Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:36

"Мулозимни ҳимоя қиладиган қонун" - Маъмурий кодексга ўзгартириш матбуотни чеклаши мумкин


Иллюстрация
Иллюстрация

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси журналистлар ва блогерлар ўртасида матбуот эркинлигининг чекланиши билан боғлиқ хавотирларни пайдо қилди.

15 декабрь куни депутатлар маъқуллаган қону лойиҳасида “зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун” жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган.

Журналист Нозим Сафари Озодлик билан суҳбатда киритилган ўзгартишларни “мавҳум ва фақат зарур ҳолларда ишлайдиган қонун”, дея баҳолади. Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов эса бу ўзгартишларни “бирданига иккита қуëнни уриш учун мўлжалланган ичи темир, усти баҳмал ўқмоқ”, дея таърифлади.

Парламент матбуот хизмати хабарномасида “жамиятда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, интернет орқали кенг тарқалаётган, болалар, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатганлик, тарғиб қилганлик бўйича жавобгарлик” кучайтирилиши таъкидланган.

Шу билан бирга Жиноят кодексининг 139-модда 2-қисми (туҳмат) билан ОАВ ва интернет орқали тарқатилган туҳмат учун белгиланган жазо енгиллаштирилди.

Қонун лойиҳасида “шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик” назарда тутилган.

Мавҳум ва талқинларга очиқ қонун

Ҳуқуқшунос Маримбой Ражабовга кўра¸ “шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантирувчи” контент нима эканига қонун лойиҳасида аниқлама берилмаган. Бу эса, ҳуқуқшуноснинг айтишича, судларга “фақат танланган одамларни жазолаш” имконини беради:

“Бир қарашда жазо юмшагандай кўринади. Чунки қонун қабул қилинса, Жиноят кодексининг 139-модда 2-қисми (туҳмат) билан ОАВ ва интернет орқали тарқатилган туҳмат учун белгиланган жазо енгиллашади. Келажакда ушбу қонунбузарлик учун БҲМнинг 200 дан 400 бараваригача жарима ёки 300 дан 360 соатгача мажбурий жамоат ишларига ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиши мумкин. Ҳозирча ушбу моддага кўра, бир йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Аммо мухим ўзгариш бўлгани йўқ. Яна судья юқоридан телефон бўлса, журналистни бир йилга озодликдан маҳрум қилиши мумкин. Бу инструмент турибди ва янги қонун қабул қилинса ҳам тураверади.”

Журналист Нозим Сафари ҳам айни фикрни сал бошқача ифодалайди:

“Баҳсли қонун, меъёр ва механизмлари тушунарсиз. Била туриб тарқатиш дейилган. Уни билган ё билмаганини исботлаш қийин. Мавҳум жиҳатлари кўп. Фақат зарур ҳолларда ишлайдиган қонунга ўхшайди.”

Енгил жазо конвейери?

Ҳуқуқшунос Маримбой Ражабов журналист ва блогерларнинг енгил, аммо мунтазам жазоланиши учун “конвейер яратилди”, деган фикрда.

“АОКА хулоса беради, маъмурий судлар эса шу хулоса асосида қарорларни штамповка қилиб ташлайверади. Маҳаллий нашрлар бугун аҳолининг газ ва свет муаммосини нотўғри ëритгани борасида АОКАдан камида ҳафтада бир марта огоҳлантириш олмоқда. Қонун қабул қилингани ортидан бу қулоқсиз нашрлардаги журналистларни маъмурий суд жазолай бошлайди. Дейлик, сиз “газ йўқ” деб ëздингиз. МФЙ раиси эса судга газ бор, деб ëзиб беради. Сиз шу асосда ëлғон маълумот тарқатганликда айбланасиз”.

Мулозимни ҳимоя қиладиган қонун

Ўзбекистон қонунчилигига илк бор “фейк- ньюс” тарқатган жазолансин, деган тушунча киритилмоқда.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университетидан Алишер Илҳомовнинг ёзишича, қонун лойиҳаси “биринчи навбатда мулозимни ҳимоя қилишга” қаратилган.

“Бир қарашда прогресс каби туюлади. Ахир жазо юмшадику. Аммо бу унчалик оддий эмас. Мирзиëев ўзинининг реформатор имиджини сақламоқчи ва айни пайтда танқидни тўхтатмоқчи", дейди Илҳомов.

