Ўзбекистон давлат матбуоти Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида қилган нутқини “тарихий воқеа” деб ёзмоқда.
“Тарихийлик”, расмий матбуотга кўра, нутқда кўтарилган мавзулардан ҳам аввал унинг биринчи марта ўзбек тилида ирод қилинганидадир.
Коронавирус пандемияси боис илк бор видеоконференция форматида ўтган БМТ сессиясидаги нутқ Ўзбекистоннинг қатор давлат ва нодавлат телеканаллари, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Facebook саҳифаси ҳамда YouTube каналида жонли трансляция қилинди.
Давлат хабар агентлиги – ЎзА хорижлик экспертлар, жумладан, АҚШдаги Мичиган университети профессори Темур Хўжанинг фикрларига ўрин берди.
Нутқдан бир неча соат ўтиб, ЎзАда чоп этилган мақолада Темур Хўжа Мирзиёевнинг БМТ минбаридан янграган ўзбек тилидаги нутқи “бутун ўзбек улуси учун қутлуғ совға экани”ни ёзади.
Шунингдек, нутқ боис биринчи марта давлат хабар агентлиги афғонистонлик ўзбек генерали, маршал Абдул Рашид Дўстумга ҳам минбар берган.
Унда Дўстум Мирзиёевнинг ўзбек тилидаги нутқи “Афғонистондаги ўзбекларни чин маънода ғурурлантиргани”ни айтади.
Ўтмишда расмий Тошкент Дўстумнинг Ўзбекистон билан ришталарини рад этиб келган, марҳум президент Ислом Каримов 1998 йилда Абдулрашид Дўстумни “ўзбек генерали” деб аташга қаршилигини айтган эди.
Президент Мирзиёевнинг 23 сентябрь куни ўзбек тилида нутқ сўзлаши унинг матбуот хизмати томонидан бир кун олдин анонс қилинди.
Президентнинг собиқ матбуот котиби ва Масс-медиа Фонди раҳбари Комил Алламжонов Телеграм каналида “ўз орзуси рўёбга чиққани” ҳақида ёзди.
“Шу кунлар ҳам келди. Бошқа давлатлар (раҳбарлари-таҳр.) ўз она тилида нутқ сўзлаганида ҳавас қилар эдим. Етказганига шукур!”, деб ёзди Алламжонов.
Тил дипломатияси
Бирлашган Миллатларнинг 6 та расмий тили бўлиб, БМТ анжуманида бу тиллардан биридаги нутқ синхрон тарзда бошқа 5 тилга ўгирилади.
Булар – араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилларидир.
БМТ протоколига биноан, делегатлар бошқа тилларда сўзлашлари мумкин, аммо бунинг учун нутқнинг расмий тиллардан биридаги таржимасини олдиндан тақдим этишлари талаб қилинади.
2015 йил 28 сентябрида БМТнинг 70 – сессиясида Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тилида нутқ сўзлаганди.
Аммо залда синхрон таржима янграмаган ва анжуман раиси таржима йўқлигини айтиб, нутқни бўлишга мажбур бўлган.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, таржимон топилганидан сўнг Қозоғистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига она тилида мурожаат қилган.
Кейинроқ у журналистларга қозоқ тилида нутқ сўзлаш билан “яхши мужда” берганини айтганди.
Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни қилган нутқида пандемия даврида давлатларнинг “ихтиёрий мажбуриятлари” тўғрисидаги халқаро кодекс ишлаб чиқишни таклиф қилди.
У шунингдек, Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилгани ва мамлакатдаги демократик жараёнлар “ортга қайтмайдиган тус олгани”ни таъкидлади.
Постсовет ҳудуди раҳбарлари халқаро анжуманларда асосан, рус тилида нутқ сўзлашади.
Кўпгина собиқ совет давлатларида рус тили давлат ёки расмий тил мақомига эга.
Шу йилнинг 14 майида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг “расмий кундалик ҳаётда рус тилини сақлаб қолиш аксар ўзбекистонликларнинг манфаатига тўғри келиши” ҳақидаги баёноти айрим ўзбек депутатлари томонидан “Ўзбекистоннинг ички ишига аралашиш” дея талқин қилинган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бир неча кунлик сукутдан сўнг ўзбек тилининг мақомини эслатган, аммо Захарова номини тилга олмаган.
Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистоннинг Россия билан яқинлашуви ҳамда совет давридаги айрим рамзларнинг қайтарилгани кузатилади.
Хўш, Шавкат Мирзиёевнинг БМТ виртуал минбаридан ўз она тилида нутқ сўзлаши ҳақиқатан ҳам “тарихий воқеа”ми? Ўзбекистон раҳбари ўзбеклар ва дунёга қандай мужда бермоқчи бўлди?
Ўтган ой охирида қамоқдан озод этилган навоийшунос олим ва блогер Акром Малик Мирзиёевнинг БМТ сессиясида қилган нутқи тарихий воқеа, деган баҳоларга қўшилади.
“Охирги 30 йилда тилимизга эътибор камайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Гарчанд мустақилмиз, тилимиз ҳимоя остида – давлат тили, деб кўксимизга урганимиз билан юқори доирадаги мажлисларда ёки муҳим ҳужжатларда, ҳаттоки, қонунчилик лойиҳаларида ҳам рус тили устуворлик қилгани кўпчиликка маълум”, - дейди Акром Малик.
Унинг сўзларига кўра, “Каримов рус тилида фикрларди, Мирзиёев ўзбекча”.
Навоийшунос олимнинг айтишича, Мирзиёевнинг БМТдаги нутқи ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини тиклаш йўлида қўйилган илк қадам, аммо ўзбек тилининг барча муаммоларини ҳал қилмайди.