Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Косон ҳокимининг одам уриб ўлдирган машинасини унинг ўғли бошқаргани иддао қилинмоқда(ВИДЕО)


Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев
Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев

Қашқадарё вилоят, Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараевнинг “Каптива” хизмат машинаси 12 декабрь куни кечқурун косонлик 59 яшар Шерали Жумақуловни уриб юборганидан сўнг, у воқеа жойида вафот этган.

Марҳум яқинлари ва ҳодиса гувоҳларининг иддао қилишларича, машинани ҳокимнинг 19 яшар ўғли бошқарган, ёнида ҳокимнинг ўзи, салонда эса хотини билан қизи ҳам бўлган.

Асрол Бойқараев ва унинг оиласи ходиса жойини зудлик билан тарк этганидан сўнг, ҳокимнинг буйруғи билан рулда тамоман бошқа одам, ҳоким ўринбосарининг ҳайдовчиси Раҳим Жўраев бўлгани расмийлаштирилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан бирининг юқори мартабали мулозими бу йўл-транспорт ҳодисаси Косоннинг ўзида кўрилмай, вилоят ИИБга оширилгани ортида Ўзбекистон ИИВда ишлайдиган расмий турганини айтди.

Мулозимнинг сўзларига кўра, ҳоким ва унинг оиласини бу воқеага аралаштирмай, ишни тезроқ ёпиш ҳақида Ички ишлар вазирлигидан "оғзаки буйруқ бўлган".

Косон тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиев бу иддаоларни рад қилиб, автоҳалокатда ҳоким ва унинг оиласининг иштироки йўқлигини таъкидлади.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳодиса 12 декабрь куни кечқурун соат саккиздан ўтганда Косон тумани марказий касалхонаси яқинида содир бўлган. Туман ҳокими Асрол Бойқараевнинг қора рангли “Каптива” хизмат машинаси жуда катта тезликда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 60 яшар Шерали Жумақуловни уриб юборган.

Машина суратидаги ўнг қанотининг ўпирилиб, ичкарига ўйилиб кириб кетгани аксидан ҳам зарбнинг қанчалик қаттиқ бўлганини кўриш мумкин.

Озодлик ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган уч нафар косонлик билан гаплашди.

Ҳокимлик томонидан босим бўлишидан чўчиган гувоҳлар, агар холис текширув ва суд бўлса, гувоҳлик беришга тайёрликларини айтишди.

Марҳум Шерали Жумақуловнинг хотини ва синглисининг президентга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:02 0:00

"Машинадан икки аёл тушиб, қочиб кетди"

Биринчи гувоҳнинг айтишича, ўша куни у "ҳокимни, ҳайдовчини ва машинадан туша солиб қочган икки нафар аёлни ўз кўзи билан кўрган":

Мошин бориб шундай тўхтади-да, ичидан иккита аёл ва битта оқ сочли одам тушди ва аёллар Косон томонга қараб қочиб кетишди.

“12 декабрь куни кечқурун соат саккизларда хўжайин билан бироз жанжаллашиб қолиб, кўчага чиқиб, онамнинг уйи томон кетаётган эдим. Бизлар томонда Оброн болниса бор-да, ўша пешеходга яқинлашаётган эдим. Бирдан кучли қарс, деган овоз эшитилди. Бир бувача анча метрга учиб кетди. Мошин бориб, шундай тўхтади-да, ичидан иккита аёл ва битта оқ сочли одам тушди ва аёллар Косон томонга қараб қочиб кетишди. Оқ сочли одам ҳокимимиз эди. Мен ҳам қўрқиб кетдим-да, ўзим ҳам билмай орқага қоча бошладим. Бирпас маҳаллага кириб, ўзимга келдим-да, яна қайтиб ўша жойга бордим. Борсам одамлар уже тўпланган, милиса келган, одамларнинг телефонларини йиғиштириб оляпти. Кўнглим ёмон бўлиб қайтаётсам ўша мошинадан бир ёшгина бола тушиб, Қарши томонга қараб қочиб кетяпти, йўлда менга урилиб ҳам кетди. Чиройликкина бола экан”.

"Яқинроқ бориб қарасам, ҳоким бовонинг ўзи экан"

Воқеага гувоҳ бўлган иккинчи косонлик туман ҳокими Асрол Бойқараевни ўз кўзи билан кўрганини айтади:

200 метр нарида болниса бор, олиб борса бўлар эдику. Лекин иккови ҳам ётган одамга қарамай қочиб кетишди.

