Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:49

OzodTa’sir: “Қоракўлдон” фермерларнинг буғдой пулини тўлай бошлади


Бухоро вилоят, Жондор тумани фермерларининг жорий йилнинг июнь ойида топширган буғдойи пулини “Қоракўлдон” ОАЖ тўлашни бошлади.

Бухоролик фермерлар бу ҳақда Озодликка шикоят қилиб, шартнома муддатидан ўтиб кетган бўлса ҳам, корхона буғдой пулини тушириб бермаётганидан арз қилган эди.

Жондор туманидаги “Ражабов Улуғбек” фермер хўжалиги раҳбари, 68 яшар Тўхтагул Содиқованинг айтишича, унинг ҳисобига буғдой пули келиб тушган:

“Худога шукр, пул тушди. Кеча “химия”га, соляркага ташладим. Мақола чиққандан кейин униси келиб, буниси келиб, фермерлардан хабар олиб, қимирлаб қолишди. Мен ҳам уларга айтдим, етмиш ёшга кириб сизларнинг эътиборсизликларинг учун гапириш мен учун ҳам ноқулай, албатта, лекин бошқа чорамиз қолмаган эди. Сизларга ўн марта борсак ҳам тушириб бермадинглар. Менинг ширин сувим йўқ, закандан сув тортиб, деҳқончилик қиламан, одамга алам қилади-да, меҳнатни қилиб айтган буғдойини бозордан икки баравар арзон нархда берсангу, ўшани пулини ҳам бермаса”.

Жондорлик яна бир фермернинг айтишича, пул тушгандан сўнг дала ишлари жонланиб кетган:

“Мана, пул ўтказиб солярка олдик. Ҳозир буғдой экиш вақтида. Мен ҳам эски буғдойзорини шудгор қилдим. Ўтган йиллар ўз вақтида буғдой пулини бераради, бу йил нега бундай бўлиб уч ойга чўзишди, ҳайронман”.

Жондор туманида 300дан ортиқ ғаллачилик билан шуғулланадиган фермер хўжалиги бор. Фермерлар июнь ойида буғдойни “Қоракўлдон” ОАЖга топшириб бўлган.

Шартномага биноан, “Қоракўлдон” фермерлардан ҳар бир килограмм буғдойни 1550 сўмдан сотиб олган. Бундан 15 фоизи қўшимча қиймат солиғига фермер ҳисобидан ушлаб қолинган. Фермерга эса бир килограмм буғдойдан 1317 сўм қолган.

Фермерларнинг айтишича, буғдой ўрими мавсумида бозорда бир кило буғдойнинг нархи 2500 сўм бўлган, айни пайтда эса 3500 сўм.

Айни пайтда, андижонлик фермерларнинг ёзишича, “Андижон дон маҳсулотлари” АЖ ҳам икки ойлик шартнома муддати тугаганига анча бўлганига қарамай буғдой пулини бермай келмоқда.

XS
SM
MD
LG