Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:33

OzodTa'sir-2019: Ҳокимлар танбеҳ олди, ИИБ бошлиғи ишдан кетди, МИБ бошлиғи узр сўради


Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев (чапда) ва Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев (чапда) ва Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

2019 йил давомида Озодликда нашр этилган юздан ортиқ хабар ва мақолаларда келтирилган фактлар жойлардаги маҳаллий идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўрганиб чиқилди ва қонунбузарлик ҳолатларига баҳо берилди.

Ходимларини ҳақорат қилган ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, МИБ бошлиқлари ва бошқа амалдорлар ўз ходимларидан, аҳолидан, президентдан кечирим сўради.

“Sizdan Telegram” лойиҳасида нашр этилган ўнлаб хабарларда тилга олинган муаммолар эса, одатда бир кундаёқ ҳал этилди.

OzodTa’sir рукнидаги қуйидаги мақолада резонанси кучли бўлган баъзи мақолалар ва уларга расмийларнинг муносабати қандай бўлганини эслаб ўтамиз.

Ҳокимлар жазо олди, лекин таҳдид давом этмоқда

Аввало, Ўзбекистондаги баъзи вилоят ва туман ҳокимлари билан воқеаларга тўхталамиз. Озодликка юборилган аудиоларда вилоят ва туман ҳокимларининг қўл остидаги ходимларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани, шахсини таҳқирлагани, ҳатто блогерларнинг “жанозасини ўқиш” билан таҳдид қилгани ҳақида гап борди.

Шуҳрат Ғаниев
Шуҳрат Ғаниев

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев рўмол ўраган аёлларга “рўмолини оғзингга тиқаман” деган таҳдиди учун Сенатда кечирим сўраган, Сенат ҳокимга ўзини ўнглаши учун уч ой муддат берган бўлса ҳам, лекин Шуҳрат Ғаниев 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергайди.

Ҳокимнинг уч ойлик тарбияланиш муддати тугамай туриб, яна тилига эрк бергани ва блогерни ўлдириш билан таҳдид қилганини бу сафар Бош прокуратура эътиборсиз қолдирмади.

Бош прокуратура Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 14 декабрь куни Фарғона вилоят ҳокими Ш.Ғаниевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётгани ҳақида хабар берди.

Шуҳрат Абдураҳмонов
Шуҳрат Абдураҳмонов

Озодлик Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов июнь ойида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновни вазирликка шикоят қилгани учун умумий мажлисда “ифлос, ҳайвон, шакал, ҳезалак, карранда, маймун” деб ҳақорат қилгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатга муносабат билдирди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий буюмлар сотиб олиниши учун ажратилган бюджет маблағлари тиббий сертификати бўлмаган шприц ва қўлқоп сотиб олишга мажбуран йўналтирилган.

Президент эса Андижон вилоят ҳокимига фақат танбеҳ берди: “Сени ҳурмат қиламан. Лекин интернетдаги гаплар дилимни оғритди. Оғир-босиқ бўл. Садоқат бошқа, амал бошқа”,деган сўзларидан Кун.уз. иқтибос келтирган.

Вилоят ҳокимларининг сўконғичлик эстафетасини 2019 йилда туман ҳокимлари ҳам давом эттирди.

“Думбул можароси” билан танилган Қашқадарё вилоят, Миришикор туман ҳокими Равшан Комилов фермерларни пахтани культивация қилмагани, дориламагани ва суғормагани учун таҳқирлайди, уради, сўкади.

Миришкор тумани собиқ ҳокими Равшан Комилов
Миришкор тумани собиқ ҳокими Равшан Комилов

Озодлик ҳокимнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги акс этган аудиони нашр этгач, Равшан Комилов бу хатти-ҳаракатларини вилоят прокуратураси текширди ва ҳоким ишдан олинди.

Қашқадарё вилоят Яккабоғ ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев¸ бульдозерчи буйруғини бажармаганидан сўнг, ўзи бульдозерга чиқиб, уни ишлаб турган дўкон устига ҳайдаган, дўкон эгаси эса унинг устига бензин сепиб ёқиб юборган эди.

Мансур Туймаев
Мансур Туймаев

Озодликнинг бу ҳақдаги мақоласи эълон қилингач, прокуратура текширув бошлади ва ноқонуний иш тутган ҳоким ўринбосари ишдан олинди.

Тергов давомида Яккабоғ тумани хокимининг ўринбосари М.Туймаевнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, унга нисбатан ЖКнинг 192[1]-моддаси 3-қисми “а” банди ва 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги “тилхат” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Сўконғич МИБ бошлиқлари ҳам узр сўради

Ўз ходимларини “ҳайвон, сука, б...д, ж...б, ифлос, п...з, к...т, чмо, қ...қ каби шахсни таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилган Самарқанд, вилоят, Пайариқ тумани Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Зафар Қосимов Озодлик мақоласидан сўнг узр сўради.

МИБнинг Самарқанд вилоят бошқармаси хабарида айтилишича, айни пайтда Зафар Қосимовнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ҳаракатлари олиб борилмоқда ва текширув натижалари қўшимча маълум қилинади.

МИБ бошлиғи деб ишонилаётган амалдорнинг ўз ходимларини ҳақоратлаётгани яширин камерага тушди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00

Бундан аввал эса Наманган вилояти Уйчи тумани Мажбурий ижро бюросининг бошлиғи Шерали Мамаризаев қўл остидаги ходимларининг онасини ёппасига ҳақорат қилгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг бошлиқ ишдан бўшатилган эди.

Фермерларни таҳқирлаган ИИБ бошлиғи ишдан ҳайдалди

19 июль куни Озодлик Касби туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаровнинг буйруғи билан фермерларнинг қўлига кишан солиниб, автобусга икки соат қамаб қўйилгани ҳақида хабар берган ва бу зўравонлик акс этган видеони ҳам тақдим этган эди.

Қашқадарёда ИИБ бошлиғи жазирамада фермерларни икки соат автобусга қамаб жазолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кўчаровнинг фермерларга нисбатан ҳаракати юзасидан қўшимча маълумот” эълон қилди.

Қашқадарë вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра¸ Касби тумани ИИБ бошлиғи подполковник Ч.Кўчаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари ишдан олинди

24 октябрь куни Тошкент вилоят, Янгийўл туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими катта инспектори Усмон Замонов ҳам лавозимидан четлатилди.

Таксичиларни "сўккан замначальник” аудиодаги овоз уники эмаслигини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Замоновнинг ишдан олинишига 22 октябрь куни Озодлик ёзган мақола ҳам сабаб бўлди. Озодликка юборилган аудиода ўзини “ГАИ замначальниги Усмон” деб таништираётган шахс “Янгийўлликлар” Телеграм каналида ҳайдовчиларнинг бир-бирини ЙҲХҲ инспекторлари қаерда турганлиги ҳақида огоҳлантиргани учун уятли сўзлар билан сўккан.

Озодлик саволларига жавоб берган Усмон Замонов Телеграм каналида тарқатилган овоз уники эмаслигини иддао қилганди.

Судья ҳам жавобгарликка тортилди

Озодлик радиоси Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси жорий йил февраль ойида қўл остида ишловчи 31 ёшли ходими Дилшод Норовни кўпчиликнинг кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилагани тўғрисида хабар берган эди.

Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошевга нисбатан жиноят иши очиб, тергов ҳаракатлари олиб борди.

Бу ҳақда 23 май куни Олий суд расмий билдирувида айтилишича, Олий суд Пленумининг 20 май куни бўлиб ўтган мажлисида Навоий вилоят маъмурий суди раиси Отабек Тошевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисидаги тақдимнома маъқулланган.

Фермерлар фаолияти йил давомида Озодлик нигоҳида бўлди

Ўзбекистонлик фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари маҳаллий ҳокимлар томонидан топталгани ҳақида Озодлик йил давомида мунтазам хабар бериб келди.

Чириган уруғлик картошка
Чириган уруғлик картошка


Андижон вилоятидаги 31 нафар фермер 5 апрель куни ўтган йили уруғлик картошка олиш учун “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибидаги “Gold Atlas Global” МЧЖга ўтказган жами 685 миллион сўм пулини қайтариб ололмаётгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг, бир ҳафта ичида фермерлар ҳисоб рақамига пул ўтказиб берилди.

Озодлик мақоласидан сўнг Фарғона вилояти, Данғара туманидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалигига туман ҳокими қарори билан 32,5 гектар ер ажратиб берилди.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги


Озодлик фермернинг 37,5 гектар ери асоссиз равишда олиб қўйилиб, бошқа фермерга қўшиб берилгани ҳақида 2 апрель куни хабар берган эди.

Озодликка жавоб бермаган мулозимга жазо берилди

23 май куни Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати 22 май куни Озодликда чоп этилган “Қашқадарёлик тадбиркорлар Жиззахдаги ободончилик ишларига пул ўтказишга мажбурланаяпти” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Унга кўра, “Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Аслиддин Рустамовдан “Озодлик” радиоси мухбири қўнғироқ қилганда нима учун жавоб беришдан бош тортганлиги сўралганда, айнан ўша вақтда у тоғли ҳудудда ўтказилаётган тадбирда иштирок этаётгани ва алоқа сифати яхши бўлмаганлиги учун жавоб бера олмагани сабаб қилиб кўрсатилди.

Аммо шунга қарамасдан, инспекция раҳбари Аслиддин Рустамов оммавий ахборот воситаларининг мурожаатига тезкорлик билан муносабат билдирмаганлиги боис, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан унга нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Кўзбўямачиликка жавоб

Озодлик йил давомида президент борадиган ҳудудларда ободонлаштириш ишлари кўзбўямачилик учун қилинаётгани ҳақида мақолалар ёзиб борди.

Олмалиқ марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалари
Олмалиқ марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалари


Жумладан, Президент Шавкат Мирзиëевнинг Бўкага қилган 1 июнь кунги ташрифи арафасида Олмалиқ шаҳридаги Марказий кўптармоқли поликлиникадан 25 май куни Бўка туманидаги Бўстон қишлоқ врачлик пунктига "ижара"га олиб кетилган мебеллар Озодлик мақоласидан сўнг поликлиникага қайтарилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган врачларнинг айтишларича, 18 июнь куни мақола эълон қилинганидан сўнг, ўша тун соат 2 да иккита юк машинасида мебеллар Бўкадан олиб келинган.

Шунингдек, Озодликнинг Sizdan Telegram лойиҳасида чоп этилган ўнлаб мақолаларда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар танқид қилинган, маҳаллий расмийлар эса бу муаммоларни ҳал қилганлиги ҳақида хабар берган.

XS
SM
MD
LG