Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:56

Тошкентлик блогер: ДХХга чақиртирилишим тармоққа қўйган постим билан боғлиқ


Блогер Миразиз Бозоров
Блогер Миразиз Бозоров

Тошкентлик блогер Миразиз Бозоров Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) терговчиси 27 июлда имзолаган чақирув қоғози билан ўша кун, соат 16.00 га терговга чақиртирилди.

Блогернинг Озодликка айтишича, ДХХга чақиртирилиши, унинг Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермаслик сўралган пости ортидан юз берган.

ДХХ нинг Чақирув қоғозида кўрсатилган телефон рақамига Озодлик қилган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Кейинги кунларда Ўзбекистонда блогерлар ва журналистларга босимлар кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Баъзи ҳолатларга Бош прокуратура ҳам эътибор қаратди.

Блогер Миразиз Бозоров билан суҳбат (рус тилида)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:02 0:00
Бевосита линк

- Постни мен жума куни эълон қилдим ва душанба куни (27 июль) эрталаб менга қўнғироқ қилиб, ДХХ га чақиришди. Мен расмий чақирув жўнатишларини сўрадим. Кундуз соат 3.30 да топшириб кетишибди онамга чақирувни. Унда ярим соатдан кейин, яъни соат 16.00 да ДХХ да бўлишим кераклиги ёзилган, - деди Озодликка Миразиз Бозоров.

Шундан сўнг блогер чақирув қоғозида қайд этилган телефонга ҳамда ўша куни эрталаб қўнғироқ келган телефонга қўнғироқ қилишга уринган, бироқ боғланолмаган.

Эртаси, 28 июлда блогер адвокати билан эрталаб соат 11.30 да ДХХ га боради. Бинонинг кираверишидаги “қоровулхонада” бир соатча кутишади. Сўнг ўша ерда турган қуролли мулозим терговчи блогер билан адвокатсиз гаплашмоқчи эканлигини айтади. Бу гапга блогер Миразиз Бозоров кўнмайди. Шундан сўнг у ва адвокатнинг тана ҳароратини ўлчашади. Блогернинг ҳарорати 35,7, адвокатники 37.0 чиқади.

ДХХ терговчиси блогер Миразиз Бозоровга юборган чақирув қоғлзи. Сурат блогернинг Телеграм каналидан олинди.
ДХХ терговчиси блогер Миразиз Бозоровга юборган чақирув қоғлзи. Сурат блогернинг Телеграм каналидан олинди.

Яна бироздан сўнг “қоровулхонада”ги қуролли мулозим уларга ҳужжатларини қайтариб бериб, терговчи блогер ва унинг адвокати кетаверишлари мумкинлигини, Миразизни сўроқ қилиш у олиб бораётган иш учун муҳим эмаслигини, бошқа куни келишлари ёки телефон орқали боғланишлари мумкинлигини айтганини билдиради.

Блогер сўроққа нима учун бу қадар ошиғич тезликда чақиртирилгани, бироқ шунга қарамай сўроқ қилинмагани, унинг сўроққа чақиртирилиши блогерлик фаолияти билан боғлиқми-йўқлигини сўраш учун чақирув қоғозида кўрсатилган телефонга Озодлик қилган қўнғироқларга ДХХ катта терговчиси М. Эргашев жавоб бермади.

Блогер Миразиз Бозоровнинг ўзи ДХХга чақиртирилишини ўтган ҳафта охирида Фейсбукда эълон қилган постларидан бошқа бирон воқеа билан боғлай олмади. Бозоров Озодликка яна бундай деди:

- Постни эълон қилганимдан кейин якшанба оқшомидан бошлаб онамнинг телефонига номаълум шахслар қўнғироқ қила бошлади. Душанба эрталабдан ўзимга шубҳали қўнғироқлар келишни бошлади. Мен жавоб бермадим ва шундан кейин терговчи телефон қилди. Кейин телефоним билан тушунарсиз воқеалар содир бўла бошлади, охир-оқибат Интернетдан ҳам узиб қўйишди.

Блогернинг айтишича, терговчи унга жиноят иши очилди ва шунинг учун сиз гувоҳ сифатида келишингиз керак деган. Бироқ қандай жиноят иши эканлигини айтмаган.

Блогер Миразиз Бозоров Фейсбукда эълон қилган постларида Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермасликни сўраган.

Блогернинг постлари билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

Миразиз Бозоров билан боғлиқ воқеага оид хабар билан бир пайтда Озодликка қорақалпоғистонлик бошқа бир блогер билан боғлиқ хабар етиб келди.

Хабарга блогер суратга олган видео илова қилинган. Унда республика туманларидан бирида қурилиши 2008 йили бошланиб, 2016 йили якунланган, бироқ ҳануз фойдаланишга топширилмаган бозор ҳақида ҳикоя қилинади.

Бу ҳақда хабар қилган аёлнинг айтишича, видео Ютьюбда эълон қилинганидан икки соат ўтгач, унинг муаллифи - блогер туман ИИБга чақиртирилган ва бўлим ходими блогердан видеони Ютьюбдан олиб ташлашни талаб қилган. Блогерликни бошлаганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган йигит видеони олиб ташлашга мажбур бўлган.

Бу гапларни 29 июлда блогернинг ўзи Озодликка тасдиқлар экан, воқеа бундан 10 кун олдин юз берганини билдирди. Бироқ воқеанинг Озодлик орқали батафсил айтиб берилишини “янаям катта идорага чақириб қолишларидан” чўчиб, истамади.

Блогерлар ва журналистларга босим ўтказилаётгани Қорқалпоғистон билан боғлиқ бошқа воқеа ҳам мисол бўла олади. 27 июлда маҳаллий нашрлар Жўқорғи Кенгес раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақидаги хабар элон қилингани учун Қорақалпоғистондаги учта ОАВ: Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz бош муҳаррирлари кечаси прокуратурага чақирилган. Makan.uz раҳбари Лолагул Қаллихановани уйидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олиб кетишган. Икки журналистнинг телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган.

Gazeta.uz нашрининг 28 июлда хабар қилишича, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокурорига тунда прокуратурага чақирилган ҳамда телефонлари ва ноутбуклари тортиб олинган журналистлар билан бўлган воқеа юзасидан танбеҳ берган.

Блогерларнинг фаолияти билан боғлиқ юзага келган вазиятни шарҳлар экан, фарғоналик блогер Баҳодирхон Элибоев у ёки бу ҳудудда "блогерларнинг бирров суҳбатга" чақириб турилишини сўз эркинлиги рандаланаётганига ўхшатаркан, деди:

"Андижондан Қорақалпоғистонгача ҳар бир вилоятда суҳбатга чақирилган кимнидир топиш мумкин. Давлат фуқаровий жамиятга интилаётган халққа ҳар замонда борлигини билдиришга уринмоқда. Қўрқитиб туриш керак деб ҳисоблаяпти шекилли. Бундай пайтда бошқача механизм ишлаб чиқиш кераклигини, энди таҳдид билан бошқариш усули анча эскирган ва самарасиз усул эканлигини айтмоқчиман. Куч ишлатар тизимлар блогерларни назоратда ушлашдан кўра, ҳамкорлик усулида ишласалар, жамият анча тозаланарди. Дейлик, блогер бир муттаҳам ҳақида ёзса, кучишлатар тизим ўга муттаҳамни суҳбатга чақириши керак. Лекин ҳозирча бизникилар блогернинг ўзини суҳбатга чақирмоқда".

XS
SM
MD
LG