Унга кўра, "ОАВ ва ижтимоий тармоқдаги танқид тўлқини президентга малол кела бошлаган. "Ҳокимлар ва айниқса, Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевга ëғдирилган танқиднинг аслида ўзига қаратилган танқид эканлигини президент яхши тушуниб турибди. Бу муаммони хал қилиш учун қонунга ўзгартириш киритилди. Бирданига икки қуëнни уриш учун ичи темир, усти баҳмал тўқмоқ ўйлаб топишди. Бу ур тўқмоқ олдинги каби онда сонда эмас, балки тез- тез ишлай бошлаши мумкин".

Алишер Илҳомов қонун лойиҳасининг “хизмат вазифасини бажараëтган” мулозимни “ёлғон ахборот” билан “обрўсини тушириш” деган жиҳатига эътибор қаратади. Унинг фикрича, бу модда амалдорни танқид қилган журналистга бемалол қўлланади.

"Яна бир хавотирли жиҳатига эътибор қаратсам. Гап нафақат ОАВ ва босма нашрлар балки “интернет ресурслар” ҳақида ҳам кетмоқда. Дейлик, кимдир Фэйсбукда у ëки бу мулозим танқид қилинган мақолани репост қилса, унинг устидан ҳукм чиқариб, жаримага тортиш ëки кўча супуртириш мумкин. Ҳар қандай танқидни бу модда қуюшқонига сиғдирса бўлади. Бизнинг ҳакамлар прокурор айбномасини суд қарорига айлантириб ташлайверади. Пировардида, бу қонун мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ëмонлаштириши мумкин. Агар ҳар куни жазога тортилганлар сони ошишини инобатга олсак, кўчалар тоза бўлиши кафолатланади”,- дейди Алишер Илҳомов.

"Бетавфиқ" раҳбарни сўкиш ҳуқуқи ëки тарих такрори

1989 йили Горбачев эълон қилган "ошкоралик" сиëсати боис танқидлар кучайган эди. Бу танқидларни тизгинлаш мақсадида "амалдорни асоссиз танқид қилган" шахсни уч йил озодликдан маҳрум қилиш таклифи илгари сурилган ва ўша давр зиëлилари эътирозига сабаб бўлган эди. Таниқли шоир Эркин Воҳидов СССР жиноят кодексига киритиладиган бу моддага қарши шеър ëзган эди.

Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун,

Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин.

Унинг йўқ обрўйин тўкканим учун,

Тўлов берсам борим сотганим бўлсин.

Халқимга қадрингни бил десам агар,

Кураш, ҳақни ошкор қил десам агар,

Бу қутқу аталса давлатга зарар,

Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин.

Амалдор дер эса, тузум ‒ мен ўзим,

Фармон фармонимдир, сўз менинг сўзим,

Мен бундай тузумдан ўгириб юзим,

Тамом жиноятга ботганим бўлсин.

Ўчириб қўйилган баҳс

3 декабрь куни Тошкентда дипломатик корпус вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида ўтган анжуманда Ўзбекистон расмийлари сўз ва матбуот эркинлигини суиистеъмол қилишнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирган эди.

Анжуманда қатнашган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ўзбек расмийларини мустақил ОАВ вакилларини эркин ишлашига йўл бериш бўйича БМТ талабларини тўлиқ бажаришга чақирган эди.

Расмийларнинг баёноти АОКАнинг мамлакатдаги қатор нашрларга огоҳлантириш хати юбориши ортидан янграган. Ўтган ой охирида юборилган хатда Kun.uz ва бошқа қатор мустақил нашрлар аҳолининг газ ва свет муаммоси, шунингдек, коронавирус статистикасига расмийларникидан фарқли ёндашгани боис "жиддий оқибатлар"дан огоҳлантирилганди.

Мазкур огоҳлантириш Тошкентдаги қатор ғарб дипломатларининг танқид ва хавотирларига сабаб бўлди. Матбуот эркинлигига бағишланган анжуманнинг айнан мустақил журналист ва блогерлар билан очиқ муҳокамалар қисми ҳеч бир изоҳсиз эфирдан узиб қўйилди.

XS
SM
MD
LG