Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон уч кундан бери жанг қилмоқда


Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тўқнашувлар уч кундан бери тинчимаяпти. Халқаро ҳамжамият Боку ва Ереванни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чорламоқда.

29 сентябрь куни тўқнашувларда ўнлаб одам нобуд бўлгани хабар қилинди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон армияси Озарбайжоннинг Дашкесан туманига ракета отганини билдирди. Ереван эса бу иддаони кескин рад этди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эълон қилган баённомада «28 сентябрдан 29 сентябрга ўтар кечаси бутун фронт чизиғи бўйлаб шиддатли тўқнашувлар давом этди», дейилади.

Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам тўқнашувлар давом этаётганини билдирди.

29 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши навбатдан ташқари йиғин ўтказиб, Тоғли Қорабоғдаги жангларни муҳокама қилади.

Германия канцлери матбуот котиби Штеффен Зайберт Ангела Меркель Озарбайжон ва Арманистон етакчилари билан суҳбатлашиб, уларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва «музокара столига қайтишга» чорлаганини билдирди.

Аввалроқ Британия ташқи ишлар котиби Доминик Рааб ва Канада ташқи ишлар вазири Франсуа-Филипп Шампань қўшма баёнот эълон қилиб, Тоғли Қорабоғдаги «йирик ҳарбий ҳаракатлар» юзасидан хавотир изҳор қилган эди.

«Аҳоли пунктларига ракета отилаётгани ва одамлар нобуд бўлаётгани ҳақидаги хабарлар бизни чуқур хавотирга солмоқда. Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, ўт очишни тўхтатиш шартномасига амал қилиш ҳамда оддий фуқароларни ҳимоя қилишга чорлаймиз», дейилади Британия ва Канада ташқи ишлар вазирлари билдирувида.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон етакчилари билан тўғридан-тўғри суҳбатлашиб, уларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чорлади.

Гутерриш, шунингдек, ҳар икки тарафни музокараларни қайта бошлаш ҳамда минтақага Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини киритишга чорлади.

Асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни сўнгги тўрт йил ичида содир бўлган энг йирик ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетди.

28 сентябрь куни кеч Тоғли Қорабоғдаги айирмачилар 26 нафар арман аскари нобуд бўлганини маълум қилишди. Бу билан тўқнашувларда ҳалок бўлган арманларнинг умумий сони 80 дан ошди.

Озарбайжон эса камида 9 нафар оддий фуқаро нобуд бўлганини, 30 га яқин одам жароҳат олганини билдирди. Арманистон бир неча Озарбайжон ҳарбийси йўқ қилинганини билдирди, аммо бу хабарларни Боку ҳали тасдиқлагани йўқ.

Кейинги йилларда Кавказда тўқнашувлар сони ошди. Июль ойида содир бўлган жанговар тўқнашувларда камида 17 нафар одам нобуд бўлган эди.

Бу сафарги тўқнашувларни ҳар икки тараф «уруш» деб атамоқда.

27 сентябрь куни Арманистон ва Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилинди. 28 сентябрь куни Озарбайжонда ҳам қисман сафарбарлик эълон қилди.

Ҳарбий тўқнашувларга ҳар икки тараф вертолёт, дрон, танк ва артиллерия жалб қилди.

Ереван Озарбайжоннинг яқин ҳамкори Туркияни Бокуга қурол-аслаҳа, жумладан, дронлар юборишда айблади. Озарбайжон эса бу иддаони рад этмоқда.

Россия ҳам тарафларни ўт очишни тўхтатишга чорлади. Москва ҳам Озарбайжонни, ҳам Арманистонни қурол-аслаҳа билан таъминлаб келади. Арманистонда Россия ҳарбий базаси бўлиб, Москва Ереванни стратегик ҳамкор ўлароқ кўради.

«Украина халқаро ҳаво йўллари» ширкати Озарбайжон ва Арманистон устидан учиш хавфли эканлигини айтиб, Ереванга рейсларини бекор қилди.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери айирмачи Тоғли Қорабоғ туфайли зиддият давом этиб келмоқда. Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлаб келади. Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат ҳозиргача тан олмаган.

XS
SM
MD
LG