Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

Наманганда ота-оналардан ўқишга киролмаган фарзандини ишга жойлаш ҳақида тилхат олинмоқда


Наманган, Янгиқўрғон тумани. Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган.
Наманган, Янгиқўрғон тумани. Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган.

Наманган вилоятининг барча мактабларида йиғилишлар ўтказилиб, ота-оналардан "фарзандим ўқишга киролмаса ёки ўқиш контракт пулини тўлай олмасам, уни иш билан машғул қилишга кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинмоқда.

Наманганлик ота-оналар Озодликка етказган бу хабарни Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими тасдиқлади.

Айни пайтда Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги расмийси мактабларга ота-оналардан бундай мазмунда тилхатлар олиш бўйича кўрсатма берилмаганини айтди.

Ўзбекистон презденти Шавкат Мирзиёев 14 июлда бўлиб ўтган видеоселектор мажлисда бу йил мактабларнинг қарийб ярим миллион битирувчисининг ярми бандлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида гапирган эди.

Наманганнинг Тўрақўрғон туманида фарзанди бу йил мактабни битирган Улуғбек Норқўзиев Озодлик билан суҳбатда 24 август куни мактабда йиғилиш ўтказилиб, ота-оналардан "олий ўқув юртига киролмаган фарзандимни иш билан машғул қиламан" мазмунда тилхат олингани ва ўзи ҳам шундай ҳужжатга имзо чекканини айтди:

- Болалар бекор қолиб турли гуруҳларга қўшилиб кетмасин, Россияга кетиб қолмасин, дейишяпти-да. Шу ҳақда тайёр ёзилган тилхатни бериб чиқишди, боласининг исми, ўқийдиган синфини киритиб, "мен боламни ишга жойлашишига ўзим кўмаклашаман, иш топилмаса ўзим кичик бизнесни йўлга қўйиб, иш билан машғул қиламан", деб тилхат ёздириб олишди.

Наманганнинг Уйчи туманида яшовчи Халима Йўлдошева ҳам шундай мазмунда тилхат ёзган.

Йўлдошева агар қизи ўқишга киролмаса ёки контракт пулини тўлай олмаса қизига кредит олиб парник қилиш ёки чевархонага кириб ишлашини таъминлашни зиммасига олган.

Наманган вилоляти, Уйчи туманидаги мактабларда ота-оналардан ўқишга киролмаган фарзандларини ишга жойлаш ҳақида тилхат олинган.
Наманган вилоляти, Уйчи туманидаги мактабларда ота-оналардан ўқишга киролмаган фарзандларини ишга жойлаш ҳақида тилхат олинган.

Наманган вилоят Халқ таълими бошқармасининг исмини айтмаган мулозими ёшларнинг ишсиз қолиб кетишининг олдини олиш ва муаммога ота-оналар эътиборини жалб этиш учун шундай ишга қўл урилганини айтаркан, бундай деди:

- Олий ўқув юртига кира олмаган ёшлар кўп ҳолларда бекорчига айланиб қолади. Фарзандлари муаммосига беэътибор қарайдиган ота-оналар ҳам бор. Бекорчидан ҳудо безор, дейишадику! Эътибор қаратмасак бекорчиликдан ёшлар ҳар хил гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкин. Шуларни ота-оналарга тушунтиряпмиз, мабодо ўқишга киролмаса ёшлар бекор қолиб кетмасин, деяпмиз холос.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийси билан суҳбатдан ота-оналардан бундай тилхатлар олиш бир вилоят даражасидаги тадбир экани англашилади.

Вазирликнинг исми очиқланмаслигини истаган расмийси Озодликка мактаб битирувчиларни ишга жойлаш ҳақида уларнинг ота-оналаридан тилхатлар олиш бўйича кўрсатма берилмаганини айтди:

- Биздан бунақа топшириқ бўлгани йўқ.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, бу йил умумтаълим мактабларини 450 мингдан зиёд ўғил-қиз тамомлади.

Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги жойлар сони сони эса 70 мингдан кўпроқни ташкил этади.

85 минг мактаб битирувчисини касб-ҳунар коллежлари бағрига олиши мумкин.

Қолган ўқувчи қаерга боради?

Ўзбекистон презденти Шавкат Мирзиёев 14 июлда бўлиб ўтган видеоселектор мажлисда айнан шу саволни кўндаланг қўйган эди.

– Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми? – деган эди Мирзиёев.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг шу йил май ойида эълон қилган ҳисоботига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган.

Наманганлик блогер Аббос Асад ишсизликни ота-оналардан тилхатлар олиш билан ҳал этиб бўлмаслигини айтаркан, деди:

- Агар иш бўлса ёшларимиз Россияга, Қозоғистонга, Кореяга иш излаб кетмасди. Тилхат ёздириб олди ҳам, дейлик. Иш жойининг ўзи бўлмаса қандай ишга жойлайди? Менинг фикримча, бу ерда асосий муаммо, олий ўқув юртларида жой камлигида. Ҳукумат ҳеч бўлмаганда мактаб битирувчиларининг ярмини ўқишга киришини таъминлаб қўйиши ҳам мумкин эди. Олий таълим олиш имконларини кенгайтириши керак. Ўқишни хоҳласа, ўқишларни очсин. Кириш имтихонларсиз қабул қилиш керак. Иқтидорли бола ўзи ишни топиб олади. Аҳмоқона тилхатлар олишни йўқ қилиш керак. Бу Совет давридан қолган нарса. Маҳаллий ҳокимликлар ишсизлик муаммосини ҳал этишнинг ўрнига муаммони ота-оналарнинг бўйнига қўйиб, тепага қуруқ отчётлар топшириш билан банд.

Ўзбекистондаги мактабларда ота-оналардан бу каби тилхатлар биринчи марта олинаётгани йўқ.

Илгари Ўзбекистондаги айрим мактабларда ота-оналардан "Фарзандимнинг мактабга келиши ва кетишини назорат қилишни ўз зиммамга оламан", -деган мазмунда тилхатлар олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Фарғонадаги мактабларда ота-оналардан олинган тилхат.
Фарғонадаги мактабларда ота-оналардан олинган тилхат.

Икки йил аввал Фарғонадаги мактабларда ота-оналардан ёз ойларида фарзандларини отинойи ёки муллага шогирдликка бермаслик ҳақида тилхатлар олинганди.

XS
SM
MD
LG