Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

"СССР қулаганига анча бўлди". Шимолий қозоғистонликлар рус сиёсатчиларининг баёноти ҳақида


Долматова қишлоғи яшовчиси Нина Ивановна - Шимолий Қозоғистон, 21 декабрь, 2020
Долматова қишлоғи яшовчиси Нина Ивановна - Шимолий Қозоғистон, 21 декабрь, 2020

Долматово Шимолий Қозоғистон вилоятидаги энг шимолий қишлоқ бўлиб, қишлоқ жойлашган ҳудуд ҳақида Россия сиёсатчилари айтган шарҳлар қозоғистонликлар эътирозига сабаб бўлди.

10 декабрь куни Россия Давлат Думасидаги Таълим ва фан қўмитаси раиси Вячеслав Никонов Россия давлат телевидениесига берган интервьюсида Қозоғистон «илгари мавжуд бўлмаганини» таъкидлади.

«Шимолий Қозоғистонда умуман аҳоли яшамаган. [Этник қозоқлар] мавжуд бўлган, аммо анча жанубда яшаган. Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг катта совғасидир», - деди Никонов.

Олти йил олдин Россия президенти Владимир Путин 1991 йилда Совет Иттифоқи қулашидан олдин «қозоқлар ҳеч қачон давлатга эга бўлмаган», деб айтган эди.

Хабарларга кўра, Никоновнинг бу шарҳидан кўп ўтмай, Россиянинг «Патриот» ҳаракати аъзоси Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси яқинида «Шимолий Қозоғистон – Россия ери» деган баннерни жойлаштирган.

Никонов чиқишидан кейин бир неча кун ўтгач, Думанинг яна бир аъзоси Евгений Фёдоров Қозоғистон «ўз ҳудудини Совет Иттифоқидан ижарага олган» дея таъкидлади.

Фёдоров ҳаттоки «Иттифоқ республикасининг СССР таркибидан чиқиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида»ги қонунни назарда тутган ҳолда, Россия депутатлари «1991 йилдаги ноқонуний қарорларни» бекор қилиш ҳамда «ҳудудни қайтариш» масалаларини кўтараётганларини айтди.

Ушбу изоҳлар Қозоғистонга жиддий эътирозга учради. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қозоғистонликлар «қўшничилик муносабатларини бузишга» уринаётган «баъзи хорижий фуқароларнинг провокацион ҳаракатларига қарши туришлари» кераклигини таъкидлади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Россия Федерациясининг муваққат вакили Александр Комаровни чақириб, унга норозилик нотаси топширди.
Кўплаб қозоғистонликлар бу шарҳлар ўз мамлакатларида сепаратизмни кучайтиришга қаратилганини айтиб, Россия расмийларидан узр сўрашни талаб қилдилар.

Россия чегарасидан атиги 4 км масофада жойлашган Долматово қишлоғи турғунлари рус депутатларнинг шарҳлари ва улар келтириб чиқарган эътирозлардан хабардор эканликларини айтишади.

Озодлик билан суҳбатлашган бир неча кекса қишлоқ турғуни Никонов ва Фёдоров позициясини қўллаб-қувватламасликларини айтишди.

«Бундай баёнотларни беришлари нотўғри. Совет Иттифоқи қулаганига анча бўлди, [ҳар бир мамлакатнинг] ҳудудлари белгиланган, аниқланган», - деди 84 ёшли собиқ мактаб директори Иван Коломейцев.

Коломейцев Қозоғистондан Россияга кўчиш нияти йўқлигини айтди. Ўзини Нина Ивановна деб таништирган яна бир қишлоқ турғуни ҳам айни фикрни изҳор қилди.

«Мен том маънода Россияни ўз ҳовлимдан кўриб тураман. Ҳов анави ерда», - деди у шимол томонга ишора қилиб. «Деярли бутун ҳаётимни шу ерда ўтказдим ва кетиш ниятим йўқ. Аслида, борадиган жойим йўқ», - деди у.

Аммо Шимолий Қозоғистон вилоятидаги баъзи шаҳарларда яшовчи этник руслар, айниқса, ёшлар Россияга кўчиб кетиш ҳақида ўйламоқда.

Озодликка интервью берган аҳоли вакиллари Шимолий Қозоғистонни тарк этиш қарори ортида Россияда яхшироқ яшаш орзуси тургани ва бундай қарорнинг сиёсат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтишди.

XS
SM
MD
LG