Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:25

OzodTa’sir: Фермерлардан ноқонуний ундирилган пуллар қайтариб берилди


Жиззахлик фермерлардан 3 миллион сўм учун олинган чеклар қайтариб берилди.
Жиззахлик фермерлардан 3 миллион сўм учун олинган чеклар қайтариб берилди.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокимининг талаби билан фермерлардан “Обод маҳалла” дастури учун 3 миллион сўмга олинган банк чеклари фермерларга қайтариб берилди.

2 декабрь куни бу ҳақда хабар берган фермерларнинг айтишларича, 1 декабрь куни Озодликда нашр қилинган “Жиззахлик фермерлар “Обод маҳалла” дастури учун 3 миллион сўмдан пул ўтказишга мажбурланмоқда” сарлавҳали мақоласидан сўнг бу ноқонуний ҳаракатга чек қўйилган.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, туман ҳокими Улуғбек Узоқов улардан олинган чекларни зудлик билан эгаларига қайтариш ҳақида 1 декабрь куни кечқурун фармойиш берган:

Чек ҳали тўлдирилмаган экан, ўшандай пустой қайтариб беришди.

“Бугун эрталабдан бухгалтерлар группа-группа бўлиб олиб, уйма-уй юришиб, фермерлардан олинган чекларни қайтариб берди. Мен ўзим ҳам “шу номерли чекни қайтариб олдим”, деб тилхат ёзиб бердим. Чек ҳали тўлдирилмаган экан, ўшандай пустой қайтариб беришди. Бугундан тендер ҳам тўхтади. Фермерлар жуда хурсанд бўлди. Сизларга раҳмат!”.

1 декабрь куни Озодликка гапирган фермерлар ҳоким йўқ ердан тендер уюштириб, 3 миллион сўмдан “Обод маҳалла” учун банк чеки беришга мажбурлаганини, бермаганлар эса ери олиб қўйилиши билан таҳдид қилинганини айтган эди:

Ҳокимлик бизнинг ишимизга аралашмаслиги, пулимизга хўжайин бўлмаслиги керак.

“Ҳукумат томонидан ҳеч қандай оптималлаштириш тўғрисида қарор бўлмаган. Лекин шунга қарамасдан, ҳоким Улуғбек Узоқов фермерлардан пул ундиришнинг янги йўлини ўйлаб топди. Ҳаммамиз шартномани бажарганмиз, қолаверса, шартномамиз фақат кластер билан. Ҳокимлик бизнинг ишимизга аралашмаслиги, пулимизга хўжайин бўлмаслиги керак. Энди, сектор раҳбарлари, банк ходимларини йиғиб битта-битта фермерни чақириб 3 миллион сўмга чек бердингми, деб сўраяпти. Йўқ деса ўт бу ёққа, сен тендердан ўтмадинг, ерингни оламиз, деяпти. Ким чекни берган бўлса, унга бошқа савол бермай, сенга жавоб деяпти. Бунақа зўравонлик яна қаерда бор?”, деган эди фермерлардан бири.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида ҳокимларнинг фермерлар ишига аралашмаслигини айтган эди.

“Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, - деган Шавкат Мирзиёев.

Президент бу соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш билан бирга, ҳокимларнинг режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўйилишини айтган эди.

Аммо Озодликка келаётган хабарларга кўра, ҳокимларнинг фермерлар фаолиятига аралашиши, улардан режа талаб қилиш амалиёти ҳали ҳам давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG