Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:13

Тошкентдаги ишни ташлаб қайтган сўхлик усталар уйига кетиш учун Қирғизистон чегарасидан ўта олмаяпти


Қирғизистон орқали Сўх туманига олиб борувчи йўлдаги Водил чегара постида турган сўхлик ишчилар, 13 июль, 2020
Қирғизистон орқали Сўх туманига олиб борувчи йўлдаги Водил чегара постида турган сўхлик ишчилар, 13 июль, 2020

Бош вазир ваъдаси билан Тошкентдаги Olmazor city қурилишига ишга ёлланган, бироқ маошнинг озлиги ва яшаш шароитининг ёмонлигидан норози бўлиб Фарғонага қайтган бир гуруҳ сўхлик уста ҳануз уйига етолмаяпти.

15 юртдоши номидан Озодликка боғланган усталардан бирига кўра, улар 7 июлдан бери Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Водил" постига қатнамоқда, аммо Сўх анклавига ўтишига рухсат берилмаётир.

Бу сўхлик ишчилар Тошкентдаги ишни ташлаб, Фарғонага қайтгач, карантин марказига жойлаштирилгани ҳақида Озодлик 29 июнь куни хабар қилган эди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, ҳозирда бу 15 кишилик гуруҳ ва бошқа сўхликларнинг рўйхати тузилган ва Махсус комиссиядан уларни Сўхга ўтказиб қўйиш учун рухсат кутилмоқда.

13 июль куни Озодлик билан суҳбатлашган сўхлик уста йигит Шоҳрузнинг айтишича, улар 7 июль куни 14 кунлик карантинни тугатиб, махсус автобусда ИИВ ходимлари кузатувида "Водил" чегара постига олиб борилган.

Фарғона вилоятининг тўлиғича Қирғизистон ҳудуди билан ўралган эксклав тумани - Сўхга йўл ёпиқ.

Шоҳрузга кўра, чегарачилар, сўхлик ишчилар махсус рухсатнома ва Сўх тумани ҳокимлигидан вакил билангина туманга ўтказилиши мумкинлигини айтган.

- 7 июль куни карантиндан чиқдик, коронавируси йўқ, деган қоғозни беришди. Ўша куни мелисалар билан битта автобусга солиб, "Водил" чегара постига олиб боришди. Борсак, чегарачилар ўтказмади. Сўх туманидан махсус вакили келиши керак эди, келмади, дейишди. Шу билан Фарғона вилояти ҳокимлиги қайтариб олиб келишди. Улар кимни қоладиган уйлари бўлса, бориб кутиб туришсин, хабар берамиз, дейишди. Шундан бери сарсонмиз. Чегара постидаги автобекатда ҳам тунадик, ёмғирлар ёғди, бировларни иссиғи чиқиб кетди. Ҳалиям Сўхга ўтолмаяпмиз, - деди Шоҳруз.

Қуйида Шоҳруз билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:09 0:00
Бевосита линк

Уйига кетолмай, Фарғонада сарсон бўлиб юрган сўхлик усталар тақдири борасида Озодликка маълумот берган Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, ҳозирда бу 15 кишилик гуруҳ ва бошқа сўхликларнинг рўйхати тузилган.

- 10 июлдан Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилди, шуни натижасида чегараларда ҳам худди шундай чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бунинг устига, Қирғизистонда ҳам кейинги пайтда коронавирус билан касалланиш кескин кўпайиб кетди. Шунинг учун қўшни давлат ҳам чегараларни қаттиқ қўриқлаяпти, кириш-чиқиш кескин чекланган. Шунинг учун, чегарадан ўтиши шарт бўлганларинг рўйхатини қилиб, Call-center орқали Ўзбекистон Махсус комиссиясига бердик. Ўз навбатида Қирғизистон Ҳукумат комиссиясидаги Call-center ҳам ҳамкорликда иш олиб бориб, рўйхатни Чегара қўшинларига берган. Ҳозир Қирғизистон томонидан жавоб кутиляпти. Ҳар ҳолда жавоб узоқ кутилмайди, - деди матбуот котиби.

Сўхлик ишчилар шу йилнинг 8 июнида Бош вазир таклифи асосида махсус автобуслар билан Сўх туманидан олиб чиқилган эди.

Шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг баҳсли ҳудудидаги Чашма булоғи устида икки давлат ватандошлари ўртасида тўқнашув чиққан ва бунинг ортидан Сўхга борган Бош вазир Абдулла Арипов, 500 сўхликка Тошкентдан яхши маошли иш ваъда қилган эди.

Тошкентдан борган расмийлар билан шахсан учрашганини айтган бир неча сўхлик устага кўра, ўшанда уларга 4 миллион сўмгача ойлик маош ваъда қилинган.

Аммо Тошкентдаги Olmazor City қурилиш лойиҳаси раҳбарилари уларга кўпи билан 2 миллион ойлик белгилаган. Бунинг ортидан 15 сўхлик уста маошнинг озлиги ва шароитнинг ёмонлигидан норози бўлиб ишни ташлаб, 29 июнь куни Фарғонага қайтганди.

Ишчиларга кўра, Discover Invest ширкатига қарашли қурилишда уларга бош вазир ваъда қилган 4 миллион сўм ўрнига 1 миллион 800 минг сўмдан ойлик белгилашган, бунинг устига ўта оғир шароитда сақлашган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Olmazor City ва Yunusobod Business City лойиҳалари доирасидаги қурилишларни олиб бораётгани айтилган Discover Invest ширкати сўхликларнинг шикояти юзасидан Озодликка жавоб беришни ваъда қилган, бу ҳануз жавоб бермаган.

XS
SM
MD
LG