Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:34

Қаршида 80 нафар автобус ҳайдовчиси иш ташлади (ВИДЕО)


Қарши шаҳар “Автотранспорт” давлат унитар корхонасининг 80 нафар автобус ҳайдовчиси 2 декабрь куни иш ташлади
Қарши шаҳар “Автотранспорт” давлат унитар корхонасининг 80 нафар автобус ҳайдовчиси 2 декабрь куни иш ташлади

Қашқадарё вилоят, Қарши шаҳар “Автотранспорт” давлат унитар корхонасининг 80 нафар автобус ҳайдовчиси 2 декабрь куни йўналишга чиқмай, иш ташлаш эълон қилди.

Ҳайдовчилар шу йўл билан бир йилдан маош олмаганликлари, кунлик тўлов режаси 120 минг сўмдан 400 минг сўмга оширилганига эътироз билдирди.

Воқеа жойига етиб келган Қашқадарё вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Номозов Озодликка ҳайдовчилар билан гаплашиб, уларга тушунтириш берганидан сўнг, одамлар тарқалганини айтди.

Қашқадарё вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Номозовнинг иш ташлаган ҳайдовчилар билан учрашуви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:09 0:00
Бевосита линк

Қарши шаҳар “Автотранспорт” давлат унитар корхонасининг 80 та автобуси 2 декабрь куни эрталабдан йўловчиларга хизмат қилмади.

Исми сир қолишини сўраган ҳайдовчилардан бирининг айтишича, кунлик тўлов режасининг 120 минг сўмдан бирданига 400 минг сўмга кўтарилиши уларнинг сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи бўлган:

Эрталабдан ҳеч ким ишга чиқмади, оммавий иш ташлаш қилдик.

“Ҳайдовчилар бир йилдан бери бир сўм ҳам ойлик ололмайди. Яқинда вилоят транспорт бошқармасига Нарзулла Номозов деган одам бошлиқ бўлди. Бу одам келиб кунлик планни 400 минг сўмга чиқаряпти. Бунча пул йиғадиган шароитимиз ҳам, бунга яраша йўловчимиз ҳам йўқ. Ҳайдовчига тушумнинг 10 фоизини ойлик қилиб бермаса, бунинг устига планни оширса, биз қандай қилиб тирикчилик қиламиз? Шунинг учун бугун эрталабдан ҳеч ким ишга чиқмади, оммавий иш ташлаш қилдик. Кейин Номозов келиб, янги одам эканлигини, корхонанинг қарздорлиги кўп эканлигини, қарздорликдан қутулиш учун шунақа чора кўрганини айтди. Лекин у ҳам аввал қўлқопдек алмашган раҳбарларнинг гапини гапириб кетди. Тушдан кейин уйга тарқалдик”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ҳайдовчининг айтишича, улар пахта мавсумида теримчиларни ташиган, аммо бу учун ҳам ҳақ тўланмаган:

“Август ойида корхонамизга Тошкентдан Даврон Сарапов деган йигит директор бўлиб келди. Пахтадан олдин 500 минг сўмдан берди. Тамом, шу билан икки ой одам ташидик, фермерлар пулларини корхонага ўтказиб берган, лекин бизга бир сўм ҳам иш ҳақи берилмади. Шартнома бўйича биз топширган пулнинг 10 фоизини иш ҳақи қилиб беришлари керак. Лекин шу 10 фоиз ҳам берилмаяпти”.

Ҳайдовчининг тан олишича, иш ҳақи берилмагани учун улар кассага кам пул топширишга мажбур бўляпти:

“Энди ўзингиз ўйланг, бизнинг ҳам бола-чақамиз бор, эртадан кечгача рулдамиз. Албатта кунига 40-50 минг сўм пул қоляпти бизга маршрутда. Энди эса булар планни кўтаряпти, шу ҳам қолмайди, ҳайдовчилар шундан норози. Аниқ бир тизим, аниқ бир иш услуби йўқ. Биз қанча пул топширганимиз ҳақида маълумот ололмаймиз. Битта ведомостга қўл қўямиз тамом. Ҳисобот бер десак, бермайди”.

Қашқадарё вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Номозовнинг иш ташлаган ҳайдовчилар билан учрашуви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00

Қашқадарё вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Номозов Озодлик билан суҳбатда “иш ташлаш” эмас, балки тушунмовчилик бўлган, деди:

- Мен бошқармага раҳбар бўлганимга уч кун бўлди. Булар банкдан 20 миллиард сўм қарз бўлиб қолган. Ҳайдовчилар эса автобусларни худди ўзининг шахсий мошинасидай қилиб, ҳайдаб юрган. Мен ўзим бориб улар билан гаплашдим, ҳаммасини тушунтирдим, улар тушуниб ишга чиқиб кетди. Кимдир уларга янги раҳбар планни 400 минг қўяди, деб айтган экан? Бу ёлғон. 80 иш ўрни бўлса, бирорта иш ўрни қилинмаган, ҳаммаси ноқонуний ишлаб юрибди.

Озодликнинг, агар ҳайдовчилар ноқонуний ишлаб юрган бўлса, уларга йўл хатини ким беради, ким йўналишга чиқаради?”, деган саволига Нарзулла Номозов:

- Нотўғри тизим бўлган. Пулни кассага топширяптими, банк пулни оляптими, 20 миллиард қарзи бўлса, банк буларга пул бермагандан кейин қандай ойлик беради? Ҳозир мошинлар баллонини алмаштирадиган вақти бўлган, эскириб боряпти. Бу кимнинг айби? Бешта раҳбар алмашган, ҳаммаси ҳам тўрт-беш ой ишлаб, ташлаб кетган. Бу корхонага раҳбар бўлсам, қамалиб кетаман деб, ҳеч ким корхонани бўйнига олмаяпти. Шофёрлар билан гаплашдим, тушунтирдим, ҳаммаси рози бўлиб кетди.

Нарзулла Намозовнинг айтишича, автобус ҳайдовчилари билан бўлган муаммо бир ой ичида тўлиқ ҳал этилади.

Ишчи-ходимларнинг уюшган ҳолда иш ташлаши Ўзбекистонда кам кузатиладиган ҳолат. Мавжуд қонунчиликка кўра бу каби норозилик акциялари жамоат тартибини бузиш дея малакаланади. Мамлакатда касб эгаларининг манфаатларини ҳимоя қиладиган мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмас.

Жорий йил 21 октябрида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Enter Engineering ширкатининг минглаб ишчилари стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

XS
SM
MD
LG