Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатларнинг БМТ Кенгашига сайланиши танқидларга сабаб бўлди


Хитой ва Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо этиб сайланиши Қўшма Штатлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин танқидларига сабаб бўлди.

Ўтган ҳафта ғарбдаги бир қатор инсон ҳуқуқлари гуруҳлари БМТга аъзо давлатларни Хитой, Россия, Саудия Арабистони, Куба , Покистон ва Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлишига тўсқинлик қилишга чақирганди.

Уларга кўра, инсон ҳуқуқларини поймол этиб келаётган ушбу давлатлар БМТ Кенгашида аъзоликка лойиқ эмас.

“Ушбу диктаторликларни инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ ҳакамлари этиб сайлаш худди ўт қўйганларнинг ўзидан ўт ўчирувчилар чиқаришга ўхшайди”, деб айтган UN Watch ташкилоти директори Хиллел Нойер.

3 йил муддатга сайланган 15 давлат орасида Франция, Буюк Британия ва Украина ҳам бор.

Саудия сайланмай қолди

Номзодлар жўғрофий гуруҳлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан сайланган.

Осиё-тинч океани гуруҳидан кўрсатилган Саудия Арабистони Кенгашга сайланиш учун етарли овоз ололмаган.

Ғарб давлатлари Хитойнинг Шинжон минтақасидаги мусулмон уйғурлар ва бошқа этник озчиликларга шафқатсиз муомаласи ҳамда Гонконгдаги демократик ҳаракатларни бостириш уринишларини қоралайди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, шунингдек, Россияни Сурияда Башар Асад ҳукуматини дастаклаётгани ва эҳтимолий уруш жиноятлари ҳамда Путин мухолифларини таъқиб қилаётгани учун танқид қиладилар.

2018 йилда АҚШ, ўзининг таъбирича, Исроилга қарши мавқейи ва дунёдаги инсон ҳуқуқларини энг кўп поймол қилаётган давлатларни сайлагани учун БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашидан чиққанини эълон қилган эди.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов Женевадаги БМТ Кенгашида энг кўп саволга тутилган ҳукумат расмийларидан - 2008 йил, 11 декабрь
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов Женевадаги БМТ Кенгашида энг кўп саволга тутилган ҳукумат расмийларидан - 2008 йил, 11 декабрь

АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео БМТ Бош Ассамблеясининг 13 октябрь кунги қарорини ҳам танқид қилган.

“Бугун БМТ Бош Ассамблеяси яна бир марта Хитой, Россия ва Куба сингари инсон ҳуқуқларининг аҳволи аянчли бўлган давлатларни сайлади. 2019 йилда Венесуэла сайланганди. Бу сайловлар яна бир марта Қўшма Штатларнинг Кенгашдан чиқиш ва универсал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа восита ва имкониятларидан истифода этиш қарори қарори тўғри бўлганини кўрсатади”, - деб айтган АҚШ Давлат Котиби.

Аммо у инсон ҳуқуқларини бузувчилар қаторида Ўзбекистонни тилга олмаган.

Шу йил июнида Помпео Ўзбекистонни "диний эркинликларни таъминлашдаги реал қадамлари" учун олқишлаганди.

"Ўзбекистонда диний эркинликлар билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўлида жиддий қадамлар қўйилди ва қўйилмоқда. Шу йил бошида мен бу мамлакатдаги диний раҳбарлар билан ажойиб учрашувлар ўтказдим", деб айтган Помпео.

“Тарихий”


Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши инсон ҳуқуқлари бузилишларига эътибор қаратади ва алоҳида давлатлардаги вазият ва муаммоларни мониторинг қилувчи махсус гуруҳларга эга.

Кенгаш шунингдек, аъзо давлатлардаги вазият юзасидан вақти-вақти билан ҳисоботларни тинглайди.

Янги давлатларнинг аъзолик муддати 2021 йилнинг 1 январидан бошланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шерзод Асадов мамлакат БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашига сайланган кунни “тарихий кун” деб атаган.

“Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш ва дунёда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшишга қарорли”, деб ёзди Асадов ўзининг Твиттер саҳифасида.

Ўтмишда Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашида энг кўп танқид қилинган давлатлардан бири бўлган.

БМТ экспертлари Ўзбекистон тергов ва жазо муассасаларидаги мунтазам қийноқ ва бошқа ноинсоний муомала, шунингдек, сиёсий мухолифлар ва диндорларга нисбатан таъқибларга эътибор қаратишган.

Ўтган йили 2 августида президент Мирзиёевнинг Қорақалпоғистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги қарори Европа Иттифоқи томонидан “эҳтиёткорлик билан” олқишланганди.

7-8 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик Битими доирасида ўтган навбатдаги йиғилишда инсон ҳуқуқлари, демократия, одил судлов ва ички ишлар идоралари фаолиятига доир масалалар кўрилган.

ЕИ Ўзбекистондаги ислоҳотлар доирасида маҳкумларни озод қилиш ва "Жаслиқ" қамоқхонасининг ёпилиши каби олдинга силжишларни қайд этгани ҳолда, қатор муаммолар, жумладан, жазо муассасаларида қийноқлар ва маҳкумларга бошқа шафқатсиз муомалаларнинг сақланиб қолаётганидан ташвиш изҳор қилган.

Иттифоқ, шунингдек, собиқ маҳкумларни реабилитация қилишнинг муҳимлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG