Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:15

Пандемиядан синганлар: "Молимизни сотиб бўлса ҳам кредитдан қутулмоқчимиз"


Ўзбекистон Статистика қўмитасига кўра, пандемия давридаги чекловлар сабаб умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 20 мингга яқин корхона фаолиятини тўхтатган
Ўзбекистон Статистика қўмитасига кўра, пандемия давридаги чекловлар сабаб умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 20 мингга яқин корхона фаолиятини тўхтатган

Ўзбекистонда минглаб ҳусусий ширкат коронавирус пандемияси келтирган зарарлардан ҳануз оёққа туролмаяпти.

Озодликка келаётган мурожаатлардан карантин чекловлари даврида фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган ёки ишчилар ойлигини тўлолмай қолганлар орасида давлатга қарашли йирик корхоналар ҳам бор.

Бу эса кўплаб фуқароларнинг ишсиз, даромадсиз қолишига олиб келди.

Озодлик мухбири пандемия зарбасидан касодга учраганларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Хоразмнинг Хива шаҳридаги миллий анъаналар асосида қурилган "Зариф ота" ҳусусий меҳмонхонаси эгаси Сардор Маткаримов пандемия даврида зиёратчилар камайгани сабаб фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганини айтади.

"Хивага ўтган йил апрели, аниқроғи, март ойи ўрталаридан туристлар келиши тақа-тақ тўхтади. Нафақат чет элликлар, балки бошқа вилоятлардан ҳам келмай қўйди. Ўртада карантин бўлди. Энди ҳозир ҳамма ёқ очиляпти, лекин барибир турист йўқ. Бизнинг меҳмонхона эллик ўринли, йигирмадан ортиқ одам ишларди. Концертлар уюштирардик. Миллий таомлар, тандирда ёпилган нонлар билан келганларни сийлардик, ўз анъаналаримизни кўрсатардик. Ҳаммаси тўхтади. Ишчиларнинг ҳаммасига жавоб бериб, меҳмонхонани ёпдик. Чунки даромад ноль, ишчиларга ойлик бериш керак, пул йўқ. Бундан ташқари газ, свет, сувга тўлаш керак. Шунинг учун тўхтатдик. Қачон ҳаммаси изига тушиб кетса очармиз, лекин қачон яхши бўлади, биргина Худо билади", - дейди хивалик тадбиркор.

Маткаримовнинг айтишича, Хивадаги бошқа меҳмонхоналар ҳам қийин кунларни бошдан кечирмоқда.

"Кўпчилик меҳмонхоналар фақат ресторани ҳисобига кун кўряпти. Кунлик расходини чиқариб олса бўлди", - дейди тадбиркор.

Хиваликлар даромади асосан сайёҳликдан эканини айтишади.
Хиваликлар даромади асосан сайёҳликдан эканини айтишади.

Озодликнинг ижтимоий тармоқда "Пандемиянинг сизнинг бизнесингизга таъсири қандай бўлди?" деган мазмундаги сўровида қатнашганларнинг кўпчилиги пандемиядан энг кўп туризм билан боғлиқ бизнеслар зиён кўрганини айтишади.

"Туристлар келмаётганлиги сабабли туристик вилоятлар Бухоро, Самарқанд, Хивада кўпчилик ҳунармандларнинг иши тўхтаб қолган", - деб ёзди Бобур Ирисов исмли Фейсбук фойдаланувчиси.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳам мамлакатга туристлар оқими 2020 йилда қарийб 80 фоизга камайгани, бунга асосан коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар сабаб бўлганини маълум қилган.

Қўмитага кўра, ўтган йил Ўзбекистонга келган хорижликлар сони 1 миллион 501 минг 400 нафарни ташкил этган ва бу оқим асосан пандемиягача бўлган даврга тўғри келган.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар Ўзбекистонда нафақат туризм, балки умумий овқатланиш ва хизматлар секторига мансуб кўплаб кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ҳам касодга учратган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган умумий овқатланиш ширкатлари эгалари коронавирус пандемияси зараридан ҳануз оёққа туролмаётганликларини айтишади.

Айримлари банкдан олган кредит бўйича тўлов мажбуриятларини бажаролмай, қарзга ботган.

"Молимизни сотиб кредитдан қутулмоқчимиз"

Озодлик Қашқадарёнинг Миришкор туманидаги хусусий ошхона эгаси Умар Муҳаммедовдан пандемия унинг бизнесига қандай таъсир қилгани ҳақида сўради:

"8 ой бўлди ҳали ҳам ёпиқ. Ўтириб қолдик. Ишни қайта тиклолмай юрибман. Ресторан ишчилари асосан ўзим ва оилам. Шу ошхона рўзғоримизни тебратиб турувди. Қарзни тўлолмай қийин аҳволга тушиб қолдик", - дейди тадбиркор.

Умар Муҳаммедов икки йил аввал банкдан олган кредитини қайтара олмаяпти.

"Ҳозир кимки банкдан кредит олган бўлса, онасини Учқўрғондан кўряпти. Икки йил аввал оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастури бўйича Миллий банкдан кредит олганмиз. Кредит ойлик тўлови 4 миллион сўм. Бизнес режамиз бўйича ҳар ой тушган пулдан шу тўловни тўлаб боришимиз керак эди. Ўртада карантин бўлиб, ҳаммаси расво бўлди. Октябрдан 2 ой кечикдинг, деб энди банк судга бериб ётибди. Ҳозир молимизни сотиб бўлса ҳам шу кредитдан қутилиб олсак бўлди, у ёғи бир гап бўлар, - дейди қашқадарёлик тадбиркор.

Ўтган йил март ойида имзоланган президент фармони билан "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ жисмоний шахслар ва корхоналар учун бир қатор солиқ имтиёзлари берилган.

2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача кредит таътили ҳам берилган эди.

"Тўғри, карантин пайти кредит таътили берди, лекин фоиз миниб қарзимиз яна кўпайди. Карантин даврида йиғилган фоизлар, қарз тўловлари ва узайтирилган муддат учун яна фоизлар", - дейди хусусий ошхона эгаси Умар Муҳаммедов.

80 мингга яқин корхона фаолиятини тўхтатди

Ўзбекистон Статистика қўмитасига кўра, пандемия давридаги чекловлар сабаб умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 20 мингга яқин корхона фаолиятини тўхтатган.

Пандемия сабаб фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган, ишчиларни ўз ҳисобидан таътилга чиқараётганлар фақат хусусий сектор эмас. Айрим давлат корхона ва муассасалари ҳам қийин молиявий аҳволда қолган.

Тошкент вилоятидаги “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси ишчилари Озодликка олти ойдан буён ойликлари берилмаётгани, айрим ишчилар эса ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланаётгани ҳақида айтишган.

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг ўнлаб ишчиси ҳам ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланган.

"Ҳозир ҳамма норози. Юзлаб одам бессодержанияда ойликсиз ўтирибди. Оиласини боқишга пули йўқ.

Бессадержания бўлаверса камбағаллик кўпаяди. 1 ярим миллион ойлик оламиз. Зўрға кунимизни кўрамиз. Шу пул ҳам ҳозир йўқ", - Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг сув цехи мутахассиси Маҳмуд Эрамонов.

18 январь куни Озодлик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ Олтиариқ бўлимининг юзлаб ишчиси заводда қисқартириш бошланганидан норози ишчилар ҳар куни ишдан сўнг завод олдидаги йўлни тўсиб қўйиш билан норозилик билдира бошлагани ҳақда хабар берган эди.

Пандемия сизнинг бизнесингиз ёки оилангиз даромадига қандай таъсир қилди?

Ҳукумат кўраётган чоралар етарлими? Инқироздани чиқиш йўлларини нимада кўрасиз?

Бу ҳақда Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига ëзинг¸ сурат ва видео жўнатинг!

XS
SM
MD
LG