Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:14

Тошкент: Тунги клуб ёнидаги пичоқбозликда икки киши ҳалок бўлди


Ўзбекистонда муштлашувлар пичоқбозлик билан якунланиши кузатилади.
Ўзбекистонда муштлашувлар пичоқбозлик билан якунланиши кузатилади.

Тошкент шаҳри Амир Темур кўчасидаги тунги клуб ёнида пичоқбозликка айланиб кетган муштлашув оқибатида тўрт киши жароҳатланди. Жароҳатланганлардан икки нафари вафот этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Бошқарманинг билдиришича, муштлашув 20 сентябрь куни эрталаб соат 6.00 атрофида содир этилган. Ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб келганида пичоқ билан яраланган тўрт нафар йигитдан бири – 18 ёшли Али Г. воқеа жойида ҳалок бўлгани аниқланди.

Пичоқланган уч киши касалхонага етказилган. 23 ёшли Данил С., касалхонада вафот этган. 21 ёшли Азиз А., ва 28 ёшли Азизбек Т.,лар айни вақтда касалхонада даволанмоқда.

«Маълум бўлишича, келишмовчилик икки гуруҳ йигитлар орасида келиб чиққан. 8 кишидан иборат бўлган биринчи гуруҳ орасида икки нафар қизлар ҳам бўлган ва уларнинг ҳаммаси Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клуб ёнида бўлишган. 5 кишилик иккинчи гуруҳ ҳам ўша атрофда бўлганлар. Қизлардан бирининг ўз гуруҳидаги йигитга айтган гапи бошқа гуруҳдаги йигитга худди унга айтилгандек туюлган. Шу сабабли орада келиб чиққан можаро муштлашувга айланиб кетган. Муштлашув давомида иккинчи гуруҳ иштирокчиси 23 ёшли Санжарбек Х. пичоқ чиқариб тартибсиз равишда зарба беришни бошлаган. Натижада тўрт нафар йигитлар жабрланиб, улардан иккитаси ҳаётдан кўз юмган»,- дейилади расмий хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан муштлашувда иштирок этган 23 ёшли Санжарбек Х., 18 ёшли Сардор К., 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х., ва яна бир неча киши ушланган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 моддаси 2 қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Гумонланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган 23 ёшли Санжарбек Х. ҳозирда қўлга олинган.

Айни вақтда келишмовчиликнинг яна икки нафар иштирокчиси бўлмиш 18 ёшли Сардор К. ва 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми (“Безорилик”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Мазкур шахслар ҳам қўлга олинганлар.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида 2020 йилнинг 5 июнь куни ҳам оммавий пичоқбозлик содир этилган ва тўрт киши жароҳатланган эди. Жароҳат олганлардан икки нафари касалхонага олиб келинганидан сўнг вафот этганди.

2019 йилнинг 5 август куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманида мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал пичоқбозлик билан якунланган ва икки ўқувчи жароҳатланиб касалхонага ётқизилган.

2018 йилнинг 26 ноябрида "Осиё айиғи" лақаби билан танилган аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраев пичоқланиб, касалхонага ётқизилган.

Юнусобод туманидаги "Аурум 898" клубида 2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси пичоқбозлик оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлган эди.

Озодлик жорий йил январида Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бозорларда тиғли асбоблар савдоси назоратини кучайтиришга қаратилган рейдлар ўтказилаётгани ҳақида билдирган.

Ички ишлар вазирлигининг Озодлик гаплашган расмийлари мамлакатда пичоқ билан қилинган ҳужумлар сони ортиши ортидан тиғли асбоблар савдоси назорати кучайтирилганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG