда".

Суд ёпиқ ўтди: жамоатчилик, журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари суд мажлисларига қўйилмаяпти. Бу ҳолат эпидемологик вазият билан изоҳланди. Бироқ судланувчиларнинг ҳимоячилари суднинг ёпиқ ўтаётгани учун судга ишончсизлик билдириб, суднинг бутун таркибига отвод беришди, аммо бу отвод рад қилинди.

Суд эса ўз ҳаракатини Ўзбекистон Олий суди Раёсатининг шу йил 20 мартдаги суд иштирокчилари (судланувчи, прокурор ва ҳимоячилар) бўлмаган шахсларни суд биносига киритмаслик борасидаги қарори билан изоҳлади.

Тоштурмага коронавирус оралади, суд онлайн тартибга кўчди

Суд ходимига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторида коронавирусга гумон қилиниб, бир неча шахс карантинга олинган. Шу пайтга қадар Тоштурмада ўтаётган судлар 29 июндан онлайн тартибга ўтди. Жумладан, ака-ука Миралиевлар билан онлайн тартибда ўтказилган суд мажлисларида эса суд тергови деярли якунланмоқда.

Жиноят ишида асосий гувоҳ бўлиб ўтган ва судда сўроқ қилиниши лозим бўлган Ғафур Раҳимовнинг ўзи, суд ажрими бўлишига қарамай, маҳкамага келмаяпти.

Адвокатларга кўра, Ғафур Раҳимов 2019 йилнинг 22 декабрида (Президент сайлови куни) Бош прокуратурада ака-ука Миралиевларга қарши узоқ кўрсатма берган ва бу ҳаракати билан судда ҳам кўрсатма беришга мажбур. Шунингдек, процессуал қонунчилик жиноят ишининг барча иштирокчиларини, жумладан, Бош прокуратура терговчиларини ҳам судда сўроқ қилишга имкон беради. Бу борада илтимоснома киритилганига қарамай суд Бош прокуратура ходимларини сўроқ қилишга шошилмаяпти.

Гувоҳлар собиқ хўжайинига қарши кўрсатма бера бошлагани айтилди

Адвокатларга кўра, суд мажлисларида сўроқ қилинган таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг собиқ ёрдамчиси Зиёвуддин Ҳожиниёзов, тадбиркорга тегишли ширкат ходимаси Наталья Шоназаровалар эса собиқ хўжайинига қарши кўрсатмалар бериб, низода тадбиркор ака-укаларнинг ҳақлигини эътироф этишмоқда.

Адвокатлардан бирининг айтишича, суд мажлисида тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистондаги сўнгги “смотряшчий”си экани айтиладиган гувоҳ Алишер Алимовни қайта сўроқ қилди. У олдинги суд мажлисларида адвокатлардан бирини суд мажлиси давомида ҳақорат қилгани боис маъмурий жавобгарликка тортилганди.

Адвокатлар, шунингдек, гувоҳ Фарруҳ Бахтиёров судга Раҳимовлар оиласининг ака-ука Миралиевларни қаматиш режаси акс этган аудио кассетани тақдим қилганини, суд маслаҳатлашувлар давомида бу далилий ашёга баҳо беришини айтганини хабар қилди.

7 миллион долларлик даъво

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчиси У. Ш. Умаров имзолаган ва Озодликда нусхаси бўлган айблов хулосасида даъвогарлар сифатида Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларнинг исмлари зикр қилинган.

Айблов ҳужжатларида ëзилишича¸ Ойбек Миралиев хусусан Лола Раҳимованинг синглисига тегишли кўчмас мулкни 650 минг долларга сотиб, пулини бермаганликда гумон қилинмоқда.

Бундан ташқари Озодлик танишган даъво аризасида Лола Раҳимова ўзига тегишли «Mercedes-Benz Maybaсh» автомобилини “Ойбек Миралиев ўзлаштирди” деб даъво қилгани ёзилган. Шунингдек, Ғафур Раҳимовнинг вакили ўз даъво аризасида Ойбек Миралиев ва унинг укаси Раҳимовлар оиласига тегишли жами 7 миллион долларга яқин маблағни ўзлаштириб юборганликда айбламоқда.

Аммо Ойбек Миралиевнинг адвокати Ёқутхон Худоëрова ака-укага қарши иш тўлалигича "уйдирма" эканини 2019 нинг декабрида иддао қилган эди.

Адвокат Худоëровага кўра¸ манфаатдор доиралар “ Ойбекни қаматиш йўли билан унга тегишли кўчмас мулклар, ширкатларни ўзлаштириб олмоқчи”.

Озодлик гаплашган Ойбекнинг яқинлари бу иш ортида Ғафур Раҳимов билан яқин алоқада бўлган юқори мансабли ҳукумат мулозимлари турганини иддао қилди. Айни пайтда Озодликда бу иддаонинг расмий тасдиғи ëки инкори йўқ.

Президент олқишлаган тадбиркор ака-укалар

Тадбиркор гуруҳлар орасида "Ойбек тухум"¸ “Ойбек-фаберже” (Заргар Карл Фаберже (1846-1920) ясаган тухум шаклидаги заргарлик асарлари ишора) ¸"Киндер сюрприз" деган номлар билан танилган Ойбек Миралиев ва унинг укаси Элдор сўнгги 10 йил ичида мамлакатдаги паррандачиликка ихтисослашган бизнеснинг асосий фигураларидан бири ҳисобланади.

Озодлик танишган 2011 йилга оид ҳужжатларда Ойбек Миралиев Навоий вилояти Кармана туманидаги “Сардоба Парранда” фабрикасининг эгаларидан бири эканлиги қайд этилган.

Шунингдек Озодликда Ойбек Миралиев ўзининг икки-укаси Сардор ва Элдор билан биргаликда Латвиядан Ўзбекистонга шрот (қорамоллар учун озуқа, кунжара) импорт қилгани ҳақида маълумот бор.

Озодлик мухбири кўрган ҳужжатларда акс этишича, Ойбек Миралиев 2010 йилдан 2012 йилгача БААнинг Дубай шаҳрида бир қанча тижорий тадбиркорлик лойиҳаларида иштирок этган.

XS
SM
MD
LG