Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:47

OzodTa'sir: МИБ ижрочилари олдида ўзини ёққан наманганлик аёлнинг ўлими юзасидан жиноят иши очилди


Гуландом Дедабаеванинг ўзини ёқишига ИИБ ва МИБ ходимлари қаршилик кўрсатмаган.
Гуландом Дедабаеванинг ўзини ёқишига ИИБ ва МИБ ходимлари қаршилик кўрсатмаган.

Озодликда эълон қилинганидан бир кун ўтиб, Наманган шаҳар прокуратураси МИБ ходимлари кўзи ўнгида ўзига ўт қўйган 35 яшар Гуландом Дедабаеванинг ўлими юзасидан жиноят иши очган.

29 сентябрь куни содир бўлган ҳодиса юзасидан дастлабки тергов жараёни бошлангани ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратураси Телеграм каналида хабар берди.

Расмий хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси(ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган.

Бош прокуратура хабарида шунингдек, жиноят иши бўйича судга оид тиббий, судга оид ёнғин техникавий ва бошқа зарурий экспертизалар тайинлангани маълум қилинади.

Хабарда айтилишича, МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси ва Наманган шаҳар ИИЎ ФМБ 2-сонли ИИБ ҲПГ ТП профилактика инспектори ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

"Томошабинлар жазога тортилсин!"

Озодлик 1 октябрь куни Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙда истиқомат қилган 35 яшар ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон Жиноят Кодекси 103-моддасининг 1-қисми:

“Моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлмаган шахсга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш, — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Марҳума Гуландом Дедабаева 29 сентябрь куни уни қонуний сотиб олган уйидан суднинг қарори билан мажбуран чиқаришга келган Наманган шаҳар МИБ ва ИИБ ходимларига бир ярим соат давомида норозилик билдирган, ўзига ўт ёқишидан 13 минут аввал устига бир баклажка бензинни қуйиб юборган ва МИБ ходими унга яқинлашган пайтда ўзига ўт қўйиб юборган эди.

Марҳума онаси 58 яшар Муҳаббат Дедабаеванинг иддао қилишича, МИБ ходими “барибир ёқолмайсан” деб, унга яқинлашган пайтда аччиқ устида қизи ўт ёндиргични кўкрагига олиб бориб, ёндириб юборган.

2 октябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган Муҳаббат Дедабаеванинг айтишича, фожиадан уч кун ўтган бўлса ҳам, на ҳокимлик, на МИБ, на ИИБ, на прокуратурадан “нега бундай бўлди” деб, ҳеч ким сўраб келмаган:

“Ҳеч ким келмади. Гулдай қизим ҳақиқат истаб ўлиб кетди. Биттаси ҳам хабар олмади, нима бўлди ўзи, деб сўрамади. Фақат бугун шаҳар прокуратурасидан кимдир телефон қилиб, кўрсатма бергани прокуратурага келиб кетмайсизми, деб сўради. Мен ўзим қандай аҳволдаю, қандай бораман, ўзларинг келиб сўрамайсизларми, дедим. Кеча сизлар хабар бергандан кейин бугун олтита Ўзбекистон телеканалларидан журналистлар келди. Ҳаммасига бор нарсани айтиб бердим, лекин улар менинг гапларимни чиқаришадими ёки йўқми, буни билмайман. Иккита етим билан ўзим қолдим. Бу масалани адолатли ҳал қилиб, қизимнинг ўзини ёқишигача олиб борган ва бунга томошабин бўлиб турган МИБ, ИИБ, маҳалла мулозимларини жавобгарликка тортишни талаб қиламан”.

Муҳаббат Дедабаева Озодликка жанжалли уй ҳақида яна иккита ҳужжат тақдим қилди.

Биринчи ҳужжат, унга уй сотган Фотима Насриддинова билан давлат нотариуси тасдиқлаган “Турар жой олди-сотди шартномаси”

Турар жой олди-сотди шартномаси
Турар жой олди-сотди шартномаси

Бу шартномада сотиладиган уйнинг кадастр рақами ҳам кўрсатилган.

Иккинчи ҳужжат Фотима Насриддиновага ана шу жанжал бўлаётган ерда уй қуришга, уни сотишга, унинг қариндоши Аҳмат Джураевдан берилган уч йиллик ишончнома.

Фотима Насриддиновага берилган ишончнома
Фотима Насриддиновага берилган ишончнома

Жиноят ишлари бўйича Наманган судида Аҳмат Джураев бу ишончномани нотариус унинг иштирокисиз тузгани ҳақида кўрсатма берган.

Фотима Насриддинова ана шу қалбаки ишончнома асосида уйни Муҳаббат Дедабаевага сотгани айтилади.

Муҳаббат Дедабаева сохта ишончнома тузган нотариусни ҳам жавобгарликка тортишни талаб қилади.

Озодлик воқеа ривожини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG