Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:59

Боласини кўчада қолдирган ўзбекистонлик аёлга жиноий иш очилди


Санкт-Петербургнинг “Пулково” паркида 29 январ куни топилган 10 ойлик гўдакнинг онаси 22 яшар Ўзбекистон ватандоши экани аниқланди. Полиция маст ҳолатда бўлиб, фарзандини совуқда қолдириб кетган бу аёлга нисбатан жиноий иш очилгани, бола тергов якунига қадар шифохонада қолишини билдирмоқда.

2017 йилнинг 29 январда кечки 10:30ларда Санкт-Петербургнинг Ғалаба майдони яқинидаги “Пулково” паркида сайр қилиб юрган маҳаллий аёл аравачада қолдириб кетилган болачани топиб олди.

Петербург полицияси расмий хабарига кўра, ҳодиса жойига чақиртирилган полиция кўринишидан осиёлик бўлган болани Цимбалина номидаги Болалар реабилитацияси марказига юборган.

Полиция тақрибан 7-10 ойлик гўдак яхши кийинтирилгани, қолдирилган коляска қиммат туришини ҳисобга олиб, у ташлаб кетилмагани, балки онаси билан бирор ҳодиса рўй берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко исми ошкор этилмаётган боланинг онаси Ўзбекистондан экани ва у ўзи полицияга келганини тасдиқлаб, деди:

- Бу 22 яшар аёл экан. Ҳозирда у билан суриштирув ишлари олиб борилаяпти. Полиция ходимлари боланинг нима сабабдан ва қандай қилиб қаровсиз қолдирилгани устидан тергов қилмоқда. Муҳожир аёлни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўрилмоқда, деди Вячеслав Степченко.

Москва туман полиция бўлимида эса Озодлик сўровига боланинг онасига нисбатан “Хавф-хатарда қолдириш” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлашди.

- Болани ташлаб кетилиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бола соғ саломат, у тиббий муассасага юборилди, дея гапни қисқа қилди полиция навбатчиси.

Озодлик полициядан аниқлаган маълумотларга кўра, якшанба куни спиртли ичимлик ичиб олган аёл боласини кийинтириб, паркка айлангани борган. Паркка борганида мастлиги ошган аёл, аравачада бўлган болани қолдириб, уйига кетворган. Эрталаб уйқудан турган она боласини ярим кун кўчада қидирган. Сарҳуш ҳолатда булган ўзбекистонлик аёл боласи йўқолиб қолгани тўғрисида кечки соат 19ларда Москва проспектида турган полиция ходимларига келиб хабар берган.

Петербургнинг Москва туман полициясида топилган боланинг онаси 22 яшар ўзбекистонлик экани, у шу туманда қайдда туриши, боланинг отаси Россия ватандоши бўлиб, Москва шаҳрида истиқомат қилиши тасдиқланди. Аёл бола уники эканини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам ходимларга кўрсатган.

В.Цимбалина номидаги Болалар реабилитацияси марказида бола ҳозирча давлат назоратида қолиши ва онага нисбатан жиноий тергов якунига қадар берилмаслигини Озодликка билдиришди.

- Бола бизга 30 январ куни 00:30ларда келтирилди. Аҳволи дуруст. Тиббий кўрикдан ўтказилди, қорни тўйдирилди. Унда рахит болалар касали бор экан – даволаниши зарур экан, деди Марказ бош шифокори Надежда Григорьева.

Суҳбатдош боланинг бахтига ўша куни Санкт-Петербургда об-ҳаво бироз илиб, нол даражага тушиб қолгани сабабли у музлаб қолмаганини билдирди.

Бепарволикда айбланаётган ўзбекистонлик аёл эса полиция бўлимида қолмоқда.

Озодлик радиоси Россияда ўз фарзандларини ташлаб кетаётган ёки сотишга уринаётган ота-оналар билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги йилларда тез-тез учраётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG