Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:33

Карантинда ишини йўқотган ва мажбурий таътилга чиқарилганлар овқатга ҳам пули қолмаганини айтмоқда


Ўзбекистонда ойликка ишлаб келганлар овқатга пули қолмаëтганини айтаëтган бир пайтда¸ карантин даврида камбағалларнинг ниҳоятда қашшоқлашгани кузатилмоқда.
Ўзбекистонда ойликка ишлаб келганлар овқатга пули қолмаëтганини айтаëтган бир пайтда¸ карантин даврида камбағалларнинг ниҳоятда қашшоқлашгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш чоралари жорий қилинганидан 1,5 ой ўтиб, ишсиз қолганлар вазияти кескинлашаётганига оид хабарлар келмоқда.

Карантин боис ишдан бўшатилганлар, ўз ҳисобидан таътилга чиқарилганлар, кунлигини кунда топадиганлар Озодликка боғланиб¸ ўзларининг ҳатто озиқ-овқатга пули қолмаганини айтмоқда.

Бундайлар кам таъминланганларнинг маҳаллаларда тузилган махсус рўйхатига кирмагани боис хайрия озиқ-овқатларидан ҳам маҳрум қолмоқда.

Айни пайтда расмийлар ишсизларни вақтинча иш билан таъминлаб, уларга моддий кўмак берилаётганини иддао қиляпти.

“Болаларимни фақат макарон ва картошка билан боқяпман”

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкентдаги бўлимларидан бирида ишловчи йигит бир ойдан бери ўз ҳисобидан таътилда ўтирганлардан бири.

Ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни сўраган бу йигитнинг 30 апрель куни Озодлик билан суҳбатда айтишича, пули йўқлиги боис болаларини фақат макарон ва картошка билан боқяпти:

“Бизни 30 март куни мажбурлаб ариза ёздириб, ўз ҳисобимиздан 1 ойлик таътилга чиқаришди. 4 кун олдин яна таътилимизни 1 ойга чўздириш ҳақида ариза ёздик. Ариза ёзмаганларга “ишдан бўшайсан”, деб таҳдид қилишди. Мартдан қолган ойликнинг 1 миллион 400 минг сўмини апрель бошида олдик. Шу пул билан 1 ой қандай яшаш мумкин? Оилада ёлғиз боқувчиман. Кеча қўшнимдан 200 минг сўм қарз олдим.

Ҳамкасбим болаларини боқа олмаётганини айтиб, роса йиғлади

Бу пулга макарон, картошка ва ёғ олдим. Бир кун фақат макаронни ўзини қайнатамиз. Эртасига картошка кўшиб қовурамиз. Ҳар кун шу аҳвол. Вилоятдан келиб ишлаётган ҳамкасбларимдан бири болаларини боқа олмаётганини айтиб, роса йиғлади. Уни қарз оладаган таниш-билиши ҳам йўқ бу ерда”.

Озодликка мамлакатдаги бошқа мибчилардан ҳам шу мазмундаги хабарлар келган:

“Болаларимнинг кашасига пул йўқ”

Карантин бошлангунига қадар Урганчдаги фирмалардан бирида ишлаган хоразмлик 29 яшар Дониёр ҳозирда ишсизлар рўйхатида. Дониёр ҳам ишсизлик сабаб оиласини боқиш муаммосига дуч келганини айтади:

“Икки болам бор. Бири 1,5 ёш, иккинчиси 2 ойлик. Яна икки укам бор. Онам ишламайди. Оилада 10 киши бобомнинг пенсия пулига яшаяпмиз.

10 киши бобомнинг пенсия пулига яшаяпмиз

Энг қийини болаларимнинг кашаси ва памперси. Ҳафтасига 100 минг сўмдан иккита каша оламиз. Кунига 5-6 та памперс кетади, бу ҳам 14 минг сўм пул бўлади. Дўкончининг қарз дафтари бор. Мен кабилар дўкондан қарзга оляпмиз ҳамма нарсани. Маҳалладан ёрдам сўрасак, ҳеч қандай натижа йўқ, ҳатто 2 ёшгача бериладиган “бола пули”ни ҳам бермаяпти”.

“Болалардан қолган овқатни еяпмиз”

Бухородаги сувенир сотадиган дўконда сотувчи бўлиб ишлаган Анвар ҳам карантин сабаб уйида ишсиз ўтирибди.

“Дўкон битта фирмага қарайди. Фирма шаҳарнинг бир нечта жойида сувенир дўконлари очган. Сувенирларимизни асосан, хорижлик туристлар олади. Карантин тугаганидан кейин туристлар ёпирилиб келмаслиги маълум.

