Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:14

Сўхликлар иши: Судланувчилар айблов хулосасидаги иқрорлик кўрсатмасидан қайтмоқда - яқинлари


Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида шу йилнинг май ойида Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда айбланган 22 киши устидан суднинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Судда иштирок этган сўхлик фаоллардан бирига кўра, 16 ноябрь кунги мажлисда 3 нафар айбланувчининг кўрсатмалари тингланган.

Озодликка келиб тушган айблов хулосасида қайд этилишича, 22 айбланувчидан 4 нафари айбловга иқрор бўлмаган, 3 нафари қисман иқрор бўлган, қолганлари эса тўлиқ иқрор бўлган.

Аммо судланувчиларнинг яқинлари ва кузатувчиларга кўра, мажлисда айбланаётган сўхликларнинг аксари айбларга иқрор бўлмаган, улардан баъзилари ҳибсга олиш чоғида "дубинка билан калтаклангани"ни айтган.

16 ноябрь кунги суд мажлисида қатнашган сўхлик фаолнинг, шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, маҳкамада айбланувчиларнинг 20 нафари айбларга иқрор эмаслиги, 2 нафари эса, қисман иқрорлигини билдирган.

Сўхт тумани ҳокимлигига яқин бу фаолнинг айтишича, судланувчиларнинг ҳибсда сақланаётган 9 нафари ҳамда Сўх туманида уй қамоғида сақланаётган 13 нафари суд залига келтирилган.

Бу шахслар 31 май куни Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасининг баҳсли қисмида жойлашган “Чашма” булоғи устидан қўшни давлат фуқаролари билан юз берган тўқнашувларда қатнашиш ҳамда уни уюштиришда айбланмоқда.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса, 4 минг атрофида одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Судланувчиларга Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича айблов эълон қилинган.

Ҳибсда сақланаётган 22 яшар Фирдавс Аҳроровнинг отаси –Муллоҳисен Аҳроровнинг Озодликка айтишича, иккинчи мажлисда 3 нафар судланувчи - Аҳмедов Махсум Бобохожиевич, Миршарипов Равшан Жумабоевич, Жўраев Назиржон Обидовичларнинг кўрсатмаси тингланган.

Аҳроров, улар айбловни тан олмаслигини билдиргани ва мажлис бошида сўралганида, унинг ўғли ҳам айбловни тан олмаганини айтди.

Айблов хулосасининг илк саҳифасидан фотосурат.
Айблов хулосасининг илк саҳифасидан фотосурат.

Аммо Озодликка тақдим қилинган айблов хулосасида 22 айбланувчидан 4 нафари айбловга иқрор бўлмагани, 3 нафари қисман иқрор бўлгани, қолганлари эса, тўлиқ тан олгани қайд этилган.

“Ўғлим дарров айтди – мен айбловни тан олмайман, деди. 22 боладан, 20 нафари айбловни умуман тан олмаймиз, дейишди. 2 нафар ёшроғи қисман тан оламиз, урушга (чегарадаги жанжал – таҳр.) борганмиз, лекин тош отмаганмиз, ҳеч кимни урмаганмиз, деб кўрсатма берди”, - деди М. Аҳроров.

М. Аҳроровга кўра, суднинг иккинчи мажлиси 11 яримларда бошланиб, кечки соат 5 га қадар давом этган.

Мажлис очиқ бўлган, унда судланувчиларнинг яқинлари, журналистлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

“Биринчи куни болалар ўзларини уришганини очиқ-очиқ айтишди. Фирдавс “Бошимга қора қоп кийдиришди. Нега кийдирдингиз, десам, бошимга дубинка билан уришди. Ўзимга келганимга кўп бўлмади, деб кўрсатма берди. Бошқа болалар ҳам шунақа гапларни гапиришганида, судья ҳаммасини очиқ сўради”, - деди Муллоҳисен Аҳроров.

Фарғона шаҳрида 9 ноябрь куни бошланган суднинг навбатдаги мажлиси 23 ноябрь куни соат 10:00 га белгиланган.

Жорий йилнинг 31 май куни чегаранинг баҳсли қисмидаги булоқ суви устида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг тортишуви оммавий тартибсизликларга айланиб кетганди.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

Воқеалардан 3 ой ўтиб, унга алоқадорликда айбланган ўнлаб сўхлик қўлга олинган, 6 нафарига айблов эълон қилинган. Аммо 9 ноябрь куни маҳкамада 22 нафар айбланувчи ҳозир бўлди.

13 нафар сўхлик сентябрь ойидан буён уй қамоғида сақланаётгани фақат маҳкама бошланганидан сўнггина жамоатчиликка аён бўлди.

Айбланувчилар орасида 2 нафари вояга етмаган, яна бир нечаси ўзбек тилини билмагани учун таржимон сўраган, бироқ таржимонсиз тергов қилингани ҳақида маълумотлар бор.

Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх тумани аҳолисининг асосий қисми тожик миллатига мансуб ва айрим сўхликлар Ўзбекистондан узилиб қолгани боис, ўзбек тилини яхши билмасликларини айтадилар.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманининг, Қирғизистон Боткен вилояти Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида жанжал чиқди.

Бунинг ортидан юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида, Ўзбекистон томонига кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Ўшанда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати раҳбарлари "Чашма" чегара пунктида учрашиб, зиддиятнинг эскалациясига йўл қўймаслик ва ўзаро тинч ҳал қилишга келишиб олганди.

Сўхда май ойида юз берган тўқнашувлар юзасидан биронта қирғиз фуқароси ҳибсга олингани ёки жиноят иши очилгани маълум эмас.

Майдони 352 километр квадратни ташкил қилган Сўх туманида 80 мингга яқин аҳоли яшайди. Расмий маълумотларга кўра, аҳолининг 99 фоизи тожик миллатига мансуб, 7 фоизи қирғиз, 1 фоизи ўзбек ва бошқа миллат вакилларидир.

XS
SM
MD
LG