“Шанба эди. Мен ўша куни тўйдан пиёда келаётган эдим. Ҳокимнинг машинаси пешеходдан ўтаётган пиёдани шундай ҳам қарсиллатиб урдики, у одам учиб кетди. Қора куртка кийган, сочи оқ одам олд томондаги пассажир жойидан тушди ва мошинани олди орқасига қарай бошлади. Яқинроқ бориб қарасам, ҳоким бовонинг ўзи экан. Мени кўрди-да, йўлдан ўтаётган битта мошинани тўхтатиб, миниб кетди. Ҳайдовчи ҳам қочиб кетди, уни кўзим илғамай қолди. Энди, у ҳоким бўладими, оддий ҳайдовчи бўладими, бундай ҳолатда дарров тез ёрдам чақириши, уриб юборган одамига биринчи ёрдам кўрсатиши одамгарчилик бўларди. 200 метр нарида болниса бор, олиб борса бўлар эдику. Лекин иккови ҳам ётган одамга қарамай қочиб кетишди. Битта эмас, иккита жиноят қилишяпти, булар”.

"Шофёрлар ўрни қалбаки ҳужжат билан алмаштирилди"

Косон тумани ҳокимлигида ишлайдиган, хавфсизлик мақсадида исми сир қолишини сўраган учинчи гувоҳнинг айтишича, Асрол Бойқараев зудлик билан ҳокимлик биносига келиб, жиноят изларини қалбакилаштириш ҳаракатини бошлаган:

Йўқ, кейин аниқлашимизча, 19 яшар ўғли рулда бўлган экан.

“Мен ўша куни ҳокимликда компьютерда ишлаб ётган эдим. Бир пайт ҳоким ура солиб, гупиллаб кириб келди. Изидан ИИБ бошлиғи Улуғбек Отақулов, ГАИ бошлиғи Мусаев келди. Бирпасдан кейин ҳоким ўринбосари Султонмурод Донаев тушиб ходимларга ҳокимнинг ўзини шофёрини икки кун аввал бюллетенга чиққан қилинглар-да, икки кун олдиндан бошлаб Раҳимни шофёр қилиб расмийлаштиринглар, деди. Буйруқ бериб, шундай қилдиртирди. Биз кейин эрталаб ҳокимнинг ўзи рулда бўлган, деб эшитдик. Йўқ, кейин аниқлашимизча, 19 яшар ўғли рулда бўлган экан. Энди эса, ана шу қалбаки ҳужжатлар асосида Тошкентда ўқийдиган ўғлини асраб қолмоқчи. Бировнинг бўйнига қўйиб, қаматиб юборгунча, ўзи мен рулда эдим, деб тан олса, ўлган одамнинг оиласидан йиғлаб кечирим сўраса, балки кечиб юборарди. Йўқ, ҳокимлик номига доғ тушмасин, мансабимдан ажралиб қолмай дейди. Қанчалик пасткашликка бормайди, булар”.

"Олдимга сохта шофёрни олиб келишди"

Марҳум Шерали Жумақуловнинг хотини, 56 яшар Ноила Ваҳобованинг айтишича, уларга даъвосидан воз кечиши учун орага “катта” одамларни қўйишган, пул ҳам таклиф қилишган:

Кейин 35 кун деганда бир сохта шофёрни олдимга олиб келишди. У бошқа одам, менинг гувоҳларим айтган шофёр эмас.

“Куни-кеча хўжайинимнинг қирқини бериб, энди сал ўзимга келяпман. Ҳозир Тошкентга арз қилгани келдим. Адвокат ёллайман, эримни ким ўлдирганини аниқлаб беришсин. Воқеанинг гувоҳлари билан ўзим бир неча марта гаплашдим. Мошинада ҳоким ва унинг хотини, қизи ҳам бўлган экан. Ўғли рулда бўлган экан. Энди эса булар умуман бу мошинага ўтирмаган бошқа одамни қандай қилиб бўлса ҳам кўндириб, айбни бўйнига қўйишяпти. Орага қанча катта одамларни қўйишди, ўлган одам ўлиб кетди, энди болларингизни ўйланг, дейишяпти. Мен ўша шофёрни олдимга олиб келинглар, дедим. Кейин 35 кун деганда бир сохта шофёрни олдимга олиб келишди. У бошқа одам, менинг гувоҳларим айтган шофёр эмас. Бир депутатни орага қўйишди, шу бугун топдикда бу шофёрни деяпти. Хуллас, шунақа ўйин қилишяпти, бой бойга боқяпти, камбағал сойга оқяпти”.

