Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Андижон ҳокими брифинги олдидан журналистларга 5 миллион сўмдан тарқатилди


20 июль куни Андижон ҳокимлигида ўтказилган матбуот брифингида йигирмадан зиёд журналист қатнашган.
20 июль куни Андижон ҳокимлигида ўтказилган матбуот брифингида йигирмадан зиёд журналист қатнашган.

20 июль куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида коронавирус муаммосига бағишлаб ўтказилган матбуот брифингига борган журналистларга 5 миллион сўмдан пул тарқатилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган журналистларнинг Озодликка айтишича, уларнинг ўзлари ҳам брифингда қатнашган ва ҳокимлик матбуот хизмати ходими бу пул "ҳокимнинг совғаси" эканини айтган.

Озодлик билан суҳбатда баъзи журналистлар ҳоким номидан берилган пулни касб байрамларига (касб байрами қарийб 1 ой олдин ўтиб кетган) атаб берилган ҳадя сифатида олишганини айтса, бошқалар бу холатда ҳокимият ва матбуот ўртасида манфаатлар тўқнашуви кўраётганликларини айтиб, буни "журналистлар оғзини мойлаш" дея талқин қилди.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бундан олдин футболчилар, теримчилар, шоирлар, раққосаларга пул ва машиналар совға қилган.

Ижтимоий тармоқларда бундай совғалар қаердан олиняпти, деган саволлар ўртага ташланмоқда.

20 июль кунги брифингда қатнашган, лекин исми очиқланишини истамаган андижонлик журналист ўзи ҳам ҳоким номидан 5 миллион сўм олганини Озодликка айтар экан бундай деди:

- Брифингдан олдин ҳокимлик матбуот хизматидан телефон бўлди. Брифингга келинглар, ҳокимнинг совғаси бор, олиб кетасизлар дейишди. Борганимизда брифинг аввалида 5 миллион сўмдан беришди. "Ҳокимнинг совғаси" дейишди. Анжуман сўнггида ҳокимнинг ўзи "муаммо бўлса, менинг ўзимга айтинглар, мана телефон номерим, муаммони бирга ҳал қиламиз", деб айтди.

Андижон вилоят ҳокими матбуот брифингида журналистларга пул тарқатилганини андижонлик журналист Акмал Муйдинов ҳам Озодликка тасдиқлади.

Муйдинов бу пул Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ҳокимнинг совғаси бўлганини айтди:

- Биз бунақа брифингларга доим ҳам боролмаймиз. Келмасанглар бўлмайди, шунақа ўтган сафарги совғани олиб кетасизлар, деди. Борсак брифинг бошланишидан олдин шу брифингни олиб борган матбуот хизмати ходими бизга пулни берди. Бошқаларни билмайман, у ерда йигирмадан ортиқ журналист бор эди. Бизга берди. Тушунишимча бу ҳокимнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан совғаси. Ҳокимнинг ҳадяси сифатида олдик.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00
Бевосита линк

Брифингда қатнашган бошқа бир журналист эса ўзи ва касбдошларига ҳоким тарафидан пул берилиши ҳолатида ҳокимият ва матбуот ўртасида манфаатлар тўқнашуви кўраётганини айтди.

- Брифинг пайти шу брифингда журналистлар саволига жавоб бериши керак бўлган ҳоким журналистларга пул беряпти. Буни қандай тушуниш мумкин? Бу журналистларнинг оғзини мойлаш эмасми? Ҳокимлар ижроия ҳокимият, журналистлар тўртинчи ҳокимият. Ўртага пул аралашяпти. 27 июнь куни эса худда шу журналист блогерларга, ҳар бирига ҳоким телевизор тарқатган эди. Андижон вилоят ҳокимининг пули жуда кўпайиб кетган бўлса камбағалларга берса бўлмайдими?! Андижон ТВ ни курсак кўнглимиз айнийди, чунки туну кун вилоят ҳокимини кўрсатиб мақташади. Ҳа энди шунча совғани олгандан кейин мақтайдида... Вилоят эса коронавирус ва кўзбўямачилик билан тўлиб кетган.

Аммо, Акмал Муйдинов бу қарашга қўшилмайди.

У ҳокимлик тарафидан берилган пулни шунчаки ҳадя деб билишини айтди:

- Ҳамма ўзининг тушунчаси билан тушунади. Биз уни ҳадя деб олдик. Чунки, байрам ўтди. Тўғриси, байрамда ҳар йили яхши совға оламиз-да. Лекин, бу совғаларнинг фаолиятимизга таъсири бўлмайди. Шу куннинг ўзида танқид бердик. Қўрғонтепа туманидан шу куннинг ўзида танқид бердик. Ҳоким агар ёрдам керак бўлса мана телефоним, менинг ўзимга айтинглар, масалани бир томонлама ўрганманглар, танқидга очиқман, ҳеч қачон журналистлардан қочмаганман деди. Яъни пул берилишида конфликт вазият кўрмаяпман.

20 июль куни журналистларга пул берилгани юзасидан изоҳ олиш учун Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига боғланиб бўлмади.

Ҳокимлик расмий сайтида матбуот хизмати тугмаси босилганда "бундай саҳифа йўқ" деган ёзув пайдо бўлди.

Effect.uz сайти бош муҳаррири Акмалхон Эшонхонов журналистлар ҳокимият идораларининг совғаларига учмай, бундан масофаланиши лозимлигини айтади:

- Ўзини ҳурмат қиладиган журналист, бундай холатлардан масофаланиши керак. Пул ёки совғаларни олмаслиги керак, деб ўйлайман. Чунки бу низоли холатни келтириб чиқаради. Журналист мустақил бўлиши лозим. Совғалар, пуллар мустақиллигини чеклаб қўйиши аниқ, - дейди Эшонхонов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00
Бевосита линк

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бундан олдин "Андижон" жамоаси футболчилари, теримчилар, шоирларга пул ва машиналар совға қилган.

Ижтимоий тармоқларда эса фойдаланувчилар бундай совғалар манбаси қаердан олиняпти, деган саволларни ўртага ташлашган.

Ҳоким Абдураҳмонов эса бу саволларга "бераётган бўлсам халқимга беряпман", дея жавоб қилган.

Ўтган йил 25 ноябр куни вилоятлик спортчиларни тақдирлаш маросимида Андижон вилоят ҳокими: "Кимлардир муҳокама қилиб кўряпти буни ҳам ҳоким қатдан оберяпти, нима оберяпти. Мен бераётган бўлсам, халқимга беряпман. Ўзим емаяпман, шу халқимга беряпман мен", деган эди.

Лекин, ҳоким бундай совғалар манбаси қаердан олинаётганини очиқламаган.

XS
SM
MD
LG