Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Зангиотада тез ёрдамчиларга берилган Усмоновнинг хайрия пуллари ярми "хатолик туфайли" қайтариб олинди


Зангиота тумани "Тез ёрдам" хизмати ходимлари ҳайрия пуллари қайтариб олингани уларда тушкун кайфият яратганини айтишади.
Зангиота тумани "Тез ёрдам" хизмати ходимлари ҳайрия пуллари қайтариб олингани уларда тушкун кайфият яратганини айтишади.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги "Тез ёрдам" хизмати ходимларига миллиардер Алишер Усмонов ажратган хайрия маблағи ҳисобидан августда берилган пулнинг ярми қайтариб олингани маълум бўлди.

"Тез ёрдам" фельдшерларининг Озодликка айтишича, ўтган ой уларнинг пластик карталарига "Усмоновнинг ҳайрияси", дея 4 млн. сўмдан тушириб берилган.

Пул тушган куннинг эртасига хайрия пули олган тиббиёт ходимларининг банк пластик карталари блокланиб, берилган пулнинг ярми ечиб олинган.

Хайрия пулини картага тушиши биланоқ сарфлашга улгурганларнинг август ойлигидан пул ушлаб қолинган.

Зангиота туман Соғлиқни сақлаш бўлими расмийлари 10 сентябрь куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, тиббиёт ходимларига хайрия пулларини тарқатишда хатолик бўлгани, шу хатолик туфайли кўпроқ бериб юборилгани сабаб, пулларнинг ортиқча қисми қайтариб олинганини айтишди.

Шу йилнинг июлида россиялик (асли ўзбекистонлик) миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистондаги "Тез тиббий ёрдам" бригадалари ходимлари учун 100 млрд. сўм (қарийб 10 млн АҚШ доллари) миқдорида хайрия ажратган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам тез ёрдам ходимларини бир марталик рағбатлантириш учун давлат бюджетидан 100 млрд. сўм берадиган бўлган.

Вазирлар маҳкамаси қарорида ушбу 200 млрд сўмни "Тез ёрдам" хизмати врачларига 5 млн. сўм, фельдшерлар ва санитарларга 4 млн. сўм, ҳайдовчиларга 3 млн. сўмдан бўлиб берилиши белгиланган эди.

Аммо, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги "Тез ёрдам" хизмати айрим ходимларига берилган хайрия пулининг ярми қайтариб олинган.

"Тез ёрдам" хизматининг исми очиқланишини истамаган фельдшери Озодликка бундай деди:

- Ўтган ой бошида пластик карталаримизга "Усмоновнинг хайрияси", деб 4 млн. сўмдан тушириб беришганди. Хурсанд бўлгандик. Эртаси куни пластик карточкаларимизни банк орқали блоклаб, 2 млн. сўмини ечиб олишди. Баъзилар пул тушган куни пулини чиқариб олган экан, уларнинг август ойлигидан ушлаб қолишди. Бу Усмоновни кўзини бўяш учун қилинаётган майнабозчиликми? Булар унга мана 4 млн. минг сўмдан ўтказиб бердик, деб бу ёқдан ярмини қайтариб оляптими? Пуллар қайтариб олингани сабабини ким тушунтириб беради бизга?

Озодликка маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида йигирмадан ортиқ тиббиёт ходимига берилган ёрдам пулининг ярми қайтариб олинган.

Айрим шифокорлар пластик карталаридан пуллар уларнинг розилигисиз ечиб олинишига норозилик билдириб, шу ой бошида Зангиота туманидаги "Савдогарбанк" олдида тўпланишганди.

“Тез ёрдам” ходимлари: 4 млн сўм мукофот пулининг ярми қайтариб олинди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00
Бевосита линк

Нега тиббиёт ходимларига 4 млн. сўмдан берилдию, эртаси ярми қайтариб олинди?

Бу савол билан Озодлик Зангиота тумани Соғлиқни сақлаш бўлимига боғланди.

Бўлим масъулларидан бири хайрия пулларини тарқатишда хатолик бўлгани, шу хатолик туфайли айрим ходимларга ёрдам пули кўпроқ бериб юборилганини айтди.

- 5 август куни 155 нафар ходимга бир маротабалик моддий ёрдам тарқатилди. Шу куни кечаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 4 августдаги кўрсатма хати келиб тушди. Шу хатда ёрдамлар ходимларнинг ставкасига қараб берилиши айтилганди. Ярим ставкада ишлайдиган тиббиёт ходимларига шу ёрдам пулини ярми берилсин, деган жойи бор экан. Шунинг учун хато кетиб қолган, пулларни қайтариб олишга тўғри келди. Ходимларнинг пластик карталари музлатилди. 32 миллион сўмдан ошиқроқ пул қайтариб олинди, - деди Зангиота туман Соғлиқни сақлаш бўлимининг исми очиқланишини истамаган масъули.

Зангиота туман "Тез ёрдам" хизмати ходимлари эса бу хатолик уларда тушкун кайфият ва сарсонгарчилик яратганини айтишди.

- Ярим ставка ишласак ҳам ҳаётимизни хавфга қўйиб коронавирус беморларга хизмат қилиб юрибмиз. Лекин, уларнинг бу иши яхши бўлмади. Ундан кўра ҳеч нарса бермасин эди. Кайфиятимиз бузилгани қолди, - деди "Тез ёрдам" хизмати ходими.

Ўтган ой Озодликка Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларидаги "Тез тиббий ёрдам" бўлимлари ходимлари Озодликка видеомурожаат йўллаб, Алишер Усмоновнинг ҳайрия пуллари тақсимланишида ноҳақликлар бўлгани, пуллар белгиланганидан кам берилаётганидан шикоят қилишганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов 5 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида шифокорларга бир марта бериладиган рағбатлантириш тўловлари ҳақида бундай деган:

"Бир марталик рағбатлантириш адолат нуқтаи назардан тўғри бўлсин деб, ставкадан келиб чиқиб берилади. Чунки 1 ставкада тўлиқ ишлаган ва 0,25 ставкадан ишлаганлар бир хил маблағ олса, бунда ҳам норозичилик чиқиб келиши мумкин. Оғир шароитда ишлаётган ҳар бир ходимнинг меҳнатини қадрлаймиз ва уларга раҳматлар айтамиз. Лекин бу қарорда фақат врачлар, ўрта тиббий ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар) ва ҳайдовчилар бир марталик моддий рағбатлантирилиши аниқ белгилаб қўйилган. Сабаби, бу ходимлар жавобгарлиги юқорилиги билан бирга, улар бевосита беморлар билан тўқнашадилар ва касаллик юқтириб олиш хавфи мавжуд. Шу омиллар ҳисобга олинган", - деган Шораҳмедов.

Баъзи касалхоналарда эса шифокорлар коронавирусга чалинганларни тўғридан-тўғри даволашда иштирок этганларга ваъда қилинган президент рағбатлантириш пуллари ҳам берилмаётгани ҳақда арз қилишган.

Ўзбекистон президентининг 26 мартда имзоланган 4652-сонли қарорида коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотга киришадиган, улар жойлаштирилган объектларда ҳамда инфекцияни аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик меҳнати учун 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмга қадар рағбатлантириш пуллари берилиши кўзда тутилган.

Зангиота туманидаги "Тез ёрдам" хизмати ходими президентнинг рағбат пуллари берилмаганини айтди.

- Президент қарорига кўра 6 фоизлик устама бизга ҳам берилиши керак. Лекин, берилмади. Биз коронавирус беморлари билан мулоқотда бўлмас зканмиз. Ҳар куни коронавирус ташиймизку, - дейди "Тез ёрдам" хизмати ходими.

Зангиота тумани Тиббиёт бирлашмаси масъули улар коронавирус беморларини даволашга ихтисослашмаганликлари сабаб ходимларига устама берилмаслигини айтишди.

- Бу рағбат пули коронавирус беморлари билан мулоқотда бўлган шифокорларга берилади, бизни шифохона ундай беморларга ихтисослашмаган, - деди бирлашма масъули.

Наманганнинг Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ходимлари 6 сентябрь куни Озодликка мурожаат қилиб, президент ваъда қилган рағбат пулларини олмаганликларини айтишган.

- Ҳар куни маскада ёпиқ карантинда ишлаймиз. Бунинг учун ҳали бир тийин қўшимча пул олганимиз йўқ, - деганди чортоқлик шифокор.

Жиззах шаҳар Юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси ҳам: "Биз 25, 15, 10 миллион сўм сўраётганимиз йўқ. Аслида шуни сўрашга ҳақлимиз . Ҳеч бўлмаса президент ваъда қилган рағбат пулини беришсин!", деб ёзганди 8 сентябрда Озодликка.

Озодлик нега хавфли коронавирус юқтириб олган беморларнинг соғлиги учун ўз ҳаётини хатарга қўйган шифокорларга ваъда қилинган рағбат пуллари берилмаётгани юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ ололмади.

Вазирлик матбуот хизмати қўнғироқларга жавоб бермаяпти.

XS
SM
MD
LG