Хоразмдаги "Ҳудудгазтаъминот" МЧЖда ишловчи тўққиз юздан ортиқ ишчининг деярли ярми 1 августдан ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ходимлар аксари газ қувурлари назоратчилари бўлган мутахассислар ўрнига Мажбурий ижро бюросининг газ ва электр учун қарз ундириш билан шуғулланиб келган ходимлари ишга олиниши кутилаётганини айтди.
“Ўзтрансгаз” АЖнинг Тошкентдаги бош идораси мулозимининг Озодликка билдиришича, гап иш ўринларининг қисқартирилиши ҳақида эмас, тизим фаолиятини оптималлаштириш ҳақида бормоқда.
Бошқа вилоятлардаги "Ҳудудгазтаъминот" МЧЖларида ҳам қисқаришлар кутилаётгани ҳақда Озодлик маълумотга эга эмас.
Ўзбекистон президентининг 2020 йил 18 июндаги "Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, МИБдан қатор ваколатлар 1 августидан олиб қўйилиши олдидан бюронинг айрим шаҳар ва туман бўлимларида ходимларни қисқартириш бошлангани ҳақда Озодлик аввал хабар берганди.
Исми очиқланмаслигини истаган Хоразмдаги "Ҳудудгазтаъминот" МЧЖ масъул ходими жамиятнинг вилоят бўйича 944 ишчисидан беш юзга яқин ишчиси қисқаришга тушиши ҳақида огоҳлантирилганини айтди.
Унга кўра, ҳамма мутахассисликлар бўйича ходимлар қисқартирилиши кутиляпти.
- 1 августдан истеъмолчиларнинг қарздорлигини ҳисоб-китоб қилиш ва ундириш яна бизнинг ташкилот зиммасига тушяпти. Шунинг учун реструктуризация бошланган. Беш юзга яқин ишчига жавоб берилади, биринчи навбатда пенсия ёшига етиб қолганлар, линия обходчиклари, газ қувури назоратчилари, подземшиклар бўшатилиши, уларнинг ўрни МИБдан бўшатилган малакали ходимлар билан тўлдирилиши кутиляпти, - деди "Ҳудудгазтаъминот" масъул ходими.
Хоразм "Ҳудудгазтаъминот" муҳандиси Умид Жуманов 2 июль куни Озодлик билан суҳбатда реструктуризация тўғрисидаги хабар ўзи ва ҳамкасбларини ташвишга солиб қўйганини айтаркан, бундай деди:
- 2017 йил май ойида МИБ ташкил этилганида идорамизда 1640 одам ишлаган бўлса, шундан 944 одам ишда қолдик, қолгани бўшатилган, улар ишсиз қолганди. 2019 йил кузида яна реструктуризация бўлиб, 300га яқин одам бўшатилди. 491 ишчини янги таъсис этилган "Ҳудудгазтаъминот"МЧЖга ўтказишди. Бўшатилганлар ўрнига янги ходим олишди. Эски "Хоразмгаз" тугатилди. Ўшанда компенсация пулимиз берилмай қолиб кетди. 1 августдан яна реструктуризация бўляпмиз. Ҳамманг бўшатиласизлар, деди. Ўзлари хоҳлаган ходимларни янги реструктуризация бўлган МЧЖда қолдирар экан. Асосан МИБдан қисқаришга тушганларни олишар экан, деган гап бор.
"Ҳудудгазтаъминот" МЧЖларда ишловчи 14 минг ходимдан қанчаси ишдан кетиши мумкинлиги, ишсиз қолган ходимларга қай тарзда ва қанча миқдорда товон пули тўланиши, улар ўрнига кимлар ишга олиниши юзасидан саволларга жавоб олиш учун уларнинг таъсисчиси бўлган “Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизматига боғланиб бўлмади.
“Ўзтрансгаз” АЖнинг Тошкентдаги бош идорасида ишловчи исми очиқланмаслигини истаган масъул ходим Озодликка "Ҳудудгазтаъминот" МЧЖлар Ўзбекистон президентининг 2020 йил 18 июндаги "Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан ислоҳ қилинишини айтди.
Унга кўра, гап иш ўринларининг қисқартирилиши ҳақида эмас, тизим фаолиятини оптималлаштириш ҳақида бормоқда:
- Оптималлаштириш бўляпти. Келаси йил оҳирига қадар қарздорликни ҳисоб-китоб қилиш автоматлаштирилган тарзда бўлади. Уйма-уй юрилмайди, онлайн бўлади. Агар тўламаса автомат тарзда узилади. Ҳали кимни ишдан олиш, қанча одамни қисқартириш ҳақида менда аниқ маълумот йўқ, буни вилоятлардаги бўлимларни ўзлари ҳал қилади, - деди “Ўзтрансгаз” АЖнинг исми очиқланмаслигини истаган масъул ходими.
Ўзбекистон президентининг 18 июнда имзолаган “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6010-сонли фармонига мувофиқ аҳолидан газ ва электр тўловларини ундириш Мажбурий ижро бюроси зиммасидан олинади.
1 августдан бошлаб газ ва электр ҳақларини ундириш билан Энергетика вазирлиги, унинг ҳудудий бўлимлари шуғулланади.
Президент қарорида бу ўзгаришлар ҳисоб-китоб қилишнинг замонавий усулига ўтилиши билан боғлиқлиги айтилган.
Мажбурий ижро бюроси 1 августдан фақат суд ва бошқа орган қарорлари ижроси билан шуғулланади.
Аҳолидан газ ва электр тўловлари ва бошқа қарзларни ундириш учун 2017 йил май ойида президент фармони билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги қошидаги Суд департаменти тугатилиб, Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганди.
Ўшанда “Ўзтрансгаз” АЖнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирликлари қисқартирилганди.