Кунига ўлмаслик учун номига овқатланяпмиз

Шунга фирма хўжайини “Аренда пули қиммат, мен сизларга пул бера олмайман, бўшаб кетаверинглар”, деди. Оиламни фақат ойликка боққанман. Энди нима қилишни билмаяпман. Танишимдан қарз олиб, харажат қилдим. Лекин эрта-индин бу харажат тугаса, нима қиламан? Кунига ўлмаслик учун номига овқатланяпмиз. Эр-хотин иккимиз болалар тўйганидан кейин қолган овқатни еяпмиз”.

Кунлигини кунда топадиганлар оиласидаги вазият эса, бундан ҳам ёмонроқ аҳволда. Бундайлардан Озодликка ëрдам сўраб¸ кунига ўнлаб мурожаатлар келмоқда.

Расмийлар иддаоси: Ишсизларни ташлаб қўймаяпмиз!

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 30 апрель куни Озодлик боғланган мулозими карантин сабаб ишсиз қолганлар тўла ҳукумат назоратига олинганини таъкидлади.

“Хабарингиз бор, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари

121 мингдан ортиқ фуқарога иш берилди

жамғармасига 200 миллиард сўм ажратди. Бу маблағ асосан ишсизлар муаммоларини ҳал қилишга сарфланмоқда. Апрель ойининг ўзида 121 мингдан ортиқ фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Яна томорқаси борларга субсидия тақдим этиляпти. Ҳозир пилла мавсуми, ишсиз аёллар пиллабоқарликка жалб қилиняпти. Банклар аҳоли учун паст ставкада микроқарзлар ажратяпти. Масалан, Микрокредитбанк онлайн микроқарзларининг фоизини 8 ставкага камайтирган ҳолда таклиф қиляпти. Кейин “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида ишсизлар оилаларига озиқ-овқатлар тарқатиляпти”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмасликни сўраган вазирлик мулозими.

“Ишсизларга кўмак хўжакўрсинга қилиняпти”

Ишсиз ўтирган тошкентлик МИБ ходими ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишсизларга кўмак кампанияси хўжакўрсинлик учун қилиняпти, деган фикрда.

“Биргина мисол, Тошкент МИБ бошқармасининг Телеграмдаги саҳифасига кирсангиз, ўз ҳисобидан таътилда ишсиз ўтирган

Бирор мибчи ҳали ҳеч қандай кўринишда ёрдам олмади.

ходимлар оилаларига ёрдам берилаётгани ҳақида фотолар бор. 1-2 ходимга ёрдам бериб, ҳаммага ёрдам беряпмиз, деб алдашяпти. Фотолар фақат отчёт учун қилинган. Мен билган, таниган бирор мибчи ҳали ҳеч қандай кўринишда ёрдам олмади”.

SizdanTelegramга бўлаётган ўнлаб мурожаатларда эса ишсиз ўтирганлар хайрия ёрдамларидан қуруқ қолаётгани айтилган.

Глобал муаммо: Ҳукуматлар пандемия сабаб бўлган иқтисодий фалажликни енгиллатиш учун курашмоқда

Ўзбекистонда коронавирус сабаб ишсиз қолганнинг аниқ сони маълум эмас. Бу борада ҳукумат бирор рақам эълон қилганича йўқ.

Айни пайтда дунё мамлакатлари пандемия сабаб ишсизлик даражаси кескин ошиб кетганини маълум қиляпти.

Ҳиндистонда коронавирус сабаб қарийб 140 миллион киши ишидан айрилди.

АҚШда коронавирус оқибатида ишсиз қолганлар сони 26,5 миллион кишига етди.

Коронавирус оқибатида Россияда 6 миллиондан 9 миллионгача фуқаро ишсиз қолиши мумкинлиги айтилди.

Аксар ҳукуматлар ишсиз қолган аҳолини қутқариш учун кураш чораларини йўлга қўйди.

Жумладан, АҚШ иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2¸2 триллион доллар ажратиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Мазкур қонунда, ўртачадан кам даромад топадиган одамларга 1000 доллардан, ҳар бир болага 500 доллардан моддий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам жами 1 триллион долларлик иқтисодий ёрдам пакетлари ажратди.

Ҳукуматлар пандемия сабаб бўлган иқтисодий фалажликни енгиллатиш учун сафарбарлик эълон қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:46 0:00

XS
SM
MD
LG