Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:14

Қибрайда газ портлаб, ота ва ўғил ўлди. Яна икки ҳудудда 9 киши ис газидан заҳарланди


Наманган вилояти Чуст шаҳрида газ портлаши оқибатида вайронага айланган уй, ҳодисада 1 киши ўлган (2015 йил). Табиий газ ва электр тақчиллиги боис, бундай фожиалар куз-қиш мавсумида мамлакатда тез-тез кузатилади. (Иллюстратив сурат)
Наманган вилояти Чуст шаҳрида газ портлаши оқибатида вайронага айланган уй, ҳодисада 1 киши ўлган (2015 йил). Табиий газ ва электр тақчиллиги боис, бундай фожиалар куз-қиш мавсумида мамлакатда тез-тез кузатилади. (Иллюстратив сурат)

Сўнгги кунларда 9 кишининг ис газидан заҳарлангани, 2 кишининг газ-ҳаво аралашмасидаги чақнаш оқибатида юз берган портлашда ўлгани расман маълум қилинди.

Ўзбекистонда 18 ноябрь куни қор ёғди, шундан бери ҳаво ҳарорати кескин пастлаб кетди. Натижада, электр ва табиий газ танқислиги оқибатида яна ис газидан заҳарланиш ёки бу тақчиллик билан боғлиқ фожиалар сони кескин ортаётгани кузатилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, сўнгги бир ойда камида 10 одам ис газидан заҳарланиб ўлган, яна ўндан ортиқ одам заҳарланиб шифохонага тушган.

Монополияга қарши кураш қўмитаси энергетик тақчилликдан шикоятлар ортаётганини қайд этиб, аҳолига мурожаат қилиши учун ҳудудий бошқармалари телефон рақамларини эълон қилди.

Тошкент вилояти Қибрай туманида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юзага келган портлашда ота ва ўғил нобуд бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (ФВВ) хабар қилишича, портлаш соат 19:16 ларда Қибрай тумани, Гулистон-3 кўчаси, 15-уйда содир бўлган.

Оқибатда уйнинг бир қисми қулаб тушган, қолган қисми деворлари ва шифтига жиддий шикаст етган.

Қидирув-қутқарув ишлари вақтида уй вайроналари остидан уй эгаси Х.Н. оғир аҳволда олиб чиқилиб, Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига ётқизилган. Аммо, бемор вафот этган.

Шунингдек, қутқарувчилар вайроналар остидан уй эгасининг ўғли А.А. нинг жасадини топишган.

Айни пайтда, ФВВ хабарида бу фожиага хонадон ёнидан ўтган ер ости газ қувуридан табиий газ сизиб чиқиб, ертўлага тўпланиб қолгани сабаблиги тахмин қилинаётгани қайд этилган. Аммо, бу борада ҳозир қўшимча тафсилотлар берилмади.

Воқеа жойида вилоят ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч ва воситалари жалб этилиб, авария тиклаш ва суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилди.

Бош прокуратурага таяниб,маҳаллий нашрлар бераётган хабарга кўра, сўнгги кеча кундузда 9 киши ис газидан заҳарлангани ҳам расман маълум қилинган.

Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйда ижарада яшаётган 4 талаба қиз ҳамда Янгийўл тумани Қовунчи маҳалласида яшайдиган бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланган. Заҳарланганлар шифохонага ётқизилган, вафот этганлар ҳақида маълумот йўқ.

Бош прокуратура ҳар икки ҳолат бўйича терговга қадар текширув бошланганини маълум қилган.

Ўзбекистонда 18 ноябр куни қор ёғиб, ҳаво ҳарорати бирдан пасайиб кетди.

Бунинг ортидан, электр энергияси узилаётгани, айрим ҳудудларда табиий газнинг умуман берилмаётгани, бунинг оқибатида ис газидан заҳарланиб ўлаётган ўзбекистонликлар сони ортаётгани ҳақидаги хабарлар бирдан кўпая бошлади.

Сўнгги бир ой ичида Озодликка маълум бўлган ҳолатлар:

19 ноябрь куни Озодлик Наманган вилояти Чортоқ шаҳар, Мустақиллик кўчасида яшаган 25 яшар ногирон йигит Ҳикматилла Юсупов 18 ноябрь куни ис газидан вафот этгани ҳақида хабар қилган. Гувоҳларнинг айтишича, ҳодисага электр печкага тегиб қолган кўрпанинг ёниб кетиши сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ёш эр-хотин ис газидан вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Октябр ойи охирида Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Навбаҳор туманида икки нафар вояга етмаган ака-ука заҳарланиб ўлди.

6 ноябр куни Сирдарёнинг Боёвут туманида турмуш қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Ўзбекистонлик журналист ва блогерлар эса шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Халққа электр ва газ беринг!” хештегини бошлаб юбордилар.

Ўзбекистон энергетика вазирлиги расмий сайтида 10 ноябрь куни “Электр энергияси узилишларининг сабаблари нимада ва бу йўналишда қандай ишлар қилинмоқда?” деган саволга жавобда узилишлар ҳануз рўй бераётганини тан олган ва вазиятни бундай тушунтирилди:

“Ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига олиб келади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади”.

Шавкат Мирзиёев биринчи муддатга сайланган 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётган жорий йилда ҳукумат бу борада қўшимча чоралар кўриб-кўрмагани номаълум.

Ўтган ой «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда электр энергияси нархи оширилмаслигини маълум қилган.

Пандемия боис Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорти учдан бир қисмга камайган, аммо бу ички истеъмолчилар учун газ ҳажми ўз-ўзидан кўпайганини англатмайди.

XS
SM
MD
LG