Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Миллиардер Усмоновнинг хайрия пуллари тез ёрдамчиларга тўлиқ етиб бормади (ВИДЕО)


"Тез ёрдам" хизмати ходимлари миллиардер Алишер Усмонов томонидан уларга ажратилган хайрия пуллари тўлиқ етиб келмаганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка мамлакатнинг турли ҳудудларидан бўлган мурожаатларда "Тез ёрдам" ходимлари ҳукумат қарорида белгиланган суммадан 150 минг сўмдан 2 миллион сўмгача кам олишганидан шикоят қилишган.

Жойлардаги Тез тиббий ёрдам бўлимлари масъулларининг баъзилари юзага келган вазиятни ҳукумат қарорига Соғлиқни сақлаш вазирлиги киритган ўзгартиш билан изоҳласа, бошқалари вазирлик томонидан тақсимотнинг нотўғри қилингани билан изоҳлади.

Усмоновдан 100 млрд + бюджетдан 100 млрд

Ўтган ой охирида россиялик (асли ўзбекистонлик) миллиардер Алишер Усмонов томонидан Тез тиббий ёрдам бригадалари ходимлари учун 100 млрд сўм (тақрибан 10 млн АҚШ доллари) миқдорида ҳомийлик хайрияси ажратилди.

Шунингдек, тез ёрдамчиларни бир марталик рағбатлантириш учун давлат бюджетидан ҳам 100 млрд сўм пул ажратилган.

Вазирлар маҳкамаси қарорида ушбу 200 млрд сўмни "Тез ёрдам" хизмати врачларига 5 миллион сўм, фельдшерлар ва санитарларга 4 миллион сўм, ҳайдовчиларга 3 миллион сўмдан бўлиб берилиши белгиланган.

Қашқадарё вилоят, Муборак туман Тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари Озодликка видеомурожаат йўллаб, рағбатлантириш пуллари тақсимланишида ноҳақликлар бўлганидан шикоят қилишди:

“СOVID-19га қарши курашаётган ходимларга президентимиз белгилаган бир марталик рағбат пули тўлиқ тўланмади. Бизнинг раҳбарлар 2 млн сўмдан берди. Айримлар 1 миллион сўмдан олди. 6 фоизлик устама ҳам олганимиз йўқ. Бухгалтерияга учрасак, қониқарли жавоб ололмадик. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаяпмиз. Мутасаддилардан тўлов адолатли берилиши борасида ёрдам сўраймиз”.

Муборак тумани тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари шикояти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:38 0:00

Бухоро вилоят, Қоракўл туман Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ҳам Озодликка мурожаат қилиб, рағбатлантириш пулларини тўлиқ олмаганига норозилик билдиришди:

“Қоракўлдаги тез тиббиётчилар Алишер Усмонов ажратган ёрдам пулини тўлиқ олишмади. Ҳар бир одамга ҳукумат қарорида белгиланган суммадан 150 минг сўм кам беришди. Шунга ҳақлими улар? Қолган пул қаерга кетган? Алишер Усмоновнинг совғасини нимага тўлиқ беришмади бизга?”

Қоракўллик тез ёрдамчилар Озодликка тақдим қилган ҳужжатда бир марталик рағбатлантириш пуллари қарорда белгиланганидан кам берилгани қайд қилинган.

Ҳужжатга кўра, Қоракўл туман Тез тиббий ёрдам бригадаларининг жами 200 ходимига ҳукумат қарорида белгиланган 710 миллион сўм ўрнига 686 миллион сўм тарқатилгани ёзилган.

Жумладан, 5000000 сўм пул олиши керак бўлган врачларга 4834944 сўм берилган. 4000000 сўм олиши лозим бўлган фельдшерларга 3866017 сўм берилган.

Навоий шаҳри Тез ёрдам хизмати ходимларидан ҳам шу мазмундаги шикоят келди:

“Алишер Усмонов томонидан пандемия сабабли барча тез ёрдам ходимларига бир марталик раҳбатлантириш пуллари ажратилди. Афсуски, бу маблағлар ноқонуний равишда тақсимланмоқда. Бизга қарорда белгиланган пулни тўлиқ беришмади. Ҳаммадан уриб қолишди. Шикоят қилиб, мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Бироқ натижа бўлмади”.

Бу каби шикоятлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидан, жумладан, Наманган вилояти Чуст тумани, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани, Фарғона вилояти Учкўприк тумани тез тиббий ёрдам хизматлари ходимларидан келди.

Айни пайтда тез тиббий ёрдам хизматининг ҳукумат қарорига кирмаган ходимлари ҳам рағбатлантириш пулларига ҳақли эканини айтмоқда.

Жумладан, чустлик ва учкўприклик тез ёрдамчилар “Рағбат пулини тақсимлашда тез ёрдам диспетчерларини ҳам унутманглар!”, деб ёзди.

“Тез ёрдам хизмати ходимларига тўланиши керак бўлган пул ҳамма ходимларга ҳам тўланмади. Хусусан, диспетчерлар ва дори-дармон ходимларига. Тез ёрдам хизмати фақат врач, ҳамшира, ҳайдовчи ва санитаркадан иборат эмас. Диспетчерлар ва дори-дармонга масъул ходимлар ҳам COVID-19 беморлари билан контактда бўлиб ишламоқда”, дейилади Учкўприк туман тез тиббий ёрдам ходимларидан келган шикоят мактубида.

Озодлик тез ёрдамчилар шикоятларини ўрганиш учун бир қанча Тез тиббий ёрдам бўлимлари билан боғланди.

Қашқадарё вилоят, Муборак туман Тез тиббий ёрдам бўлими масъули ходимларнинг рағбатлантириш пуллари турлича берилганини қуйидагича изоҳлади:

“30 июль куни Вазирлар маҳкамасининг 458-сонли қарори чиқди. Қарорда 2020 йилнинг 1 июнигача ишга қабул қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш тўловлари берилиши ёзилган. Қарорда бериладиган сумма ҳам аниқ қилиб кўрсатилган яъни врач ходимларга 5 миллион сўм, фельдшерлар ва

санитарларга 4 миллион сўм, ҳайдовчиларга 3 миллион сўм берилиши кўрсатилган. Лекин 4 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги рағбатлантириш пулларини тақсимлаш борасида янги кўрсатма берди. Вазирлар Маҳкамаси қарорида тез тиббий ёрдам ходимлари дейилган, вазирлик тез тиббий ёрдам бригадалари деб ўзгартирди яъни бўлимнинг ҳамма ходимларига берилмайди. Биринчи қарорда кимга қанча бериши аниқ кўрсатилган бўлса, вазирлик ходимларнинг ставкасига қаралишини буюрди. Шунинг учун ходимларда тушунмовчилик пайдо бўлди. Рағбатлантириш пуллари ҳам ходимларнинг ставкаларига қараб, ҳар кимга ҳар хил тарқатилди”.

Бухоро вилоят, Қоракўл туман Тез тиббий ёрдам хизмати масъули эса ходимларнинг шикоятларини вазирлик томонидан тақсимотнинг нотўғри қилингани билан изоҳлади:

“Тўғри ходимларга ажратилган рағбатлантириш пулларидан ушлаб қолинди. Лекин бу ерда махинация ёки талон-торожлик бўлгани йўқ. Сабаби рағбатлантириш учун ажратилган пуллар етмади. Вазирлик тақсимотни нотўғри қилган. Шунинг учун тез ёрдам бригадалари ходимларига бор пул тенг тақсимланди, фоиз ҳисобида. Етмаган пул барча ходимлардан ушлаб қолинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлашга ҳам, ҳокимиятга ҳам, ҳамма жойга маълумот берилди. Вилоятдаги экономистлар билан маслаҳатлашилди. Айб бизда эмас. Муаммо сабаби тақсимотни нотўғри қилишганида”.

Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мулозимларидан бири билан боғланди. У тез ёрдам бригадаларига рағбатлантириш пуллари тарқатилишида умуман муаммо йўқлигини, бу борада вазирликнинг расмий Телеграм каналида барча маълумотлар борлигини таъкидлади.

Вазирликнинг Телеграм каналида рағбатлантириш пулларига доир 13 август куни қўйилган постда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов билан kun.uz мухбирининг суҳбати ёритилган.

Шораҳмедов “пандемияга қарши кураш жараёнида иштирок этаётганларнинг ҳаммаларига муносиб эътибор қаратилаётгани”ни таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG