Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Беларусда юзлаб таниқли спортчилар сайлов натижаларини бекор қилишга чақирувчи очиқ хатни имзолади


800 метрга югуриш бўйича жаҳон чемпиони Марина Арзамасова
800 метрга югуриш бўйича жаҳон чемпиони Марина Арзамасова

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан бошланган норозилик намойишлари давом этар экан, мамлакатдаги таниқли санъаткорлар мухолифатни қўлламоқда. Улар орасида театр режиссёрлари, мусиқачилар ҳамда Нобель мукофоти номзоди бор.

Эндиликда таниқли спортчилар ҳам амалдаги президент Александр Лукашенко истеъфосини ва қайтадан сайлов ўтказилишини талаб қилмоқда.

350 дан ортиқ спортчи 9 август куни ўтказилган президент сайлови натижаларини бекор қилиш ва сиёсий маҳбуслар ва қўлга олинган намойишчиларни озодликка чиқариш талаб қилинган очиқ хатни имзолади.

Мактубни имзолаганлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Мактубни имзолаган спортчиларнинг ютуқлари Лукашенконинг 26 йиллик ҳукмронлиги даврида миллий ғурур манбаси ҳамда ҳукумат тарғиботининг муҳим элементи бўлиб келаётган эди.

800 метрга югуриш бўйича жаҳон чемпиони Марина Арзамасова:

«21 асрда Европа юрагида яшаётган одам ўз фикрини изҳор қилишига йўл берилмаётганлиги беъманилик. Биз ҳаммасига тайёрмиз – ишдан ҳайдалишгаям, жамоадан чиқариб юборилишгаям. Буларнинг ҳеч бири муҳим эмас», деди.

«Ҳеч қандай иш сукут сақлашга арзимайди», дея қўшимча қилди очиқ хатни имзолаган Арзамасова.

Лукашенкога қарши ҳаракатни қўллаётган спортчилар орасида баскетболчи Елена Левченко, фристайл чанғи спорти бўйича мураббий Николай Козеко, узоқ масофага югуриш бўйича Европа чемпиони Ольга Мазурёнок, миллий волейбол терма жамоаси аъзоси Артур Удрис ҳамда кўплаб Олимпиада, Европа ва глобал мусобақалар чемпионлари бор.

Бундан ташқари, бир неча таниқли теннисчи, жумладан, собиқ биринчи рақамли ракеткачи Виктория Азаренко ижтимоий тармоқларда намойишларни қўллаб, полиция зўравонлигини қоралади.

Ой бошида футболчи Илья Шкурин Лукашенко ҳокимият тепасида қолар экан, миллий терма жамоада ўйнамаслигини эълон қилди.

24 август куни Беларусь футбол федерацияси ўйинчиларни сиёсий фикр билдирмасликка чорлади. Аммо федерациянинг ўзи 6 август куни Лукашенконинг сайловолди билдирувини «Бир бутун Беларусь/Енгилмаймиз» хештеги билан эълон қилган эди.

Беларусда ҳукуматнинг коронавирус пандемияси кўламини кичрайтириб кўрсатиш сиёсатига биноан футбол ўйинлари томошабинлар иштирокида ўтказилмоқда. Лукашенко ароқ ичиш, қуруқ саунага бориб, яхшилаб терлаш ёки далага чиқиб ишлаш коронавирусни енгишга ёрдам беришини иддао қилган.

Беларусь Енгил атлетика федерацияси президенти Вадим Девятовский Facebookда «Лукашенко менинг президентим эмас!», деб ёзди.

Лукашенконинг севимли спорти бўлмиш хоккей ўйинчилари бошқа спортчиларга қиёслаганда намойишлар ҳақида сукут сақламоқда.

Арзамасова Озодликка берган интервьюсида бу ҳолат ҳақида шундай деди:

«Хоккей ўзгача ҳолат. Хоккейчилар қанча маош олиши ҳақида тахмин қила оламиз, холос. Аммо бугун улар беркиниб олишди, сукут сақламоқдалар. Қандай қилиб халқ, фуқаролар ҳисобига яшаб, уларни қўлламаслик мумкин?»

XS
SM
MD
LG