Ноила Ваҳобованинг Озодликка юборган видеосида гўёки ўша куни машина рулида бўлган Раҳим Жўраевнинг уларнинг уйига келгани акс этган.

Шерали Жумақуловни машинада уриб юборганини бўйнига олган ҳайдовчи Раҳим Жўраев.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:47 0:00

Видеода Шерали Жумақуловнинг ўғли Рустам туман ҳокими ўринбосарининг ҳайдовчиси Раҳим Жўраевга "қасам ичинг" деяётгани акс этган:

“Майли рулда бўлганман деса, мошинни ичида ким бўлганини айтсин, агар ёлғон гапирсам, бола-чақам сизларга ўхшаб етим қолсин, десин, бўлди. Олдидаги одам ким бўлган, шуни айтсин”.

Рустам ҳайдовчидан қайта-қайта сўраса ҳам, у жим туриб, жавоб бермайди.

Косонда содир бўлган ушбу ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракати олиб борилмоқда. Қарийб қирқ кундан буён бу иш ҳали якунлангани йўқ.

Тергов ҳаракатларини Қашқадарё вилоят ИИБ терговчилари олиб бормоқда.

"Ҳамма иш сохта ҳужжатлар асосига қурилган!"

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг юқори мартабали мулозими матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабабли исми сир қолишини сўраб, интервью берди.

Терговга алоқадорлигини айтган мулозимнинг сўзларига кўра, ҳокимнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги таниши ҳужжатларни сохталаштириб, ишни ёпиш ҳақида оғзаки буйруқ берган:

Ҳаммаси сохта ҳужжат, марҳумнинг оила аъзоларига ҳам сохта ҳужжатлар кўрсатиляпти. Терговчилар ҳам шундай қилишга мажбур бўляпти, чунки юқоридан ИИВдан приказ бўлган.

“Ҳокимнинг хизмат автомашинаси бўлган, давлат рақами 70 027 АА “Каптива”. 12 декабрь куни кечқурун соат 8ларда пешеходни уриб, воқеа жойидан қочиб кетган. Рулда ҳокимнинг ўғли бўлган, ҳоким оиласи билан бўлган. Ҳозирги кунда, ўғлини яшириб, бошқа ҳайдовчи, ҳокимнинг замини ҳайдовчисини ўрнига қўйиб ўтиришибди. Бу борада жиноят иши очилмаган, регистрация ҳам бўлмаган. Косонда кўрилмай, вилоятга ўтказилган. Декабрда ҳам Косонда 3-4 та автоавария бўлган, ўлим ҳолати ҳам бўлган, лекин айнан бу ҳолат тинчгина ёпилиб кетади деб, вилоятга ўтказилган. Ҳаммаси сохта ҳужжат, марҳумнинг оила-аъзоларига ҳам сохта ҳужжатлар кўрсатиляпти. Терговчилар ҳам шундай қилишга мажбур бўляпти, чунки юқоридан ИИВдан приказ бўлган. Ҳокимнинг ўзи битта эрка ўғли бор экан. Ҳаммаси ўшанинг орқасини ёпиш учун қилиняпти”.

Пиёдани уриб юборганлик айбини бўйнига олган Раҳим Жўраев Озодликдан қўнғироқ бўлаётганини эшитганидан сўнг алоқани узиб қўйди.

Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараевнинг телефони ўчирилгани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

"Ҳоким оиласидан ҳеч ким машинада бўлмаган!"

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиев Озодликка марҳум яқинларининг иддаоларида асос йўқлигини айтди:

“Бу воқеада ҳокимнинг ўзи ҳам, қизи ҳам, ўғли ҳам бўлмаган. Ҳақиқатдан ҳокимнинг машинаси авария бўлган. Уни сентябрь ойидан бери ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳайдовчиси бошқариб келади. Чунки ҳокимнинг ҳайдовчиси отпускага чиқиб кетган. Ҳамма ҳужжатлари бор. Буни прокуратура ҳам текшириб, ўрганиб чиқди. Фуқаролар ўша куни уриб кетгандан кейин қочиб кетган, дейишяпти. Лекин қочгани ҳам йўқ. Ўша ерда бўлган, ҳамма ҳолат тўлиқ расмийлаштирилган. Тергов давом этяпти”.

Аммо Озодлик суҳбатлашган воқеа гувоҳлари Раҳим Жўраевни ўша куни фалокат содир бўлган жойда кўрмаганликларини айтишди.

Марҳум Шерали Жумақулов Косон тумани тез ёрдам касалхонасида ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Ундан икки ўғил ва уч қиз қолди.

XS
SM
MD
LG