Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Москва терговчилари ўзбекистонлик муҳожирни 6 яшар ўғлини уриб ўлдирганликда айбламоқда


Москва вилоятида 6 яшар ўғлини ўқлов билан уриб ўлдирганликда гумонланаëтган ўзбекистонлик ҳибсга олинди.

27 яшар меҳнат муҳожири "Тез ëрдам" ва полиция ходимларига боласининг зинапоядан йиқилиб тушганини айтган. Аммо тиббий экспертиза бола танасининг камида 20 жойида кучли калтак излари борлигини аниқлагач¸ тергов иддаосича¸ ота уни ўқлов билан уриб ўлдирганига иқрор бўлган.

Видеоëзуви тармоқларда тарқаган сўроқ пайтида бундай ваҳшийлик сабабини изоҳлаган 27 яшар мигрант иш жойидаги молиявий муаммолар ортидан ўз ғазабини катта ўғлига сочганини айтган.

Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти Талдом шаҳри бўйича тергов бўлими 2014 йилда туғилган фарзандини ўқлов билан уриб ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини суд қарори билан тергов якунига қадар ҳибсга олди.

Терговчилардан олинган маълумотга кўра, 3 август куни маҳаллий шифохонага 27 яшар ўзбек мигранти “Ёрдам беринг, ўғлим зинапоядан тушиб кетди!”, деб қўнғироқ қилган.

Ҳодиса жойига “Тез ёрдам” ходимлари етиб келгунга қадар¸ тиббиëтчиларнинг айтишича¸ бола аллақачон ўлиб бўлган. Ота уларни ўғлининг подъезд зинапоясида ўйнаётиб пастга қулаганига ишонтирмоқчи бўлган, аммо унинг танасидаги жароҳатлар боис врач полицияга қўнғироқ қилган.

Ҳодиса жойига Тергов қўмитаси ва полиция ходимлари етиб келган.

- Кўздан кечирилганда бола танасида кўплаб тан жароҳатлари борлиги ва улар боланинг шунчаки йиқилишига алоқаси йўқлиги аниқланди. Кейинчалик суд-тиббиёт эксперти ўғил боланинг танасининг камида 20та жойига шикаст етказилгани, бадани мўматалоқ бўлиб кетгани ва бошқа майда жароҳатлар борлигини тасдиқлади. Қаттиқ калтак зарбидан бола травматик шок ҳолатига тушиб ўлган, деди ҳодисани ўрганаëтган Москва вилояти бўйича Тергов бошқармаси раҳбари муовини Ольга Врадий Озодлик билан телефон суҳбатида.

Сўроқ пайтида ўзбекистонлик муҳожир ўз ўғлини ўқлов билан жаҳл устида уриб ўлдирганига иқрор бўлгани айтилмоқда. Тармоқларда отанинг иқрор бўлаётгани видеоси ҳам тарқалди.

Терговчилар таъкидича¸ниҳоятда кучли калтакланиш оқибатида бола танасининг бир қанча жойида тери кўчиб тушган.

Тергов маълумотларига кўра, 27 яшар А. бир неча йилдан бери Подмосковьенинг Талдом шаҳридаги ем-хашак ишлаб чиқарадиган корхоналардан бирида ишлаб келган. Бундан 5 ой олдин у ишчилар ётоқхонасидан бир хонани ижарага олиб¸ Ўзбекистондан 26 яшар хотини, 6 ва 2 яшар ўғилларини олиб келган. Эр-хотин навбатма-навбат болаларга қараган ва иккаласи ҳам шу корхонада ишлаб келган.

Тергов тарқатган хабарга кўра, 3 август куни турмуш ўртоғи сменада бўлган пайтда ота икки ўғлига қарашга қолган. Анчадан бери иш жойидан ҳақини ололмаётган ўзбекистонлик мигрант жаҳл устида шўхлик қилган катта ўғлини савалашга тушган.

- Болани ўқлов билан саваладим. Мен жаҳл устида ўзимни билмай, ўзимни назорат қилолмай қолдим, дейди бу видеода муҳожир йигит.

Тергов иддаосича¸ ўлакса қилиб урилган бола ҳушидан кетганидан кейин, отаси уни хонасига олиб кириб ëтқизиб қўйган.

Кечки соат 7 ларда у болани уйғотмоқчи бўлганида¸ ўғлининг ўлиб бўлганини тушунган ва терговчилар таъкидича¸ қилмишини яшириш мақсадида уни подъезд зинасидан йиқилиб тушганга чиқариш режасини тузган.

Ишдан қайтиб келган хотини аввалига терговчилар иддаоси ва эрини боланинг ўлимига алоқаси борлигига ишонмаган. У таржимон ёрдамида эри илгари болаларга ҳеч қачон қўл кўтармаганини билдирган.

Ҳозирда тергов изоляторида қолаётган ўзбек муҳожирига нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4-қисми (ўлимга олиб келган қасддан тан жароҳати етказиш) асосида жиноят иши қўзғатилди.

Ўз боласини ўлдирганликда айбланаëтган ўзбек муҳожири¸ бу айб судда тасдиғини топса¸ 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG