23 январь куни Россиянинг ўнлаб шаҳарларида ҳибсда сақланаётган мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни озод қилиш талаби билан ўтган намойишларда 3 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.
ОВД-Инфо нашрига кўра, 24 январь куни Москва вақти билан соат 10.00 ҳолатига ҳибсга олинганлар сони 3296 кишига етган. Бу Россиянинг замонавий тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Жумладан, Москвада 1300, Петербургда эса 500 намойишчи ҳибсга олинган. Расмийлар ҳибсга олинганлар борасида расмий рақамларни келтирмаяпти.
Норозилик намойишлари Россиянинг 100 дан ортиқ шаҳарларида бўлиб ўтган. Уларда, турли маълумотларга кўра, жами 100 мингдан ортиқ одам қатнашган. Энг йирик намойишлар пойтахт Москва ҳамда Петербургда ўтган. Москвадаги намойишларда 20 мингдан 40 минггача одам иштирок этгани айтилмоқда.
Шанба куни Совуқ ҳаво ва полициянинг таҳдидларига қарамасдан, ўн минглаб одамлар рухсат этилмаган намойишларда қатнашиш учун кўчаларга чиқишди. Намойишчилар Алексей Навальнийни озод этишни талаб қилишган ва шунингдек, Путин бошқарувидан норозиликларини кескин кўринишларда ифода этганлар. Ўтган йил августида Новичок кимёвий моддаси билан заҳарланиши ортидан Германиядаги шифохонада муолажа олган Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келган пайт Шереметьево аэропортида ҳибсга олинганди.
Шанба кунги намойишлар Сибирь ва Россиянинг Узоқ Шарқидан бошланди. Хабаровск, Владивосток, Новосибирск а бошқа шаҳарларда, қаттиқ совуқ ва катта сондаги хавфсизлик кучларининг иштирокига қарамай, кўплаб намойишчилар кўчаларга чиқди.
Ҳозирнинг ўзида Россиянинг 13 та йирик шаҳарларида намойишлар бўлиб ўтган. Якутскда -50 градус совуққа қарамай, 300 киши норозилик акциясида қатнашгани хабар қилинади.
Хабарларга кўра, намойишлар 2017 йил мартида мухолифатнинг 90 дан ортиқ шаҳарда ўтган мувофиқлаштирилган норозилик чиқишларидан буён энг катта сиёсий акцияга айланган.
Москва ҳамда Санкт-Петербургдаги намойишлар бошланиши арафасида МБХ-Медиа интернет нашри Россия Узоқ Шарқи ва Сибирдаги намойишларда 15 минг киши қатнашгани ҳақида хабар қилди.
Озодлик/Озод Европа радиосининг Москвадаги мухбирларига кўра, Москванинг Пушкин майдонидаги намойишлардан аввал полиция хиёбонга тўпланаётган Навальний сафдошларини ҳибсга олган. Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная ҳам ҳибсга олинган.
Аввалроқ Навальнийнинг яқин сафдошларидан Любовь Соболь Пушкин хиёбони яқинида Навальний тарафдорларига хитоб қилаётган полиция томонидан ушлаб кетилганди.
Ҳибсга олинганлар орасида журналистлар ҳам бор.
Москванинг Трубная майдони ва Цветной булварида ҳибсга олишлар бошланди. Намойишчилар қор билан жавоб беришди.
Ставрополда юзга яқин одам ҳибсга олинди
Ставрополда Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган намойишларда 100 га яқин одам ҳибсга олинган. Бу ҳақда "Кавказ. Реалии" мухбири воқеа жойидан хабар берди. Ҳибсга олинганлар орасида журналистлар, жумладан "Ньюстраcкер" мухбири ҳам бор.
Ҳибсга олинганлар сони ортмоқда