6 август куни Беларусь расмийлари президентликка номзод, мухолифатчи Светлана Тихановская сайлов кампанияси етакчиси Мария Морозни қисқа муддатда қўлга олиб, «расман рухсат берилмаган» тадбирлар ўтказиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.
Тихановская сайлов кампанияси матбуот котиби Анна Красулина Озодликка Минскдаги Литва элчихонаси олдида Морозни ўзини Ички ишлар вазирлиги ходимлари ўлароқ таништирган бир неча шахс тўхтатиб, қисқа муддатга қўлга олганини айтди.
Кўп ўймай қўйиб юборилган Мороз уни Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчилик ва экстремизмга қарши кураш бўлими ходимлари қўлга олганини айтди.
Морознинг сўзларига кўра, уни Ички ишлар вазирлигига олиб бориб, «расмий рухсат берилмаган оммавий тадбирлар ўтказиш» бўйича «масъулият» ҳақида «огоҳлантиришган» ва сўнгра қўйиб юборишган.
Кейинги ҳафталарда Тихановская Беларусь бўйлаб ўтказган сайловолди тадбирларга минглаб одам келди. Тихановскаяни сайловдан у ёки бу сабабга кўра четлатилган номзодлар қўлламоқда.
Мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко учун 9 августга белгиланган президентлик сайлови аввалгилари каби осон бўлмайди.
Айни пайтда, Лукашенконинг сайлов натижаларини сохталаштириш ва мухолифатга қарши босимни кучайтириш билан яна ғалаба қозониши кутилмоқда.
Беларусда 4 август куни эрта овоз бериш жараёни бошланди.
Мухолифатчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда Лукашенко танқидчилари аҳолини эрта овоз бермасликка чорламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, олдиндан овоз бериш Лукашенко тарафдорларига овозларни сохталаштириш имконини беради.
5 август куни Беларусь Марказий сайлов комиссияси эрта овоз беришнинг илк икки кунида рўйхатга олинган 6,8 миллион сайловчининг 12,75 фоизи овоз берганини маълум қилди.